Ахлоқий маданият. Ахлоқий тарбия


Сақлаш
16:05 / 15.05.2023 0 1236

Ахлоқий маданият – жамиятдаги ахлоқнинг юксаклик даражасини, фуқароларнинг ахлоқий савиясини акс эттирувчи тушунча. У шахснинг жамиятдаги асосий ахлоқ меъёрларини эгаллаши ва ўзгалар билан шу асосда муносабатда бўлиши, ўзини ахлоқий томондан мунтазам такомиллаштириб бориши сингари жиҳатларни ўз ичига олади. Ахлоқий ақидаларнинг энг муҳим омилларидан бири – муомала одоби. Инсонлар бир-бири билан ҳамкорлик қилмасдан, ўзаро тажриба алмашмасдан, ўзаро таъсир кўрсатмасдан яшаши мумкин эмас. Бинобарин, мулоқот, муомала инсон учун асосий эҳтиёж, зарурат. Муомала одоби ўзгалар қадр-қимматини, ҳурматини жойига қўйишни, анъанавий ахлоқий-меъёрий талабларни бажаришни тақозо этади. Маъноли ва равон сўзлаш, суҳбатдошни тинглай билиш, нутқ маданияти муомаланинг муҳим жиҳатларини ташкил этади. Муомала одобида мулоқотнинг асосий воситаси бўлмиш тил катта аҳамиятга эга. Халқимизда «Сиз» ҳам, «сен» ҳам бир оғиздан чиқади» деган доно нақл бор. Шу боис мулоқот пайтида суҳбатдошга ҳурмат ифодаси сифатида ҳар бир сўзни суҳбатдошининг кўнглига, қизиқиши ва кайфиятига қараб, ёшини касбу кори, ижтимоий ҳамда оилавий аҳволини эътиборга олиб, ҳурматини жойига қўйиб гапириш, мулоқот жараёнида ўринсиз ҳаракатларга йўл қўймаслик лозим.

 

Муомала одобида кишининг кўз-қараши, нигоҳи, сўзсиз (новербал) ҳаракатлари ҳам муҳим роль ўйнайди. Маълумки, одамнинг қарашида, юз ифодасида, қўл ҳаракатларида унинг сўзга айланмаган ҳиссиёти, талаблари ўз аксини топади. Шу маънода, муомала одобида кишиларнинг насиҳат қилмасдан, одоб ўргатмасдан бир-бирига таъсир кўрсатиши ҳам диққатга сазовордир. Ахлоқий етуклик муомала одобини эгаллашдан бошланади. Ахлоқий маданиятнинг ўзига хос муносабатлар ифодаси – этикетдир. Ахлоқий маданият муайян ҳолат учун фақат бир хилдаги қоидалаштирилган хатти-ҳаракатларни тақозо этади. Ахлоқий маданиятнинг қамрови шу қадар кенгки, у оддий инсоний муносабатлардан халқаро миқёсда қабул қилинган муомала қонун-қоидаларгача ўз ичига олади. Масалан, сиёсий арбоб этикети, меҳмондорчилик ахлоқий маданияти, мезбон этикети ва ҳоказо. Ахлоқий маданиятнинг замонавий кўринишлари билан бирга, миллий-анъанавий шакллари ҳам бор, уларсиз ҳар қайси халқ ҳаётини тасаввур қилиш қийин. Масалан, саломлашиш одобини олиб кўрайлик. Ахлоқий маданият қоидасига кўра, кўчадан ўтиб кетаётган одам гузарда ёки дарвозасининг олдида турган кишиларга салом бериши, бу аснода ўнг қўл чап кўкракда, юракнинг устида туриши, бош эса таъзимга енгил эгилиши лозим. Кўришиш маданиятида эса қўлнинг учини бериб саломлашиш кўришаётган одамга нисбатан одобсизлик ва менсимасликни билдиради. Ахлоқий маданиятнинг яна бир жиҳати бор: унда одоб билан гўзалликнинг уйғунлигини кўришимиз мумкин. Яъни, Ахлоқий маданият орқали одобнинг қатъий қонун-қоидалари чиройли хатти-ҳаракатлар воситасида амалга оширилади. Касбий одоб ахлоқий маданиятнинг юксак шаклларидан бўлиб, унинг жамият ҳаётидаги ўрни беқиёсдир. Муаллимлик одоби, санъаткор одоби, журналист одоби, раҳбар одоби сингари касбий одоб турлари бунга мисол бўла олади. Касбий одоб амалий ахлоқ тарзида намоён бўладиган маънавий ҳодисадир.

