Биласизми?
Юнон файласуфи Диоген нега одамлар қашшоқларга бажонидил садақа беради-ю, файласуфларга ёрдам қўлини чўзмайди, дея баҳслашаётган икки кишини кўриб, уларга бундай дебди:
– Одамлар бир кунмас бир кун ногирон, пиёниста бўлиб ёки абгор аҳволга тушиб қолиши мумкинлигидан қўрқади, аммо ҳеч ким файласуфга айланаман деб ўйламайди.
* * *
Бир давлатманд Аристиппдан ўғлига таълим беришини илтимос қилибди. Файласуф хизмати эвазига катта ҳақ сўрабди.
– Намунча қиммат? – дебди бой норози бўлиб. – Бунча пулга эшак сотиб олишим мумкин.
– Сотиб олақолинг, – деб жавоб қилибди файласуф, – шунда эшагингиз иккита бўлади.
* * *
Бир юнон шоири шеърларини доим Августга кўрсатар, аммо император уни мукофотламас экан. Ови юрмаган шоир яна қораламаларини кўтариб келганда, императорнинг ўзи бир шеър ёзиб унга узатибди. Шоир шеърни дарров ўқибди-да, ҳукмдорни мақташга тушибди, сўнг чўнтагида бор пулини чиқариб унга берибди.
– Маъзур тутгайлар, ҳазратим, бундан ортиғига қурбим етмади.
Ушбу топқирлик ҳукмдорга маъқул келибди ва шоирни мўмайгина мукофот билан сийлабди.
* * *
Қирол Людовик ХI нинг бир мунажжими бўларди. У қирол кўнгил қўйган хонимнинг саккиз кундан сўнг вафот этишини башорат қилади. Қарангки, башорат тўғри чиқади. Шунда қирол уни ҳузурига чақириб, сўрайди:
– Сен одамлар тақдири борасида шундай билгич экансан, хўш, ўзингнинг қанча умринг қолганини айта оласанми?
Башоратчи қирол кўнглига бир ёмонликни тугиб қўйганини пайқайди шекилли, киприк қоқмай жавоб қилади:
– Мен сизнинг вафотингиздан уч кун олдин ўламан, зоти олийлари!
Зийраклик билан берилган бу жавоб сабаб қирол ёвуз ниятидан қайтади.
* * *
Людовик ХII аъёнлардан бири қўл остидаги деҳқонни калтаклаганини эшитиб қолибди. Бундан бағоят аччиқланган қирол меҳмондорчиликда ўша муштумзўрнинг олдига нон қўймасликни буюрибди. Зиёфатдан сўнг ундан:
– Қани айт-чи, энг тансиқ егулик нима экан? – деб сўрабди.
– Нон-да, ҳазратим!
– Унда ўша неъматни етиштирган одамга қўл кўтариш аҳмоқлик эканига нега ақлинг етмади?
* * *
Карл V буюк мусаввир Тицианнинг истеъдодини беҳад қадрлар эди. Мусаввир ҳукмдор ҳузурида расм чизаётганида мўйқалами ерга тушиб кетади. Қирол мўйқаламни олиб эгасига узатаркан бундай дейди:
– Тициан қирол хизмат қилса арзийдиган санъаткордир!
* * *
Улуғ Микеланжело ҳамкасби Франчианинг бағоят хушсурат ўғлини кўриб, бундай дейди:
– Отанг рангтасвир асаридан кўра тирик одамни яратишга уста экан!..
* * *
Бир кекса зобитни ногиронлар уйига ўтказмоқчи бўлишганда у қиролдан хизматда қолдиришини илтимос қилибди.
– Ахир кексайиб қолгансиз, – дебди унга ҳукмдор.
– Ҳазратим, – дея эътироз билдирибди зобит, – мен сиздан атиги уч ёш каттаман ва салтанатингизда яна камида йигирма йил хизмат қила оламан деб ўйлайман.
* * *
Виктор Ҳюго хорижга кетаётган экан.
– Нима иш қиласиз? – деб сўрабди чегара хизматчиси анкета тўлғизаётиб.
– Ёзаман.
– Нима билан тирикчилик қиласиз деб сўраяпман?
– Қалам билан.
– Бўпти, унда “Ҳюго – қалам сотувчи” деб ёзиб қўямиз.
Рус тилидан Шодмон Отабек
таржимаси
“Tafakkur” журнали, 2015 йил 3-сон
Биласизми?
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қомус
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Бир куни...
Қатра
//
Изоҳ йўқ