Ахборот. Ахборотлаштириш


Сақлаш
14:05 / 12.05.2023 0 649

Ахборот (арабча ахбор – хабарлар, маълумотлар) – муайян воқеа-ҳодисалар тўғрисидаги хабар ёки маълумот, уларни тушунтириш, тушуниш ва идрок этишда қадим замонлардан буён қўлланиб келинаётган, кибернетика ва информатиканинг тараққиёти туфайли кейинги вақтда янги, кенг маъно касб этаётган тушунча, ОАВ орқали эълон қилинадиган кўрсатув ва эшиттиришларнинг номи, журналистика соҳасидаги махсус жанр ҳам шундай аталади. Бирон воқеа ҳақидаги батафсил маълумот, давлатлар ўртасидаги музокаралар натижасида тузилган битим ёки шартномалар тўғрисидаги расмий хабар ҳам ахборот дейилади. Халқаро ҳуқуқда икки ва ундан ортиқ давлат ўртасида олиб бориладиган дипломатик музокаралар натижасида тузилган битимлар, шартномалар ёки қабул қилинган бошқа қарорлар ҳақидаги хабар икки ёки ундан ортиқ давлатлар томонидан эълон қилинади. Икки давлат ўртасида олиб бориладиган музокаралар ҳақидаги ахборот одатда қўшма ахборот деб аталади. Кундалик ҳаётда бирор нарса (жараён, иш, ҳодиса) тўғрисида аниқ тасаввурга эга бўлиш учун керак бўладиган маълумот ёки янгиликлар ҳам ахборотдир. Ўтган асрнинг охири ва ҳозирги аср бошида ахборот воситаларининг жадал ривожланиши ХХI асрни «Ахборот асри» деб аталишига сабаб бўлди. Бугунги кунда замонавий ахборот технологиялари, ахборотлашган жамиятнинг интеллектуал салоҳиятини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Бугунги кунда ахборот асосида таълим-тарбия жараёни олиб борилмоқда, ижтимоий ҳаёт самарали бошқарилмоқда. Ҳозирги кунда ҳаётнинг бирор-бир соҳасини ахборотсиз тасаввур этиб бўлмайди. Ахборотлар банки (АБ), ахборот технологиялари кишилик фаолиятининг ажралмас қисмига айланмоқда.

 

Ахборотларни аниқ мақсадда йиғиш, сақлаш, тизимларга ажратиш ва улардан оммавий тарзда фойдаланишда техник, дастурий, алгоритмик ишлар ва уларнинг ташкилий воситалари беқиёс аҳамиятга эга. Ахборотлаштирилган жамиятнинг ҳар бир бўғинида Ахборотлар банкига мурожаат қилинади ва шу асосда замонавий таълим технологиялари яратилади ва таълим-тарбия жараёнларини оптимал бошқариш имконияти вужудга келади. Ахборотли модуль – таълим мақсадини белгилашга қаратилган, режалаштирилган натижалар билан чегараланган, фанлараро ва фан ичидаги боғлиқликни ҳисобга олиб тузилган ҳамда якуний назорат тизимини қамраб оладиган ўқув фани мазмунининг мунтазам ва тугалланган қисмидир. Ахборот ресурслари маълумотлар базалари ва банклари, турли хил архивлар, кутубхоналар, музейлар фонди ва бошқаларни ўз ичига олади. Ресурс – бирор нарса ёки ҳодисанинг захирасини белгилайди, айни вақтда у ахборот тизимидаги алоҳида ҳужжатлар ва уларнинг бутун бир мажмуидир. Ахборот ресурс маркази (АРМ) – ихтисослашган муассасада тўпланган ҳамда марказлаштирилган босма ва аудиовизуал материаллар мажмуасидир. АРМ компьютер ва алоқа воситалари ёрдамида қўшимча алоқа манбалари ва материалларига кириш имконини беради. АРМнинг асосий дастури таълим берувчи ва олувчилар томонидан ўқув дастурига мувофиқ тўпланган аудиовизуал материалларни ўз ичига олади. АРМ дастуридаги индивидуал ва технологик манбалар таълим берувчилар, медиатека мутахассислари ҳамда таълим олувчилар ўртасидаги ўзаро мунтазам алоқани таъминлайди. АРМ таълим муассасасидаги янгиликларни ёйишда ўқув муассасаси билан жамият ўртасидаги асосий алоқа тармоғи бўлиб ҳисобланади ва шу орқали у таълим олувчиларни зарур ахборотлар билан таъминлайди. Таълим муассасасининг АРМи учун китоблар, даврий нашрлар, микрофильмлар, слайдлар, грампластинкалар, компьютерли тизимлар, аудио ва видео ёзувлар асосий манбадир. Ахборот тармоғи (АТ) – алоқа тизимларида компьютерлар ёрдамида ахборотлашишга хизмат қилувчи қурилмаларнинг бир-бири билан боғланган ҳолати. Ахборот технологиялари (АТ) – ахборотларни йиғиш, қайта ишлаш, сақлаш, ифодалаш, тизимлаш, узатиш, истеъмолчи учун фойдаланишга қулай ҳолга келтириш жараёни компьютер ва телекоммуникация воситалари ёрдамида амалга ошириладиган, тартибга солинган ва ташкиллаштирилган тизим ва амалий дастурлар мажмуасидир. АТ ва улардан оқилона фойдаланиш туфайли инсоннинг ишлаб чиқариш фаолияти, кундалик мулоқот соҳаси, онгу тафаккури кенгайиб боради.

