Золим. Зулм


Сақлаш
16:06 / 13.06.2023 0 580

Золим – зулм қилувчи киши, жаҳолат йўлида зўрлик ва зулмни одат қилиб олган шахсга нисбатан қўлланадиган атама. Инсоният тарихида золимлар доимо қораланган, адабиёт ва санъатда уларнинг тимсоли сифатида кўплаб образлар яратилган. Золимлик нафақат ўзгаларга, балки золимнинг ўзига нисбатан ҳам муносабатни англатади. «Билмаганни сўраб ўрганган олим, орланиб сўрамаган ўзига золим» деган мақол бежиз айтилмаган. «Авесто» китобидаги зулмат ва зулм худоси Ахриман, номини абадий қолдириш илинжида Рим шаҳрини ёқиб юборган император Нерон ана шундай золим кишилар тимсолидир. Инсоният тарихида рўй берган кўплаб қирғинбарот урушлар, босқинчиликлар, турли халқлар ва мамлакатларни истибдодга, азоб-уқубатга солган истилолар золимлик оқибатидир. Бугунги кунда террорчилик, одам савдоси, маънавий-мафкуравий таҳдид ва хуружларга сабаб бўлаётганларни ҳам золимлар дейиш мумкин.

 

Зулм (арабча эзиш, қийнаш) – золимларнинг мазлумларга зўравонлик билан қилган ёки қиладиган жабри, шафқатсиз эзиш, истибдодни ёки ўзгаларнинг жони, моли, обрўси, насли, маънавияти кабиларга зиён етказишни ифодаловчи тушунча. Зулм инсон табиати ва маънавий бузуқлигининг оқибатидир. Шунинг учун инсонни комилликка ундовчи барча динларда ҳам зулм қаттиқ қораланади. Жумладан, саҳиҳ ҳадислардан бирида Аллоҳ таоло номидан шундай дейилади: «Эй, бандаларим! Мен зулм қилмоқни ўзимга ҳаром қилганман ва шу зулм қилмоқни сизларга ҳам ҳаром қилганман. Бинобарин, сизлар бир-бирларингизга зулм қилмангизлар». Бу борада халқимиз «Кимки бўлар дилозор, ундан элу юрт безор» ёки «Бир кўнгил иморати – Минг Макка зиёрати», дея сабоқ беради. «Инжил»да ҳам зулм дўзахий иллат сифатида қораланган ва нафақат амалда, балки оғизда айтилган ҳақоратли сўзни ҳам зулм сифатида талқин этилган: «Қадимгиларга: «Одам ўлдирма; ким одам ўлдирса, жавобгарликка тортилади», – деб айтилганини эшитгансизлар. Лекин мен сизларга айтаман: кимки биродарига беҳуда ғазабланса, жавобгарликка тортилади. Кимки биродарига ахмоқ деса, олий маҳкамада жавоб беради. Кимки биродарига телба деса, жаҳаннам оловида жавоб беради». Айрим эътиқодларда инсонгагина эмас, ҳар қандай жонзотга, ҳатто қурт-қумурсқаларга ҳам озор етказиш зулм ҳисобланган. Хусусан, даоцизм, ламаизмга эътиқод қилувчи кишилар бехосдан йўлдаги бирон қумурсқани босиб кетмаслик учун қадам босаётган ерини супуриб юрганлар. Тарихдан маълумки, адолат ва эзгуликка суянган ҳукмдорлар ўз салтанатларини мустаҳкамлаган ва аксинча, зулмни қурол қилиб олганлар эса юртни инқирозга олиб келган. Бундайлар тарихда ёвуз ном қолдиради. Хусусан, қирғинбарот II жаҳон урушини бошлаган Гитлер, қатағонлар сиёсатини юргизган Сталин зулмкор инсонлар тимсолидир.

 

ХХ асрнинг биринчи ярмида Италияда Муссолини бошчилигидаги фашистлар Н.Макиавеллининг «Ҳокимиятни сақлаб қолишни истовчи одам золимликка таяниши керак», деган фикрини қурол қилиб олиб, миллионлаб одамларнинг ёстиғини қуритган уруш ғоясини байроқ қилиб олган эдилар. Мутафаккирлар кўпроқ зулмнинг киши табиати, маънавий даражаси билан боғлиқ сабабларига эътибор қаратишган. Хусусан, бу борада Алишер Навоий шундай дейди: «Улки, зарар шевасин тавр этар, Элга демаким, ўзига жавр этар». Абдулла Авлоний зулмни ёмон хулқлар қаторида тилга олиб, шундай сабоқ беради: «Адолат оби ҳаёту, ситам эрур зулумот, Бу зулмат ичра кирганларга йўқ ҳаёт ва нажот». Ёки «Хазон замони келса, гулистон йўқ ўлғондек, На ерда ҳукм сурар зулм, маҳв бўлур баракот». Ғарб файласуфи Фрэнсис Бэкон шундай дейди: «Фақат нафрат ва қўрқувгина зўравонлик қилишга мажбур этади... Зўравонликка йўғрилган чоралар замирида ёвузлик ётади». Рожер Бэкон зулмнинг асосини жоҳилликда кўради ва «Токи жоҳиллик мавжуд экан, инсон ёвузликка қарши бирон чора топа олмайди», дея фикр юритади. Зулм унга қўл урган одамни ўзлигидан маҳрум этади. Зеро, «Зулм – ўз-ўзига душманлик, тўхтовсиз равишда ўзликдан қочишга ундовчи безовталик ибтидоси»дир (Якоб Бёме).

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги қўйилган

Барчаси

Биласизми?

10:04 / 08.04.2025 0 25
Нархнинг навоси

Биласизми?

17:03 / 12.03.2025 0 163
Туркистондаги қадимий аёллар байрами

Биласизми?

10:03 / 03.03.2025 0 138
“Қозонди” феълидаги “қозон” ҳақида

Биласизми?

10:03 / 03.03.2025 0 180
Маржумакдан шўрва қилиб бўладими?

Биласизми?

15:02 / 28.02.2025 0 151
Маймунжон, парманчак ва болдирғон



Кўп ўқилган

Барчаси

Қомус

15:04 / 19.04.2023 0 9306
Жадидчилик

Қатра

20:08 / 18.08.2022 15 5323
Илк ватан

Қатра

01:01 / 10.01.2022 7 4914
Бир қоп ун

Қатра

17:08 / 21.08.2022 6 4343
Тинчлик

Қомус

22:08 / 04.08.2023 0 4298
Миллий урф-одатлар

Қатра

01:01 / 18.01.2022 2 3562
Ўқиш пули

Бир куни...

03:12 / 09.12.2021 3 3147
Ҳар нарса ҳам кўринганидек эмас

//