 

Ахлоқий тарбия – жамият маънавий ҳаётидаги муҳим ижтимоий ҳодиса бўлиб, одоб-ахлоқ тизимини, ахлоқий фазилатларни замон талаблари асосида ҳар қайси авлод онгига сингдириш шакли. Ахлоқий тарбия адабиёт, психология, этика ва эстетика фанлари ўрганадиган илмий категориядир. Ахлоқий тарбия деганда ўсиб келаётган авлодда хулқ-одоб меъёрларига мос келадиган, замон талабларига жавоб берадиган инсоний сифатларни шакллантиришга қаратилган илмий ва амалий ҳаракатлар тизими тушунилади. Инсоннинг ахлоқий ҳаёти унинг ахлоқий тарбияси билан чамбарчас боғлиқ.

 

Ахлоқ тўғрисидаги фанларнинг асосий вазифаси ахлоқий баркамол инсон ва жамиятни тарбиялашнинг йўл-йўриқларини кўрсатиб беришдан иборат. Ахлоқий тарбия шу йўлдаги узлуксиз амалий жараёндир. Инсон ахлоқий тарбия орқали ахлоқий қадриятларни англаб етади, ўзида ахлоқий тажрибалар, кўникма ва фазилатларни шакллантиради, ахлоқий меъёрлар ва тамойиллар асосида яшашга ўрганади. Ахлоқий тарбия инсоният тарихи мобайнида иккита муҳим масалага жавоб излайди: бири – қандай яшамоқ керак, иккинчиси – нима қилиш керагу нима қилмаслик лозим. Ахлоқий тарбия – инсонни комилликка элтувчи йўл. Унинг воситалари кўп, бири анъанавий тарбия бўлса, иккинчиси замонавий тарбиядир. Одатда, ҳар икки турдаги воситалардан самарали фойдаланилади. Мактабгача ахлоқий тарбияда эртак ва ривоятлар, панд-насиҳатлар руҳидаги, анъанавий тарбия ўйин ва ўйинчоқлар воситасидаги замонавий тарбия билан ўзаро уйғун ҳолда қўлланади.

 

Ахлоқий тарбиянинг энг кучли воситаси – санъат. У аҳолининг барча табақасини – турли ёш ва касбу кордаги инсонларни қамраб олади. Ахлоқий тарбиянинг барча замонлар учун долзарб бўлган йўли намунавийлик тамойилидир. Ахлоқий тарбиянинг ақлий-маънавий ва жисмоний тарбия билан қўшиб олиб борилиши ҳам мақсадга мувофиқдир. Шахснинг ахлоқий тарбияси унинг муомала одоби, этикет қоидаларига риоя этиши, касбий одоби ҳамда ўзгаларга нисбатан муносабатнинг барча турларида кўриниши мумкин. Ахлоқий муносабатлар – кишилар фаолиятини мувофиқлаштириб, уларнинг эзгу, инсоний муносабатларини ифода этади. Ахлоқий тарбия тузилмаси – уч омил-асосдан иборат: ахлоқий англаш: (ахлоқий онг), ахлоқий ҳис этиш (ахлоқий ҳиссиёт) ва ахлоқий муносабатлар (ахлоқий хатти-ҳаракатлар). Ахлоқий тарбия жараёнида бу омиллар доимо бирга иштирок этиб, бир-бирини тақозо этиб келади. Ахлоқий тарбия тушунчаларига эзгулик, бурч, виждон, сахийлик, ҳурмат, ҳалоллик, поклик, ростгўйлик каби категориялар киради. Англаб амалга оширилган ҳар қандай ахлоқий қарор замирида ахлоқий ҳиссиёт ётади.

 

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги қўйилган

Барчаси

Бир куни...

18:12 / 04.12.2024 0 12
Бунинни жиддий рақиб деб бўладими?

Биласизми?

10:12 / 03.12.2024 0 30
Пул ва минора – улар “қариндаш”ми?

Биласизми?

17:11 / 21.11.2024 0 164
“Тариф”нинг таърифи ва тарихи



Кўп ўқилган

Барчаси

Қомус

15:04 / 19.04.2023 0 6380
Жадидчилик

Қатра

20:08 / 18.08.2022 15 4942
Илк ватан

Қатра

01:01 / 10.01.2022 7 4587
Бир қоп ун

Қатра

17:08 / 21.08.2022 6 4014
Тинчлик

Қатра

01:01 / 18.01.2022 2 3422
Ўқиш пули

Бир куни...

03:12 / 09.12.2021 3 2988
Ҳар нарса ҳам кўринганидек эмас

Қатра

03:12 / 28.12.2021 1 2907
Туғилган кун

//