 

Замонавий ҳисоблаш техникаси ва алоқа воситалари асосида ахборотларни тўплаш, сақлаш ва керакли манбаларга узатишнинг замонавий компьютерлаштирилган усуллари бугун тобора ривожланиб бормоқда. Ахборот технологияси фани (АТФ) – ахборотларни йиғиш, сақлаш, қайта ишлаш ва режалаштирилган мақсадни амалга ошириш учун техник воситалардан фойдаланишни ўргатадиган фан. АТФ таълим ва кадрлар тайёрлаш жараёнини ахборотлаштиришнинг оптимал вариантларини топишда асосий интеллектуал манба бўлиб ҳисобланади. Ахборотни факсимил узатиш (АФУ) одамлар ўртасидаги ахборот алмашинуви бўлиб, унинг ёрдамида матн, газета, оддий қўлёзма, графика, фотография каби ҳужжатларни бир объектдан иккинчи объектга асл нусхасидек аниқ етказиб бериш жараёнидир. Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги ҳар бир шахснинг ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва тарқатишга ҳақли эканини билдиради. Мустақиллик йилларида юртимизда бу борада мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор яратилди. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 30-моддасида барча давлат органлари, жамоат бирлашмалари ва мансабдор шахслар фуқароларга уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига дахлдор бўлган ҳужжат, қарор ва бошқа хил ахборотлар билан танишиб чиқиш имкониятини яратиб бериши лозимлиги белгилаб қўйилган. «Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида»ги Қонунга кўра, мамлакатимиздаги ҳар бир фуқаро ўз манфаатларига дахлдор ахборотларни олиш имкониятига эга. Ҳозирги глобаллашув жараёнида ахборот ғоявий таъсир ўтказиш воситасига айланиб бормоқда. Айрим мафкура полигонлари ўзларининг ғаразли мақсадларига эришишда ахборот хуружларидан фойдаланмоқда.

 

 

Ахборотлаштириш – жамиятнинг маънавий ҳаётида рўй бераётган ижтимоий-техник ҳодиса бўлиб, замонавий информацион-технологик воситалар ёрдамида ижтимоий тузилма ва жараёнларни ривожлантириш, такомиллаштириш ва кескин кучайтиришни англатади. Ахборотлаштиришни янги жамият (ахборот жамияти)ни барпо этиш йўлидаги интеллектуал-гуманистик жараён сифатида тушунган ҳолда демократиянинг ривожланишига ва умуман сиёсий ҳаётга информатиканинг таъсири тўғрисида сўз юритиш мумкин. Ахборотлаштириш жараёни зиддиятли хусусиятга эга бўлгани учун уни баҳолашда ҳар хил ёндашувлар мавжуд. Аксарият ҳолларда унинг ижобий ижтимоий оқибатлари тўғрисида сўз юритилади. Жамиятни сиёсий ва ҳатто жисмоний соғломлаштириш йўлини кўпчилик ахборотлаштиришда кўради. Аммо бундай қарашларга «компьютер пессимизми» тушунчаси қарши туради. У ахборотлаштиришни одамларга техник турмуш ва фикрлаш тарзини сингдириш, инсонпарварлик тамойилларига қарши боришда айблайди. Шундай қилиб, бугунги дунёда ахборотлаштириш жараёнлари сиёсий мунозаралар объектига ҳам айланмоқда. Ахборотлаштириш ижтимоий-техник жараён сифатида жамиятнинг сиёсий ҳаёти, энг аввало, уни демократлаштириш билан чамбарчас боғлиқ. Ахборотлаштиришнинг кўлами, суръати ва йўналиши жамиятда содир бўлаётган ижтимоий-сиёсий ва маданий жараёнларга, жумладан, фан, таълим, умумий маданиятнинг глобаллашув даражасига ҳам узвий боғлиқ.

 

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги қўйилган

Барчаси

Бир куни...

18:12 / 04.12.2024 0 12
Бунинни жиддий рақиб деб бўладими?

Биласизми?

10:12 / 03.12.2024 0 30
Пул ва минора – улар “қариндаш”ми?

Биласизми?

17:11 / 21.11.2024 0 164
“Тариф”нинг таърифи ва тарихи



Кўп ўқилган

Барчаси

Қомус

15:04 / 19.04.2023 0 6380
Жадидчилик

Қатра

20:08 / 18.08.2022 15 4942
Илк ватан

Қатра

01:01 / 10.01.2022 7 4587
Бир қоп ун

Қатра

17:08 / 21.08.2022 6 4014
Тинчлик

Қатра

01:01 / 18.01.2022 2 3422
Ўқиш пули

Бир куни...

03:12 / 09.12.2021 3 2988
Ҳар нарса ҳам кўринганидек эмас

Қатра

03:12 / 28.12.2021 1 2907
Туғилган кун

//