Бир куни...
Ахлоқ (арабча хулқнинг кўплиги; лотинча moralis – хулқ-атвор) – маънавий ҳаёт ҳодисаси, ижтимоий онг шаклларидан бири, маънавият соҳасига оид тушунча. Кишиларнинг тарихан таркиб топган хулқ-атвори, юриш-туриши, ижтимоий ва шахсий ҳаётдаги ўзаро мунносабат, шунингдек жамиятга бўлган муносабатларини тартибга солиб турадиган барқарор, муайян меъёр ва қоидалар йиғиндиси. Ахлоқ – бу аввало инсоф ва адолат туйғуси, иймон, ҳалоллик дегани. Қадимги аждодларимиз комил инсон ҳақида бутун бир ахлоқий талаблар мажмуини, замонавий тилда айтсак, шарқона ахлоқ кодексини ишлаб чиққанлар. Киши қалбида ҳаромдан ҳазар, нопокликка, адолатсизликка нисбатан муросасиз исён бўлиши керак. Шундай одамгина лафзини сақлайди, бировнинг ҳақига хиёнат қилмайди, садоқатли бўлади, ватани, халқи учун жонини фидо этишга ҳам ўзини аямайди. Ахлоқ талаблари кишиларнинг феъл-атвори ва фаолиятида ўз ифодасини топади. Бунда баъзи хаттиҳаракат ва хулқ-атворлар ахлоқий, баъзилари ахлоқсизлик деб баҳоланади. Ахлоқ – ижтимоий онгнинг энг қадимий шаклларидан бири. Давр ўзгара боргани сари ҳар қандай ҳодиса каби ахлоқ ҳам ўзгаради, ривожланиб, такомиллашиб, маънавий маданиятнинг кўринишларидан бирига айланиб боради. Ахлоқни алоҳида фалсафий фан – «Этика» ва «Ахлоқшунослик» ўрганади. Унинг ахлоқ билан алоқадор «бурч», «виждон», «ор-номус» каби қатор категориялари мавжуд. Ахлоқ ҳодиса сифатида ижтимоий фаолиятни тартибга солишнинг бошқа шаклларидан ўз талабларининг асосланиши ва амалга оширилиши билан фарқ қилади. Ахлоқ меъёрлари ҳамма учун баробардир, лекин улар ҳеч кимнинг буйруғи билан жорий этилмаган бурч, мажбурият тарзида намоён бўлади. Ижтимоий ҳаётнинг турли соҳаларида ахлоқнинг ўзига хос меъёр ва қоидалари (меҳнат ахлоқи, хизмат кўрсатиш ахлоқи, касбий, тадбиркорлик, дипломатия этикаси, маиший турмуш, оила ахлоқи) мавжуд ва улар ахлоқнинг нисбатан мустақил соҳаларини ташкил этади. Ахлоқ ижтимоий онг шаклларидан бири ҳисобланиб, ҳар бир кишининг жамият ва оиладаги юриш-туриши, тартиб-қоидаларининг йиғиндиси сифатида гавдаланади. Демак, жамиятга, оилага, меҳнатга бўлган муносабатда ахлоқ белгилари намоён бўлади. Инсон хатти-ҳаракати ва хулқидаги йўналишлар, энг муҳим белгилар мужассамлашиб, шахс фаолиятида, унинг камол топишида ахлоқнинг асоси бўлиб хизмат қилади. Халқимиз ахлоқий тафаккур бобида бой меросга эга.
Ахлоққа оид фикрлар «Авесто»да, қадимги туркий тош битиклар ва бошқа ёзма манбаларда ўз ифодасини топган. Бундан ташқари, халқимиз орасида кенг тарқалган панднома ва одобномаларда, халқ педагогикасида, диний-фалсафий рисолалар ҳамда алломалар меросида ахлоқ масалаларига кенг ўрин берилган. Жумладан, буюк муҳаддис имом Бухорий «Ахлоқнинг яхши бўлиши, таомнинг покизалиги, ростлик ва омонатга хиёнат қилмаслик – мана шу тўрт хислатни Аллоҳ таоло сенга берган бўлсин, дунёвий ишлардан четда қолган бўлсанг ҳам, зарари йўқдир», деб ёзади. Аллома Воиз Кошифий эса «Инсоннинг қадр-қиммати унинг молмулки ёки ижтимоий келиб чиқиши билан эмас, балки маънавий қиёфаси, ахлоқий сифатлари билан ўлчанади», деб таъкидлайди. Улуғ маърифатпарвар Абдулла Авлоний ахлоқни бундай таърифлайди: «Инсонларни яхшилика чақиргувчи, ёмонликдан қайтаргувчи бир илмдур. Яхши хулқларнинг яхшилигини, ёмон хулқларнинг ёмонлигини далил ва мисоллар ила баён қиладурган китобни ахлоқ дейилур. Ахлоқ илмини ўқиб, билуб амал қилган кишилар ўзининг ким эканини, жаноби ҳақ на учун халқ қилганин, Ер юзида нима иш қилмоқ учун юрганин билур. Бир киши ўзидан хабардор бўлмаса, илмни, уламони, яхши кишиларни, яхши нарсаларни, яхши ишларнинг қадрини билмас, ўз айбини билуб, иқрор қилуб, тузатмакға саъй ва қўшиш қилган киши чин баҳодир ва паҳлавон кишидур». Абу Наср Форобий «Ахлоқ» тушунчасини кенг маънода талқин қилиб, дини, эътиқоди, ирқи, тилидан қатъи назар, барча инсонларни ҳамжиҳатлик ва ҳамкорликка чақиради.
Дунёда ягона ва бир бутун инсон жамоасини шакллантиришни, унинг ва барча фуқароларнинг манфаатларини кўзлаб фаолият кўрсатишини орзу қилади. Бу ғоя кейинчалик жаҳондаги кўплаб мутафаккирлар, жумладан, немис файласуфи И.Кант томонидан ҳам илгари сурилган. Бу ғоялар бугунги кунда ҳам нақадар муҳим аҳамиятга эга. Форобийнинг фикрича, юксак ахлоқий фазилатларга риоя қилган ҳолда ривожланаётган ҳар қандай давлат ўз фуқароларини, шакшубҳасиз, бахту саодат йўлига олиб чиқувчи кучдир. Инсон билимли ва намунали ахлоқ эгаси бўлгандагина ижобий хислатлари билан барчага ўрнак бўла олади.
Бир куни...
Биласизми?
Ҳикмат
Биласизми?
Бир куни...
Биласизми?
Қомус
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Бир куни...
Қатра
//
Изоҳ йўқ