Вафо(дорлик)


Сақлаш
17:05 / 24.05.2023 0 586

Вафо(дорлик) – юксак маънавий фазилатлардан бири ҳисобланиб, садоқат, ўз аҳду паймонида, сўзда, ваъдада қатъий туришни англатадиган тушунча. Буюк мутафаккир Юсуф Хос Ҳожибнинг «Турайин, борайин, юрайин, оламни кезайин, оламда вафоли одам бўлса, мен уни қидирайин» деган сўзларида вафодорликнинг инсон учун нақадар буюк қадрият экани ўз аксини топган. вафодор одам тилини ёлғон, ғийбат ва бўҳтон сўзлардан сақлайди. Инсоннинг вафодорлиги дилида ва тилида бирдек намоён бўлади. Алишер Навоийнинг «Фарҳод ва Ширин» достонида вафодорлик, дўстлик ва садоқат туйғулари юксак даражада улуғланади. Бу фазилатлар, айниқса, Шопур образида яққол ифода этилган. Соҳибқирон Амир Темур вафодорликни ғоят қадрлаган. Бу ҳақда ул зотнинг ўзи «Темур тузуклари» асарида бундай ёзади: «Мен ҳар кимгаки ваъда берсам, унга вафо қилдим, ҳар бир ваъдага хилоф иш қилмадим. Мен доимо ваъдаларимни аниқ бажарсам, шундагина одил бўлишимни ва кимсага жабр етказмаслигимни англадим». Вафоли киши олижаноб бўлиб, кишиларни эзгуликка чорлайди, инсонпарварлик йўлига даъват этади, бунинг натижасида бахту саодатга эришади. Вафоли инсонлар ҳар қандай вазиятда ҳам бир-бирига содиқ қолади, бир-бири учун жон фидо этишга ҳам тайёр бўлади. Вафодорлик дунё адабиётининг азалий ва абадий мавзуларидан бири. Яна бир улуғ мутафаккир бобомиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур бир рубоийсида вафодорликни шундай таърифлайди: «Ҳар кимки, вафо қилса – вафо топқусидир. Ҳар кимки, жафо қилса – жафо топқусидир. Яхши киши кўрмагай ёмонлик ҳаргиз, Ҳар кимки, ёмон бўлса – жазо топқусидир». Шунингдек, халқ мақолларида ҳам вафодорлик улуғланади. Чунончи, «Ваъдага – вафо, вафосизга – жафо», «Ваъда – вафоси билан гўзал» каби мақоллар шулар жумласидандир.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги қўйилган

Барчаси

Қатра

11:09 / 17.09.2025 0 13
Қаҳрамон

Биласизми?

14:07 / 15.07.2025 0 223
“Кимсан” аслида ким?



Кўп ўқилган

Барчаси

Қомус

15:04 / 19.04.2023 0 11609
Жадидчилик

Қатра

20:08 / 18.08.2022 15 5942
Илк ватан

Қомус

22:08 / 04.08.2023 0 5360
Миллий урф-одатлар

Қатра

01:01 / 10.01.2022 7 5281
Бир қоп ун

Қатра

17:08 / 21.08.2022 6 4728
Тинчлик

Қомус

15:04 / 18.04.2023 0 4149
Радикализм

Қатра

01:01 / 18.01.2022 2 3721
Ўқиш пули

//