Коррупционерларни миллатнинг ўзи етиштиради


Сақлаш
18:11 / 08.11.2021 0 803

·        Коррупция – даврнинг энг даҳшатли эпидемияси, том маънодаги тожсимон вирус.

 

·        Европа адабиётида фоҳишалик энг кўҳна касб саналади. Коррупция бу жиҳатдан яна ҳам кўҳнароқ: милоддан аввалги XXIV асрда Шумер ҳукмдори Уруинимгин порахўрликка қарши қонун қабул қилишга мажбур бўлган.

 

·        Пора берган уни ўн баробар кўпроқ қилиб қайтариб олиш тараддудида бўлади.

Афлотун (мил.авв. V аср)

 

·        Тарихда бус-бутун давлат коррупция ботқоғига ботганига мисол  – Рим империяси. Бунга ўзи шоҳид бўлган Нумидия шоҳи Югурта –
(II аср боши) Римни “мунофиқ шаҳар, агар харидор топилса, таг-туги билан сотилишга тайёр” дея таърифлаган экан. Айнан Римда сенаторлар сотила бошлаган.

 

·        Қуръони карим порахўрликни ҳаром қилган: “Мол-дунёларингизни ораларингизда ноҳақ – ҳаром йўллар билан емангиз! Ва билиб туриб, одамларнинг молларидан бир қисмини ҳаром йўл билан ейиш учун ҳокимларга узатманг!”

 

(“Бақара”, 188-оят; Алоуддин Мансур таржимаси)

 

·        Булардин гар аъло, гар адно дурур

Ким, андин халойиққа изо дурур.

Шаҳ ўлтурмак авлодур ул элни бот

Ки, дебдур Набий: “Уқтул ул-муъзиёт”.

Алишер Навоий (“Маҳбуб ул-қулуб”дан)

 

(Мансабдор каттами-кичикми, элга азият етказар экан, ҳукмдор ундайларнинг уруғини қуритса аъло иш бўлади. Зотан, Муҳаммад с.а.в. ҳадисидурким, “Азият етказувчиларни даф қилинг”)

 

·        Пулга ҳамма нарсани сотиб олиш мумкин деб ўйлайдиганлар биринчи навбатда ўзларини сотишга тайёр одамлардир.

Френсис Бэкон (1561 – 1626)

 

·        Коррупциялашган давлатда ҳалол хизматчилардан хавфлироқ одам йўқ.

Александр Герцен (1812 – 1870)

 

·        Коррупционерларнинг елкасида нархи ёзилган погони бўлса, одамлар қийналмас эди.

Марк Твен (1835 – 1910)

 

·        “Чегарага яқинлашяпмиз. Кимда контрабанда бўлса, “кўк”идан тайёрлаб турсин”.

Бир мамлакат божхонасида қулоққа чалинган гап

 

·        Агар муҳр тагига пул қўйилмаса, босганда сиёҳи чиқмай қолади.

Порахўрнинг “ҳикмат”и

 

·        Ёлғон ҳукм еткурурига боис – тамаи шум ва ўтрук парвона еткурурига сабаб – ҳирси мазлум. Нима олурда ёлғон анга чин ўрниға ва мусулмонларға анга дин ўрниға. Ёлғон борида чин демаги маҳол ва ришват олурда ўзга сўз деб, аммо кўнглида ўзга хаёл.

Алишер Навоий (“Маҳбуб ул-қулуб”дан)

 

(Парвона ҳирсга тобелигидан ўзини ўтга уради, коррупционер шум нафсига тобелигидан ёлғон ҳукм чиқаради. Пора берилса, ёлғонни чин, чинни ёлғон ўрнида қабул қилади, яна ўзини мусулмонларга тақводор қилиб кўрсатади. Ўз манфаати учун тўғри иш тутиши амримаҳол, оғзида бир сўз-у, дилида бошқа хаёл).

 

·        Килклари нўги ақраб ниши (яъни: коррупционер қўлидаги ручканинг пероси – чаённинг ниши), раият жониға ул ниш ташвиши. Неча бу нишлари мазлумға санчилғай, умид улки, бошлари ажал тоши била янчилғай”.

