Танқидчиларни танқид қилиб, қазини дазмоллашни маслаҳат берган Саид Аҳмад


Сақлаш
18:06 / 09.06.2023 0 580

Эгаларини топган гап

 

1979 йили жамоатчилик истеъдодли мунаққид Озод Шарафиддиновнинг эллик йиллигини нишонлади. Одатда бунақа тўйларнинг тантанали қисмидан сўнг ё ўша куни, ё бир кун ўтказиб, ёру биродарларга чой бериш русумга айланган. Зиёфат Тошкентнинг энг машҳур “Зарафшон” ресторанининг ихчам залларидан бирида бўлди. Шубҳасиз, таваллуд тўйларида аслида гапга чечан мунаққидлар худди кимўзарга ўйнагандай юбилярнинг фаолиятига баҳо беришда ҳотамтой бўлиб кетишади.

 

Аксарият тўйларда биринчи бўлиб гапга чиқадиган Саид Аҳмад ака бошловчининг: “Гапирасизми? деган имо-ишорасига: “Кейинроқ”, деб индамай ўтирар эди. Саид ака гапирса даврага жон киришини биладиганлар акам ўтирган томонга бот-бот қараб қўяр, баъзи ўзини яқин оладиганлар: “Гапиринг”, дегандай имо қилишар эди. Саид ака эса тез-тез сигарета тутатар, гапираётган нотиқнинг гапларига зимдан назар солар, агар гапиргудай бўлса, ўшаларнинг гап-сўзларидан биронта илмоқ, баҳонаи сабаб топиш илинжида худди пойгага қўшадиган тулпордай талпиниб ўтирар эди.

 

Навбатдаги сўз мунаққидларнинг отахони Иззат Султонга берилди. Ўзингиз биласиз, Иззат ака бировдан гап қарз оладиганлардан эмас. Фикрини тиниқ ва равон, теша тегмаган ўхша- тиш ва истиоралар билан етказиб айта оладиган нотиқ. У киши гап орасида бир ўхшатиш қилди. Албатта бу Саид аканинг эътиборини дарров тортди, –... Танқидчилик жуда қийин соҳа, - деди Иззат ака гап орасида. – Мен, агар жоиз бўлса, танқидчиларнинг ижодини тош йўнадиган усталарнинг ҳунарига ўхшатгим келади. Бизнинг ишимиз нафақат тош йўниш, балки тошга нақш ўйишдек қийин ва масъулиятли ҳунардир...

Бу гапларни эшитиб, боядан бери бирон илмоқ, бирон баҳонаи сабаб топиш илинжида ўтирган Саид акага жон кирди. “Ана энди қўлга тушдиларинг, ҳурматли тошйўнарлар!

 

Иззат ака гапини тугатиши билан Саид ака имо-ишора орқали бошловчидан сўз сўради. Бошловчи ҳам шуни кутиб турган экан, шекилли, қоидага биноан Саид аканинг ҳурмат-эътиборини жойига қўйиб сўз берди. Саид ака ҳам гўё одат тусига кириб қолган одоб чегарасидан чиқмай, тўй болага эҳтиром сақлаб гап бошлади. Умумий гаплардан сўнг гапнинг индаллосига кўчди:

 

– Тўғри, танқидчиларимизнинг меҳнатлари оғир, масъулиятли. Мен бу масалада Иззат Отахоновичдан ўтказиб бирон-бир эсда қоладиган гап айтишдан ожизман. Ҳақиқатдан ҳам танқидчи биродарларимизнинг иши тош йўнишдек оғир, тошга гул ўйишдек масъулиятли, — деди босиқлик билан. Тўғрисини айтганда, Саид ака гапининг шу жойигача зўрға чидади. Нутқининг бу ёғига жиндек жаҳл, жиндек зарда аралашиб, товуши бир бахя кўтарилиб кетганини ўзи ҳам билмай қолди. – Вей, ўрток, тош-йўнарлар, сизларнинг дастларингиздан Чиғатой қабристони йўнилган мармартошга тўлиб кетдику! Бас қиласизларми, йўқми?

