Бир куни...
Аллоҳ таоло (арабча олий даражадаги илоҳ, илоҳий куч, худо) – ислом динида олий илоҳий куч, Худонинг исми. Аллоҳ, Худо, Танг ри сўзларига одатда юксак сифат қўшилиб, Аллоҳ таоло, Худойи таоло, Тангри таоло шаклида жуфт қилиб айтилади. Таоло – улуғ, олий деган маънони билдиради.
Худонинг қайси сифати тилга олинаётганига қараб, бошқа сифатлар ҳам қўшилади: Ҳақ таоло, Аллоҳи карим, Парвардигори олам... Аллоҳ таолонинг Қуръони Карим ва Ҳадиси шарифда қайд этилган номлари 99 тадир. Тилимизда энг кўп қўлланувчилари сифатида қуйидагиларни келтириш мумкин: Ар-Раҳмон – ўта меҳрибон; Ар-Раҳим – жуда раҳмли; Ал-Малик – подшоҳ; Ал-Қуддус – нуқсонлардан холи; Ас-Салом – офат ва балолардан саломат; Ал-Мўъмин – омон ва омонлик берувчи; Ал-Азиз – иззат ва қудрат соҳиби; Ал-Холиқ – яратувчи, халқ этувчи; Ал-Ғаффор – кечиргувчи; Ар-Раззоқ – ризқ берувчи; Ал-Фаттоҳ – ҳукм этувчи; Ал-Қаҳҳор – ғолиб; Ал-Алийм – билувчи, доно, илм соҳиби; Ал-Азийм – улуғ, буюк, катта; Ал-Карим – карамли, саховатли, кечиримли; Ал-Ғаний – бой, эҳтиёжсиз; Ал-Ҳақ – ҳақиқатдан мавжуд зот; Ал-Ҳай – тирик; Ал-Воҳид – ягона; Ас-Самад – ҳожатбарор; Ал-Қодир – қудратли; Ал-Ҳодий – йўл кўрсатувчи; Ар-Рашид – барча иш ва тадбирлари тўғри чиқувчи; Ал-Ҳофиз – сақлагувчи... Аллоҳнинг мазкур ва бошқа исмларига абду, яъни қул сўзи қўшилиб, киши отлари ясалади: Абдураҳмон – ўта меҳрибон Аллоҳнинг қули; Абдураҳим – жуда раҳмли Аллоҳнинг қули; Абдулқуддус – нуқсонлардан холи Аллоҳнинг қули; Абдулкарим – карамли, саховатли, кечиримли Аллоҳнинг қули; Абдулғани – бой, эҳтиёжсиз Аллоҳнинг қули; Абдулалим – билувчи, доно, илм соҳиби бўлган Аллоҳнинг қули ва ҳоказо. Фарзандларга бундай исмлар қўйилар экан, уларда шундай улуғ фазилатлар бўлсин, деб ният қилинади.
Аллоҳнинг сифатлари инсон сифатларидан тубдан фарқ қилади. Дейлик, Аллоҳни кўрувчи, эшитувчи, билувчи деб таърифлаганимизда, унинг мазкур сифатлари биз таъкидлаганимиздек чегарали эмас. Одам яқинни кўради, яқиндаги товушни эшитади, маълум миқдордаги билимга эга бўлади. Аллоҳ таолога эса узоқ-яқин масофаларнинг барчаси баробар. У биз ҳали айтиб улгурмаган дилимиздаги гапларни ҳам билади ва эшитади. Одатда кўпгина маълумотлар одамнинг ёдидан кўтарилиб кетади. Аллоҳ эса бирорта катта ёки кичик воқеани унутмайди. Унинг учун бир сония ҳам, миллион йил ҳам баробар. Унинг илми ўзгариб ёки камайиб қолмайди. Аллоҳ таолонинг зоти ва сифатлари тўғрисида чуқур баҳс юритиш шаръан ман этилади. Чунки унинг ҳамма сифатлари ўзига хос хусусиятга эга. Уларни билиб, моҳиятига етишга инсон ақли ожизлик қилади. Шунинг учун унинг биру борлигига чин иймон келтириб, ожиз ақлни унинг ҳақиқати тўғрисида кўп ўйлаб чарчатишга ҳожат йўқ. Сўфи Оллаёр айтганларидек: «Фаришталар, набийлар етмадилар, // Бўйин сундилар-у, фикр этмадилар». Аллоҳ таоло бирор инсонни иймонли бўлишга ёки кофир бўлишга мажбур қилмайди, балки унга ақл, идрок, ихтиёр бериб қўйганки, хоҳласа, ўз ихтиёри билан саводли ишлар қилиб шариат таклифларини қабул этади, ҳоҳласа, иймонли бўлган ҳолда ҳаёт кечиради ёки иймонсиз гуноҳ ишларга қўл уради.
Аллоҳ таоло бирор нарсага ўхшатилмайди ва бирор нарса ҳам Аллоҳга ўхшатилмайди. Аллоҳ ҳамма жойда ҳозирдир, аммо ўзи бемакондир, яъни коинотнинг бирор жойида маскан тутиб истиқомат қилмайди. Маскан, манзил, макон ва жой махлуқларга, яъни яратилган нарсаларга, жумладан, одамларга хосдир. Тангри таолога вақт, замон ҳам дахлсиздир. Аллоҳ фалон вақтдан бери бор ва фалон вақтгача мавжуд, дейилмайди. У ибтидосиз ва интиҳосиздир. Туғилиш они, яшаш муддати ва ўлим махлуқлар, жумладан, одамларга хосдир. Киши кўзига кўринмагани учун Уни инкор этиш ва Биру борлигига шак келтириш ақлсизлик ва шаккокликдир. Чунки биз дунёда кўп нарсаларни кўрмаймиз, лекин борлигига шак ҳам келтирмаймиз. Масалан, руҳ, ҳаво, электр токи ва шу кабиларни кўрмасак-да, белги ва аломатларидан борлигига ишонч ҳосил қиламиз. Тангри таолони ҳам кўз билан кўролмасак-да, беҳисоб аломатларидан билиб, унга иймон келтирамиз. Еру осмон, ою қуёш, тун ва кун, қиш ва ёз, наботот, ҳайвонот ва инсоният олами – буларнинг барчасини Аллоҳ таоло яратганини уларнинг ўзи исботлаб турибди. Фақат уларни идрок этиш учун ибрат кўзи ва иймон нури керак.
Бир куни...
Биласизми?
Ҳикмат
Биласизми?
Бир куни...
Биласизми?
Қомус
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Бир куни...
Қатра
//
Изоҳ йўқ