Алп


Сақлаш
16:05 / 03.05.2023 0 572

Алп – ўзбек халқ достонларида ғайритабиий куч-қудратга эга, мардлиги, жасорати, бунёдкорлиги билан ажралиб турувчи, тақдири халқ тақдири билан уйғун оловқалб (пассионар) авлод дарғасининг сифати ва унвони. Айнан ушбу сифатларга эга эпик қаҳрамонни ифодаловчи тушунча.

 

Манбаларда икки қўшин ўртасидаги жанг бошланиши олдидан яккама-якка олишувда иштирок этувчи паҳлавонлар ҳам алп деб юритилган. Ўзбек халқ қаҳрамонлик достонларида алп бош қаҳрамон ҳисобланади. «Алпомиш», «Гўр ўғли» достонларида халқнинг қадимий Алплик ҳақидаги тассаввурлар мукаммал бадиий ифодасини топган. Ушбу тизимга кўра, қаҳрамон туғилмасданоқ «танланган», яъни ҳомий эранлар назарида туради – назаркарда бўлади. Одатда алп халқнинг қуввати сўниб, омма заифлашган бир даврда, уни кучга эндирувчи ўзига хос даъваткор сифатида пайдо бўлади. Заиф авлод ичидан пассионар авлод ва унинг дарғаси – алп етишиб чиқади. Оловқалб авлод омманинг ҳаловатини бузади. Бу жараёнсиз этнос қувватга кирмайди, янги сифат босқичига кўтарила олди. «Алплик дарди» «танланган» қаҳрамон ва «танловчи» – ҳомий эранлар ўртасида бевосита мулоқот бошланганлигини ҳам билдиради. «Алплик дарди» қаҳрамоннинг ерда туғилиб, маълум маънода «ёввойилашган» руҳи ва танининг эранлар иқлимига мослашолмай қаршилик қилишида ўзига хос жиловлаш давридир. Эранлар ўз маконида қаҳрамон жисми – руҳини илоҳий нур ва (сув) шароб билан тоблаб, эмлаб, дарддан халос этишади. Унга алплик сиру синоатларини ўргатишади. Қаҳрамон ҳомий-эранлар маконида алп сифатида қайта яралади. Шундан сўнг қаҳрамон чинакам алплик кучқудратига, жангчилик санъатига, билимларга, мўъжизакор хусусиятлар ва белгиларга эга бўлади.

 

Алпомиш «ўтда куймас, қилич ўтмас, милтиқ ўқи ботмас...», Гўрўғли тимсолида эса Ер юзи, Ер ости, кўкда ҳам бемалол юра оладиган шахс намоён бўлади. Кўнглига барча илмлар, тиллар жо бўлади, назари тошни ёриб, эранлар берган оқ-қора патлар билан турли суратларга кира олади. Эранлар қаҳрамонга алплик қурол-аслаҳаларини тортиқ этишади, алп сифатида бажарадиган вазифаси, Ер юзидаги бурчи ва тақдири, ҳаётининг ибтидо-интиҳосини баён этишади. Эранларнинг қаҳрамонга ҳамкор қилиб ўз шерикларидан бирини тайинлашлари ҳам «Алплик тизимининг» таянч ҳалқаларидандир. Қаҳрамоннинг ўз алплигини амалда намойиш этиши ва халқ (қавми) томонидан алп (соҳибқирон) сифатида тан олиниши тизимнинг асосида туради. Алпомишнинг алп сифатида тан олиниши достон аввалида «ёй отиш» мусобақаси орқали тасвирланса, унинг янги салтанат тузиши эса достон воқелигини ташкил этади. Алпнинг ўз юртида янги салтанатга асос солиши, унинг камолини кўриши, умрининг сўнггида эран мақомига эришиб, улар маконига кетиши «Алплик тизими»нинг якуний ҳалқаларидир. Айни мотивлар «Гўрўғли» достонида мукаммал тасвирланган. Қаҳрамонга ҳамкор жанговор от ҳам алп босиб ўтган синов ва тобланиш жараёнидан бирма-бир ўтади. Даврлар ўтиши, эпоснинг кейинги сайқал топиши жараёнида «Алпомиш» ва «Гўрўғли» достондаги алплик тизимига тегишли бир қатор тамойиллар янгича бадиий талқин этилди.

 

Халқнинг алп ҳақидаги яхлит тушунчалар негизида идеал қаҳрамон хақидаги тасаввурлар мужассам этилган. Эпос талқинига кўра, Ер юзида издан чиққан тартибни ўзанига қайтариш оддий хом сут эмган банданинг қўлидан келмайди. Ердаги тартибнинг бузилиши эса ўз навбатида коинот ва Ер ости дунёси тартибини ҳам издан чиқаради. Шу сабабли коинот вакиллари – ҳомий эранлар бу жараёнга аралашади ва айни вазифани бажарувчи хос вакил танлашади. Ушбу вакил бутун борлиқ (космос, хаос, Ер) кучларининг қуввати пайванд бўлган жойдан униб чиқади. Чунки унинг космос, хаос ҳамда Ерда тобланган руҳи ва тани бутун олам тартибига ҳалал берувчи кучларнинг ҳар бирини ўз жойида (кўкдагисини кўкда, Ердагисини ерда, сувдагисини сувда) ўрнига қўйиш имконини беради. Шунинг учун ҳам алп оддий одамлар орасида туғилган хос – танланган киши ҳисобланади. Лекин у чинакам алп сифатида камолга етиш жараёнида лозим бўлган тобланиш, синовлар босқичидан ўтади. Алпомиш ва Гўрўғли каби афсонавий қаҳрамонлар ана шундай хусусиятларга, сифатларга эга шахс, ўзида чинакам комиллик қувватини мужассам этган алп тимсоллардир.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги қўйилган

Барчаси

Бир куни...

18:12 / 04.12.2024 0 12
Бунинни жиддий рақиб деб бўладими?

Биласизми?

10:12 / 03.12.2024 0 30
Пул ва минора – улар “қариндаш”ми?

Биласизми?

17:11 / 21.11.2024 0 164
“Тариф”нинг таърифи ва тарихи



Кўп ўқилган

Барчаси

Қомус

15:04 / 19.04.2023 0 6380
Жадидчилик

Қатра

20:08 / 18.08.2022 15 4942
Илк ватан

Қатра

01:01 / 10.01.2022 7 4587
Бир қоп ун

Қатра

17:08 / 21.08.2022 6 4014
Тинчлик

Қатра

01:01 / 18.01.2022 2 3422
Ўқиш пули

Бир куни...

03:12 / 09.12.2021 3 2988
Ҳар нарса ҳам кўринганидек эмас

Қатра

03:12 / 28.12.2021 1 2907
Туғилган кун

//