Бир куни...
Шерлок Холмс ва Ватсон ўрмонга бориб дам олмоқчи бўлишди. Кичикроқ сайхонликда тўхтаб, чодир қуришди ва ухлагани ётишди. Ярим кечада Холмс уйғониб кетиб, осмонда чарақлаб турган юлдузларга боққанча шеригини уйғотди:
– Ватсон, юлдузларни кўраяпсанми?
– Ҳа, жуда тиниқ чарақлашар экан ўрмонда.
– Хаёлингга нималар келмоқда?
– Шаҳарда ухлагандан кўра ўрмонда мизғиган яхши шекилли. Сиз-чи, Холмс, нималар ҳақида хаёл сураяпсиз?
– Менингча, чодиримизни ўғирлашибди, ярамаслар.
* * *
Бир шилқим йигит автобусда кучукчасини меҳр билан силаб бораётган қизнинг ёнига келиб дебди:
– Яхши қиз, кучукчангиз менга ёқиб қолди. Унинг ўрнида мен бўлсам қанийди...
– Розиман,– дебди қиз,– яқинроқ келинг, кучукчани ахта қилдиргани ветеринар врач қабулига бораётган эдик.
* * *
Олигархларнинг болалари тарбияланадиган боғча. Тарбиячи:
– Жаноб болажонлар, марҳамат қилиб, тинчланинглар. Ҳозир сизларга дўстингиз Энтони якшанба куни ўрмонда ўзи тўқиган эртагини айтиб беради.
– Мен ҳеч нарса тўқиганим йўқ, улар чиндан ҳам шир яланғоч эдилар,– деди Энтони тўнғиллаб.
* * *
Кўз докторининг хонаси. Врач беморга деди:
– Марҳамат қилиб айтинг-чи, жаноб, мен ҳозир сизга қайси ҳарфни кўрсатиб турибман?
– Ие, сиз ҳам шу ердамисиз? – ҳайрон бўлиб сўради бемор.
* * *
Иситма қилиб тўшакда ётган коллеж ўқувчисини врач кўрмоқда.
– Жаноб доктор, сиз менга тўғрисини айтинг, ҳеч нарсани яширманг, мен ҳаммасига тайёрман. Наҳотки эртага ўқишга боришимга тўғри келади? – деди у врачнинг қўлини маҳкам ушлаб.
* * *
– Официант, бу қанақаси, биз ўтирадиган жойда столдан бошқа ҳеч нарса йўқ-ку? – ҳайрон бўлиб сўради хўранда.
– Сиз фақат столга буюртма бердингиз,– деди официант бамайлихотир.
* * *
Косметик операция ниҳоясига етади. Врач бемордан сўради:
– Мана, жарроҳлик амалиёти ҳам тугади. Ҳаммаси жойида. Аввалгидан анча чиройлисиз. Хўш, яна қандай истакларингиз бор?
– Жаноб доктор, иложи бўлса, кўзларимни каттароқ қилмоқчи эдим...
– Жуда соз,– деди врач ва бош ҳамширага буюради:
– Ҳисоб-китобни олиб келиб, беморга кўрсатинг.
* * *
Музей залларидан бирида намойиш этилаётган сурат олдида икки киши баҳслашиб қолишади. Биринчиси суратда қуёшнинг ботиши тасвирланган деса, иккинчиси, йўқ, ботиши эмас, тонг отиши дейди. Баҳсга учинчи киши қўшилади:
– Мен бу рассомни кўп йиллардан бери биламан. У эрталаб соат 10 дан бир дақиқа ҳам олдин уйғонмайди.
* * *
Хиёбон четида икки киши кучукчаларини сайр қилдириб юришибди.
– Менга қаранг, жаноб, кучукчангиз менинг кучукчамга куппа-кундузи шилқимлик қилмоқда, тартибга чақирсангиз бўлармиди,– деди ёш хоним ранжигандай бўлиб.
– Маъзур тутасиз, албатта тартибга чақираман бу ярамасни, аммо... сиз ҳам кучукчани жуда ясантириб юборибсиз-да,– деди жаноб хонимга кўзини сузиб.
* * *
Қурол-яроғ сотиладиган магазинга кириб келган харидорни ҳурмат-эҳтиром билан кутиб олишди.
– Марҳамат, жаноб, бизда қуролларнинг ҳамма турлари бор. Сизга қанақаси маъқул?
– Нишонни бехато урадиган револьвер олмоқчиман.
– Жуда соз. Олти патронли бўлсинми ёки саккиз патронли?
– Бир дақиқа,– деди харидор ва банкка қўнғироқ қилади:
– Алло, сизларда кечқурун банкни неча киши қўриқлайди?
* * *
– Жонгинам, шунча йил бирга яшадик, бирор марта бўлсин, менга гул совға қилмадинг-а? – нозланиб деди хотин.
– Ўзимнинг яхшигинам, Гулзор кўчасида турамиз, ҳаммаёқ гул, хоҳлаганингча ҳидлашинг мумкин. Бунинг ҳеч оғир жойи йўқ, – деди эр.
* * *
– Муҳтарам жаноб, сиздан кўп нарсани ўрганса бўлар экан. Мана масалан, хотинингизни ҳамиша “Жонгинам”, “Ёлғизгинам”, “Мушукчам” деб чақирар экансиз. Мен бўлса нуқул исмини айтаман.
– Исмини айтиб чақириш менга ҳам ёқади, аммо... анча йил бўлди нималигини унутиб қўйганман-да...
* * *
– Қани тур, тез кийимингни кий, ёруғ тушмай дала ҳовлига бориб картошка ковлаймиз,– деди ота ўғлига.
– Дадажон, соат энди тўрт бўлди, бизда дала ҳовли йўқ-ку? – кўзларини ишқалаганча сўради ўғил.
– Турақол ўғлим, дала ҳовлимиз йўқ, аммо қишга картошка керак-да, – деди отаси.
* * *
Дафн маросимини бошқараётган киши мусиқачиларга эътироз билдирди:
– Ҳой, мен сизларга неча марта айтганман, дафн маросимида мусиқа чалаётганингизда юзингиз мусибатлироқ кўриниши керак, деб. Лев Моисеевич, бу биринчи навбатда сизга тегишли. Нега энди чапак чалаяпсиз?
– Узр, жаноб, тарелкаларим уйда қолиб кетибди.
* * *
– Доктор, айтишларича мени бешинчи босқич талабаси операция қилар эмиш. Бирор кор-ҳол бўлса, унда нима бўлади?
– Нима бўларди, бу ярамас, яна имтиҳондан йиқилади-да.
* * *
Операциядан кейин врач беморнинг ёнига кириб, унинг аҳволи билан қизиқди.
– Хўш, биродар, касалхона маъмуриятига шикоятингиз борми?
– Эрталабгача аъзои баданим зирқираб оғриб чиқди. Кўз юмганим йўқ. Бунга чидаш қийин.
– Ундай бўлса, бугун кечаси ҳамшира қиз ёнингизда бўлади.
– Э, шундай оғриқда қизга бало борми, – деди бемор афсусланиб.
М.Аҳмедов
тўплаган
“Жаҳон адабиёти” журнали 2019 йил 11-сон
Бир куни...
Ҳикмат
Ҳикмат
Ҳикмат
Қатра
Ҳикмат
Қомус
Қатра
Қомус
Биласизми?
Қатра
Қатра
Қомус
Қатра
//
Изоҳ йўқ