Анъана


Сақлаш
15:05 / 08.05.2023 0 787

Анъана – тарихий жиҳатдан узвийлик ва ворисийликни англатадиган маънавий ҳаёт ҳодисаси, маънавиятга хос ижтимоий категория, аждодларнинг тарихан тўплаган маънавий қадриятларини авлодларга узатиш (бериш) воситаси. Анъана луғавий маънода мавҳум тушунча бўлса-да, аслида анъанага айланган расм-русумлар, урф-одатлар, маросимлар, удумлар, кўникма, малака, турмуш тарзи ва бошқа ҳақида фикр юритилганда, у аниқ маъно касб этади. Миллатлар, халқлар, элатларнинг тарихий хотирасига зўр ҳурмат билан қараш, аввало, анъанага айланган жараёнларда ўз ифодасини топади. Анъаналар халқларнинг тарихий ривожланиши жараёнида шаклланади. Одамларнинг турмуш тарзи, моддий шароитлари турли анъаналарнинг шаклланишига таъсир кўрсатади. Муайян ижтимоий тартиб-қоидалар, ахлоқ меъёрлари, урф-одат, маросим ва бошқа анъана сифатида намоён бўлади. Анъаналарни:

а) ижтимоий-тарихий ҳодиса;

б) жамият ҳаётидаги жараёнларнинг таркибий қисми;

в) кишилар ҳаёти ва фаолиятини белгилаш мезони;

г) жамият ва одамларни бошқаришнинг маънавий омилларидан бири сифатида ҳам тавсифлаш мумкин.

 

Анъаналар ёшларни тарбиялаш, уларни кекса авлод тажрибаларига ўргатиш воситаси ҳамдир. Ҳар бир даврнинг ўз анъаналари бўлиб, улар вақт ўтиши билан ўзгариб, мазмунан бойиб боради, баъзилари йўқолади, янгилари вужудга келади. Шунингдек, бир замоннинг анъаналари кейинги даврга мос келмаслиги мумкин. Давр талабига жавоб бермайдиган анъаналар унутилади, ўтмишга айланади. Анъана инсон фаолиятининг ҳамма соҳаларида намоён бўлади. Анъанани асосан икки турга бўлиш мумкин:

а) анъанага айланган хайрли (бунёдкорлик) маросимлар, ишлар, фаолият йўналишлари. Бундай анъана ижтимоий тараққиёт, миллий равнақ ва инсон камолоти учун мислсиз аҳамият касб этади;

б) анъанага айланиб қолган зарарли (вайронкорлик руҳидаги) маросимлар, ишлар, фаолият йўналишлари эса ҳар доим инсон онги ва руҳини қашшоқлаштириб, унинг маънавий тубан мавжудот бўлиб қолишига сабаб бўлиб, ижтимоий тараққиёт ва инсон камолотига завол етказади.

 

Тарихий жараёнлар, ижтимоий тараққиётнинг олдинга боришига, инсоннинг баркамол, соғлом равнақ топишига хизмат қиладиган ҳамда муайян халқ оммасининг туб манфаатларига мувофиқ келадиган маросимлар, расм-русум, урф-одат, турмуш ва тафаккур тарзи, меҳнат малакаси ва бошқа хайрли анъаналар таъсирида ривожланади ва қадриятга айланади. Уларнинг анъанага айланишининг уч жиҳати бор:

1) анъананинг муайян халқ, миллат ёки инсоният жамоалари асосий қисми томонидан эътироф этилиб, қадрланиши;

2) муайян жамоа ва жамоатчилик томонидан изчил рағбатлантирилиб, назорат этиб борилиши;

3) белгиланган муайян вақт ва шароитда ўз-ўзидан такрорланиб туриши шарт.

 

Муайян тарихий шароит ва ижтимоий муҳитда инсон ҳақ-ҳуқуқлари ҳамда қадрини улуғлайдиган, руҳини поклайдиган, ижтимоий тараққиёт ва шахс баркамоллиги учун хизмат қиладиган, инсонпарварликни қарор топтиришга ёрдам берадиган анъанага айланган барча маросимлар, фаолият йўналишлари қадриятларга муносабатни белгилаш мезони бўла олади. Анъанага айланган ҳар қандай маросим ёки турмуш тарзининг шакли эмас, балки мазмуни, моҳияти муҳимдир. Анъанага асосланган барча муносабатлар «анъанавийлик» (традиционализм) дейилади. Масалан, анъананинг ролини меъ ёридан орттириб кўрсатиш одатда анъанавийлик тушунчаси билан ифодаланади. Тушунчалардаги мазмунни, анъанавий турмуш ва тафаккур тарзи асосида замон ва макондан ажратган ҳолда мавҳум идрок этиш ва баъзи анъаналарни асоссиз мутлақлаштириш кўпинча ақидапарастликни вужудга келтиради. Анъанага партиявий, синфий, мафкуравий талаблар асосида ёндашиш, муносабатда бўлиш, шунингдек, бир ҳудуд ёки халққа хос анъаналарга бошқа ҳудуд ёки халқ нуқтаи назаридан баҳо бериш, шу асосда хулоса чиқариш мутлақо нотўғри. Дунёда қанча халқ, миллат, элат бўлса, ҳар бирининг ўзига хос ва ўзига мос анъаналари мавжуд. Уларда миллатнинг қиёфаси акс этади, уларни қадрламаслик миллатга нисбатан ҳурматсизлик ҳисобланади. Ҳар бир халқ ўз анъаналарининг соҳиби ва асровчисидир. Анъаналар умуминсоний ҳамда миллий бўлади. Кўп миллатли давлатларда барча миллатларнинг анъаналарига эътибор берилади.

 

Миллий анъаналар умуминсоний анъаналарнинг бир миллат даражасида намоён бўлишидир. Унда миллатга хос хусусиятлар ўз ифодасини топади. Масалан, меҳмондўстлик фазилатини оладиган бўлсак, бу фазилат турли миллатларнинг ҳар бирида ўзгача шаклда намоён бўлади. Юртимизда миллий анъаналаримизни асраш ва ривожлантириш масаласига доимий равишда устувор аҳамият берилмоқда. Бу эса халқимизнинг миллий онгини, сиёсий маданиятини юксалтириш, юртдошларимизда миллий ғурурни ўстириш билан чамбарчас боғлиқ.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги қўйилган

Барчаси

Биласизми?

17:03 / 12.03.2025 0 148
Туркистондаги қадимий аёллар байрами

Биласизми?

10:03 / 03.03.2025 0 127
“Қозонди” феълидаги “қозон” ҳақида

Биласизми?

10:03 / 03.03.2025 0 163
Маржумакдан шўрва қилиб бўладими?

Биласизми?

15:02 / 28.02.2025 0 141
Маймунжон, парманчак ва болдирғон

Биласизми?

14:02 / 28.02.2025 0 125
Хўжайин бўлолмаган хўжағат



Кўп ўқилган

Барчаси

Қомус

15:04 / 19.04.2023 0 9168
Жадидчилик

Қатра

20:08 / 18.08.2022 15 5306
Илк ватан

Қатра

01:01 / 10.01.2022 7 4897
Бир қоп ун

Қатра

17:08 / 21.08.2022 6 4329
Тинчлик

Қомус

22:08 / 04.08.2023 0 4135
Миллий урф-одатлар

Қатра

01:01 / 18.01.2022 2 3558
Ўқиш пули

Бир куни...

03:12 / 09.12.2021 3 3141
Ҳар нарса ҳам кўринганидек эмас

//