 

Ғовур-ғовур бошланди: биров куляпти, биров норози, биров “боплади” деб чапак чаляпти, бошқаси хўмрайиб қараб турибди. Шовур-шовурда Саид ака гапини нима деб тугатди, билмай қолдик. Фақат бизнинг билганимиз шу бўлдики, гап эгаларини топди.

 

Раҳматулла отақўзи

 

Олтмишинчи йиллари адабий ҳаёт ниҳоятда жўшқин кечарди: ҳали қарасангиз — турли-туман симпозиумлар, ҳали қарасангиз — декадалару маданият кунлари, ҳали қарасангиз — ёзувчиларнинг съездлари... Хуллас

Хуллас, мана шундай декадалар арафасида Ёзувчилар уюшмасида қандайдир бир йиғин бўлиб қолди. Бу йиғинда декадага борадиганлар рўйхати кўрилиши лозим эди. Ўзингиз биласиз, бунақа йиғинлар талашиш-тортишишсиз ўтмайди. Ҳамма “ўша рўйхатга мен ҳам илиниб қолармиканман” деган илинжда раисимиз Яшин акага мўлтираб қарайди... Бунақа қарашнинг ўзгача бир маъноси ҳам бор. Декада иштирокчиларини Иттифоқ ҳукумати тақдирлайди: орденлар беради. Бунақа тадбирлардан сўнг, эҳтимолки, уюшмадаги раҳбарлар ҳам алмашиниши мумкин.

 

Йиғилиш тугади. Ҳамма уюшма биносининг ҳовлисига чойга чиқишди. Катталар алоҳида бир давра бўлиб ўтиришди. Буларнинг орасида Яшин ака, Абдулла ака, Уйғун ака, Назир ака, Мирмуҳсин, Рамз Бобожон, Саид Аҳмадлар бор. Бунақа даврада шубҳасиз ҳазил-мутойиба авжига чиқади. Саид акани биласиз, гап келганда отасини ҳам аямайди.

 

Негадир ўша пайтларда Яшин ака бўшармиш, ўрнига Уйғун ака тайинланармиш, деган миш-мишлар юрарди ёзувчилар орасида. Ҳозирги даврада ҳам шунга монанд қочириқлар, учирма гаплар айлана бошлагач, Саид ака шартта кўнглидаги гапи¬ни ҳазилга айлантириб, шеърга солиб айтиб юборди:

 

Раҳматулла Отақўзи,

Шеъриятда етим қўзи.

Ҳушёр бўлинг, Яшин ака,

Креслода икки кўзи.

 

Даврадагилар “гу-ур” этиб кулишди. Уйғун ака гап тополмай қолганида айтадиган ягона гапини бу гал ҳам айтди:

– Ҳў, жувармак!

 

Самимий маслаҳат

 

Бир куни навбатдаги мажлисдан сўнг таҳририятда гурунглашиб ўтириб, Ўткир Ҳошимов сўраб қолди:

– Носир ака, қазини қандай сақлашни сиз биласизку. ТошДУдаги профессор ўртоқларим, қазини ёққа солиб қўйса яхши туради, дейишди. Шу гап ростми?

– Қазингиз бормиди?

– Иккитагина бор эди, — деди у, – Янги йилга атаб олиб қўйгандим.

Албатта дўстларингизнинг айтганини қилиб, ёққа солиб қўйдингиз

– Худди шундоқ.

– Бунинг устига доғ қилинмаган ёққа шундайми?

– Қаёқдан билдингиз?! — деди Ўткир ранги ўчиброқ.

Қазидан айрилибсиз, — дедим мен ваҳималироқ қилиб. — Эсингиз жойидами? Доғ қилинмаган ёққа ҳам соладими қазини ҳеч замонда? Сассиқ ёғнинг бутун бад бўйини, бунинг устига пестицид, гербицит деган дориларнинг заҳрини шимиб олибдида, у жонивор!