Алишер Навоий (“Маҳбуб ул-қулуб”дан)

 

·        Коррупцияни енгиш – менинг президент сифатидаги асосий мақсадларимдан биридир.

Шавкат Мирзиёев (Ядро физикаси институтидаги

учрашувда сўзланган нутқдан)

 

·        Коррупция – бу оёғимизга солинган кишан. 

Шавкат Мирзиёев (Олий Мажлисга

мурожаатномадан)

 

·        Дунёдаги коррупция даражасини ўрганувчи Transparency International халқаро ташкилоти индексида Ўзбекистон охирги уч йилда 12 поғонага кўтарилган бўлса-да, ҳали бу иллат барҳам топмаган. 

Шавкат Мирзиёев (Коррупцияга қарши курашга

бағишланган йиғилишдан)

 

·        Хорижий экспертларни жалб қилган ҳолда, давлат хизматчилари мол-мулки ва даромадларини декларация қилиш, тизимининг барча ташкилий-ҳуқуқий асосларини ишлаб чиқиб, амалиётга киритиш шарт.

Шавкат Мирзиёев (ўша йиғилишдан)

 

·         Коррупцияга қарши курашишдан давлат раҳбаридан бошқа яна ким манфаатдор? Халқ манфаатдор, албатта, аммо халқнинг таърифи “ким” деган саволга эмас, “нима” деган саволга жавоб бўлади.

 

·        Коррупциянинг отаси – порахўрлик, онаси – ўғрилик.

 

·        Ўғри бир кишининг молини ўғирлайди, коррупционер – туманнинг.

 

·        Ўтмишда порахўрлар поранинг ҳаромлигини билган, бугунги коррупционерлар эса коррупциядан топганини ҳалол деб билади.

  

·        Қинғир йўллар билан бойиганнинг масжид қуриши ҳам коррупция!

 

·        Коррупция оққон хасталигига ўхшайди – иликкача сингиб борган.

 

·        Коррупция бор жойда бюджетнинг баракаси бўлмайди. Коррупция йўқ жойда бюджетга кутилганидан кўп кирим келиб тушади.

 

·        Давлат бюджети – самовар. Бу самовар жўмрагидан давлат ташкилотларига маош берилади. Коррупция – самовар тагидаги  тешик. Тешик самоварда эса сув турмайди. Харажатларни камайтириш эвазига бюджетни сувга тўлдирмоқчи бўладиган молия идораси жўмракни ёпиб мақсадга етишмоқчи бўлган самоварчидай гап.

 

·        Бюджетни тўлдириш билан фақат молиячилар ва солиқчилар шуғулланиши дуруст эмас – биринчиси ижтимоий соҳаларга ажратиладиган харажатни камайтиришга зўр бера бошлайди, иккинчиси – хилма-хил янги солиқлар ўйлаб топиш билан. Бюджетнинг камомади – коррупцияга пропорционал, бюджетнинг баракаси – коррупцияга қарши кураш самарасига.

 

·        Ҳозиргача бирон коррупционер коррупциядан топганидан солиқ тўламаган.

 

·        Коррупция – юқорига қараб чуқур илдиз отадиган дарахтга ўхшайди.

 

·         Коррупцияга қарши курашувчи шохида юрса, коррупционер баргида юради. Уларнинг ўрни алмашмас экан, қувлашмачоқ тугамайди.

 

·        Коррупцияга қарши коррупционерлар билан курашиб бўлмайди.

 

·        Коррупция “илми” бешикдан бошланиб тобутгача давом этади.

 

·        Коррупцияга қарши кураш – кўпинча президент ҳузуридан эшиккача.

 

·        Коррупциялашган олий таълим тизими – заҳарланган дарёдай гап, суви қанча кўпайса, шунча зарар.

 

·        Коррупционерлар Ойдан тушмайди, хориждан юборилмайди, уларни миллатнинг ўзи етиштиради.

 

·        Коррупция биносининг биринчи қавати – “Фақат маошга яшаб бўлмайди” деган ўй, иккинчи қавати – “Манфаатсиз бир қадам ҳам босмайман” деган хўй.

 

·        Коррупционерлар қуёндай тез болалайди.