– Энди нима бўлади?!

 

– Энди бунинг бир йўли бор, болам, — деди Саид ака масалани буёғини ривожлантириб. Ўткир чолнинг гапига умидвор тикилди. – Қазини ёғдан оласан. Сўнг аптекадан стерилний дока олиб келиб, яхшилаб артасан. Артиб бўлгандан кейин бирпас офтобга осиб қўясан-у, кейин бир тоғорачага “Тайд”, агар “Тайд” тополмасанг “Ариел” порошоги ҳам бўлаверади, ўшани солиб яхшилаб ювасан. Тағин офтобга бир оз осиб қўясан. Кейин оддий тиш чўткани олиб, “Блендамед” тиш пастаси билан, агар “Блендамед” топилмаса, “Колгет” пастаси бўлса ҳам бўлаверади, обдан ишқалаб ювиб, яна осиб қўясан.

Гап шу жойга келганида Ўткирнинг пешонаси тириша бошлади. Акамиз гапини давом эттирди:

 

– Очиқ ҳавода икки соатлар чамаси тургандан сўнг “Равенто” деган дазмол билан яхшилаб, силлиқ қилиб дазмоллайсан.

Ўткирнинг тоқати тоқ бўлиб кетди.

– Ўзимизнинг дазмолда бўлмайдими?

– Бўлмайди, — деди акамиз жиддий. – Биласанми, мен айтаётган дазмолнинг тагида тешикчалари бор. Ана шу тешикчаларидан парли сув чиқариб, қазини куйдирмай, маромида текислайди... Шунинг учун бу дазмол магазинда уч юз доллар туради, болам. Ўткир бирпас индамай турдида, бизларнинг қиқир-қиқир кула бошлаганимиздан оқсоқолнинг ҳазил қилаётганини фаҳмлаб қолди шекилли:

 

– Шу иккита қазининг баҳридан ўтсам қутуламанми! — деди кулиб. – Сизнинг маслаҳатингизни чамалаб қарасам, менга 350-400 долларга тушадиган. Бу зорманда икки қазини эса, 400 сўмга олганман.

 

– Шундоқ қилсанг ҳам бўлади, болам, — деди Саид ака. – Бу ёққа олиб келиб ташла. Ўзим бир амаллаб тозалаб оларман...

 

“Слишком” тўғpи чол

 

Кунлардан бир кун Миртемир ака Саид Аҳмад аканикига келади. Уларнинг ҳовлилари бир-бирига жуда яқин. У ёқ — бу ёқдан гаплашиб ўтириб, Саид Аҳмад аканинг одатдаги шумлиги тутиб, гап орасида домлани аврай бошлайди: “Миртемир ака, дейди у, – Саидадан эҳтиёт қилиб юрган юз сўм пулим бор эди. Мана, шуни олиб қўйинг. Кейин чой устида сиздан қарз сўрайман. Берасиз...” Миртемир ака пулни шубҳа билан оладию, шимининг чўнтагига солади. Ўша пайтдан бошлаб у негадир безовталаниб, жойида ўтиролмай қолади. Гўё пул чўнтагидан чиқиб кетаётгандай. Ўнг қўли чўнтагининг устида. Саида опа чой олиб кирганида гўё бир уят иш қилиб қўйгандай хижолат бўлиб, типирчилай бошлайди. Миртемир аканинг бу безовталиги Саид Аҳмад аканинг кўнглига ғулғула солади: “Бекор қилдимда, шу ишни, — кўнглидан ўтказади у. – Тунов куни ишлаб ўтирганимда, “қорақалпоқдан меҳмон келиб қолди, болам. Юз сўм бериб тур. Саида билмасин”, деб олиб кетиб, эртасига: “Мана, кеча Саид Аҳмаддан олган эдим”, деб тўппа-тўғри Саиданинг қўлига олиб келиб берган эди. Бунақа қинғир ишни бу ярамас чолга ишониб бўлмас эканда. Чоли тушмагур слишком тўғри! Миртемир ака Саид Аҳмад аканинг пул сўрашини кутади. Саид ака эса сўраш учун қулай пайтни. Вақт ўтган сари Мир¬темир ака сиқила бошлабди. Ахийри чидай олмай бояги омонат пулни чўнтагидан шартта чиқариб, Саид Аҳмад аканинг олдига отади.

 

– Қўй, болам, иккинчи мунақа аҳмоқ ишларни қилма!

 

Шу гапдан кейин Миртемир ака енгил тортибди, Саид Аҳмад ака ғалати аҳволга тушибди. Саида опа эса ҳеч нарсага тушунолмай ҳайрон эмиш.

 

Трижды

 

Нима десангиз денгу, ўзбек ёзувчиларнинг ичида Ҳаким акадай вазмин, Ҳаким акадай жайдари, Ҳаким акадай одамохун, Ҳаким акадай камтаринни минг ахтарсангиз ҳам тополмайсиз. Ахир, кўп йиллар уюшмамизнинг фирқа котиблиги вазифасида ишлаб юрган пайтларида устоз Абдулла Қаҳҳор: “Ҳаким Назир уюшмамиз биносининг тоза ҳаво кириб турадиган туйнуги”, деган гапни бекорга айтмаганда.

 

Шунақа ёзувчиларимиз борки, манфаат чиқадиган жой бўлса, эшикнинг турумини бузиб бўлсаям ичкарига киришади. Оладиган нарса чиқиб қолгудай бўлса, ҳар қанақа андишани бир четга суриб қўйиб, ўша нарсани олмай қўймайди. Ваҳоланки, у нарсани олиш керак эмас, берадиган томон ўзи бериши керак. Ўша нарсага сазовор бўлиш керак. Ҳаким ака эса миқ этмайди: ҳеч кимга арз ҳам қилмайди, шикоят ҳам.

 

Шу Ҳаким акамни Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофотига номзод қилиб уч марта кўрсатишди. Ҳайтовур, учинчисидан кейинги қўйилишида кўнишди шекилли, беришди.

Мукофотни олишдан аввал қандайдир бир йиғин бўлиб қолиб, проза мажлиси бўлса керак, Саид ака ўша йиғинга бошловчилик қилди. Йиғин ўрталаб қолганида шумлиги тутди шекилли, акамиз Ҳаким акага ўрисчалаб сўз берди:

Слово имеет трижды не лауреат Госпремии Узбекистана писател Ҳаким Назир...

 

Залда қиқир-қиқир кулги кўтарилди. Ҳаким ака ҳалиги гапдан лоладек қип-қизариб минбарга чиқди. Баъзи ўрисчаси чала кишилар: “Ҳаким акаси тушмагур қачон уч марта мукофот олиб улгурибди?! деб тушунишса, ўша мукофотни бермай монелик қилганлар бўйинларини эгиб, зил кетишди. Шу гап туртки бўлдими ё бошқа бирон сабаби борми, ҳар қалай кейинги қўйилганида Ҳаким акамизга беришди мукофотни.

Носир ФОЗИЛОВ

 

Муборак ФОЗИЛОВА тайёрлади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги қўйилган

Барчаси

Биласизми?

15:05 / 07.05.2024 0 155
Омад ёш танламайди

Биласизми?

16:04 / 26.04.2024 0 121
Японларнинг яхши одати



Кўп ўқилган

Барчаси

Қатра

15:08 / 18.08.2022 15 3890
Илк ватан

Қатра

20:01 / 09.01.2022 7 3851
Бир қоп ун

Қатра

12:08 / 21.08.2022 6 3276
Тинчлик

Қатра

20:01 / 17.01.2022 2 2952
Ўқиш пули

Бир куни...

22:12 / 08.12.2021 3 2580
Ҳар нарса ҳам кўринганидек эмас

Қатра

22:12 / 27.12.2021 1 2429
Туғилган кун

Қомус

10:04 / 19.04.2023 0 2280
Жадидчилик