 

·        Коррупционер коррупционернинг қўлини ювади, кўзини чўқимайди, бир-бирини қоронғида ҳам топаверади.

 

·        Коррупционер маъракаларда бинойидек одам, шайтону шайтонваччалар билан хилватда суҳбат қуради.

 

·        Коррупционер бир жиҳатдан мисли кўршапалак – ошкораликдан ўлгудек қўрқади. Шунинг учун журналистларни душман деббилади.

 

·        Коррупционер “еган оғиз уялар” принципини яхши кўради, шунинг учун сўзамолларнинг оғзини мойлаб туради.

 

·        Коррупционер бошқа жиҳатдан юмронқозиқ – ўз ишини зимдан қилади.

 

·        Коррупционер Худонинг борлигига ишонмайди, пулга сиғинади.

 

·        Бошловчи коррупционернинг орзуси – ишхона бошлиғини қўлга олиш. Якунловчи коррупционернинг орзуси – турма бошлиғини қўлга олиш.

 

·        Коррупционер қиёматда ҳам коррупция воситасида қутуламан деб ўйлайди... Агар ўйласа.

 

·        Коррупционернинг севимли иборалари: “Бошқалардан қаеринг кам?”, “Ҳамма ҳам ўғирлайди”, “Энг ишончли дўстинг – пул”.

 

·        Коррупционернинг ўзига насиҳати: “Мен қилмасам, бошқаси қилади; мен олмасам, бошқаси олади; мен юлмасам, бошқаси юлади; мен илмасам, бошқаси илиб кетади”.

 

 

·        Коррупционер виждонига пора бериб уни тинчлантиради. Бу поранинг номи – “дунёга бир марта келасан” деган эътиқод.

 

·        Коррупционерларга ҳавас қилувчилар озми?

 

·        Коррупционернинг дастурхонидан ушоқларни териб юрувчилардан эҳтиёт бўлинг.

 

·        Коррупционер наздида ҳалол амалдор – қип-қизил аҳмоқ.

 

·        Коррупционерни дуо қилиш Шайтонни дуо қилишдир, коррупционерни мақташ – Ҳанносни мақташдир, коррупционерга хизмат қилиш – Иблис хизматини қилишдир.

 

Бобонг панд берганда қаёқда эдинг?

Мактаб дарс берганда қаёқда эдинг?

Эшитмаганмидинг борлигин Худо?

Халқнинг қарғишидан қўрқмайсанми ё?

Сичқондай кемириб яшашми аслинг,

Тўнғиздай семириб яшашми қасдинг?

Нимасан? Қандайин очкўз, оч офат,

Юртнинг бошига бир бало касофат,

Ишингдан шайтон ҳам хижолат бўлур,

Қачон еб тўясан, эй, сен балохўр?!

(Абдулла Орифона)

 

 

 

                                                                  Абдулла Аъзам Балохўрлик

Tafakkur журнали, 2020 йил 3-сон

 

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги қўйилган

Барчаси

Биласизми?

17:11 / 21.11.2024 0 13
“Тариф”нинг таърифи ва тарихи

Биласизми?

10:11 / 20.11.2024 0 38
“Ўдаға”нинг ўдағайлагани

Қатра

21:11 / 11.11.2024 0 123
Мўъжизанинг баҳоси

Қатра

15:11 / 08.11.2024 0 158
Ота ва етти ўғил ҳикояси

Биласизми?

23:11 / 01.11.2024 0 237
“Бирпас”ми, “иккипас”?..



Кўп ўқилган

Барчаси

Қомус

15:04 / 19.04.2023 0 6083
Жадидчилик

Қатра

20:08 / 18.08.2022 15 4916
Илк ватан

Қатра

01:01 / 10.01.2022 7 4555
Бир қоп ун

Қатра

17:08 / 21.08.2022 6 3982
Тинчлик

Қатра

01:01 / 18.01.2022 2 3411
Ўқиш пули

Бир куни...

03:12 / 09.12.2021 3 2979
Ҳар нарса ҳам кўринганидек эмас

Қатра

03:12 / 28.12.2021 1 2895
Туғилган кун

//