Бир куни...
Адолат (арабча одиллик, тўғрилик ҳамма учун баробар бўлган ҳақиқатнинг талаб ва тамойилларига амал қилиниши) – инсониятнинг азалий орзуси, эзгу ғояси, маънавият, ахлоқ ва ҳуқуқнинг меъёрий категорияларидан бири.
Жамият ҳаётидаги ҳодисалар, тартиб-қоидаларнинг асл инсоний идеалларга, ҳақиқат мезонларига қанчалик мос эканини аниқлашда ҳамма замонларда ҳам асосий маънавий мезон бўлиб хизмат қилади. Жамиятнинг шахсга, шахснинг жамиятга ва бир шахснинг иккинчи шахсга муносабатида намоён бўладиган адолат тамойили ана шу муносабатларни баҳолашнинг ўзгармас мезонидир. Адолат юксак маънавий қадрият бўлиб, бахт, озодлик, тенглик, дўстлик, тинчлик тушунчалари каби инсоннинг азалий эзгу интилишларининг тимсолидир. Адолат ҳақидаги илк тасаввурлар жуда олис замонларга бориб боғланади. Қадимги давр мутафаккирлари уни универсал қонун сифатида талқин этган. Масалан, Зардушт адолатни «арта» тушунчаси ёрдамида ифода этар экан, уни оламдаги икки қутбдан бири деб ҳисоблайди. Юнон файласуфи Афлотун адолат муаммосини тизимли тарзида ўрганиб чиқишга ҳаракат қилган. Унинг ижтимоий-сиёсий концепциясида адолат ҳукмронлик ва имтиёз тушунчаларига яқин категория сифатида шарҳланган. Файласуфнинг фикрича, ҳар бир табақа ичида тенглик бўлмоғи, табақалар ўртасида тенглик ҳукм сурмоғи адолатдандир. Арасту бу ғояларни ривожлантириб, «тенглаштириш» ва «тақсимлаш адолати» деган тушунчаларни қўллаган. Форобий адолатни ижтимоий иерархия ва тартибнинг мавжуд бўлиши учун пойдевор яратувчи ҳуқуқий категория деб таърифлаган. XVIII асрга келиб адолат ижтимоий тенглик билан боғлиқ ҳолда кун тартибига қўйила бошланди. Ҳозирги замон фалсафий адабиётларида адолат жамиятдаги барча ижтимоий муносабатларни ифода этувчи категория сифатида таърифланмоқда.
Адолат жамиятда олтита асосий вазифани бажаради.
Биринчидан, жамиятдаги ижтимоий муносабатларни мақсадга мувофиқ ташкил этади. Иккинчидан, турли ижтимоий гуруҳ ва синфлар манфаатларининг ҳимоя қилинишини таъминлайди, улар орасидаги мувозанатни сақлаб туради. Учинчидан, жамиятдаги мулкчилик муносабатларини, ишлаб чиқариш фаоллигини оширади. Тўртинчидан, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимояловчи восита сифатида хизмат қилади. Бешинчидан, воқеликда кенг илдиз отган, лекин ижтимоий тараққиётга тўсиқ бўлаётган муносабатларни бартараф этишга даъват қилади. Олтинчидан, одамларда келажакка ишонч туйғусини уйғотади ва кучайтиради. Адолат инсонлар ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг асосий мезони бўлгани учун доимо ижтимоий аҳамият касб этади. У жамият (социум) ҳаётида муҳим аҳамият касб этадиган социал қадриятдир, шу сабаб «ижтимоий адолат» тушунчасидан фойдаланилади. Ижтимоий адолат жамиятда демократиянинг мавжудлиги, инсоннинг ижтимоий ҳимоялангани, барчанинг қонун олдидаги тенглиги, шунингдек, фуқароларнинг иш билан таъминлангани, тиббий хизмат, уй-жой, таълим, маданий неъматларга дахлдорлигини англатувчи ижтимоий тизимдир. Ижтимоий адолат реал қадрият бўлиб, бугунги кунда у фуқаролик жамиятининг узвий бир қисми ҳисобланади. Демократия жамиятда кўпчилик учун ўз қобилият ва салоҳиятини рўёбга чиқариш шароитини яратади. Бу эса ижтимоий адолат тамойиллари учун катта имкониятларни юзага чиқаради. Шунингдек, инсоннинг ижтимоий ҳимоялангани ҳам фуқаролик жамиятининг барқарор ривожини таъминлайдиган адолат омилидир. Барчанинг қонун олдидаги тенглиги ҳам фуқаролик жамияти ҳаётида муҳим омил сифатида амал қилади.
Замонавий фуқаролик жамиятида инсонни инсон қиладиган ижтимоий адолат асоси – таълим, тиббий хизмат, уйжой, меҳнат каби неъматлардан ҳамма учун эркин фойдаланиш имкониятининг мавжудлигидир. Инсон доимо жамият ҳаётида муҳим ўринга эга бўлишга интилиб яшайди, бу – унинг асосий эҳтиёжларидан бири. Фуқаронинг ҳуқуқ ва бурчларининг мослиги ҳам фуқаролик жамиятидаги адолатли муносабатларни аниқ изга солувчи омилдир. Бундан нафақат жамият, балки шахснинг ўзи ҳам катта манфаат кўради. Ана шу мослик туфайлигина инсон бошқалардан ҳурмат ва эътироф кутишга ҳақли. Жиноятга яраша жазо тизими бўлмаган шароитда ҳар қандай жамият тараққиёт борасида қийинчиликларга дуч келиши табиий. Агар жиноятни жазосиз қолдирмайдиган тизим ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш кучига эга бўлса, меҳнат ва унинг баҳоланиши ўртасидаги мослик – иқтисодий муносабатларни тартибга солади. Бугунги замонавий жамиятни ана шундай мослик қоидасисиз тасаввур этиш мушкул. Бу мослик бутун иқтисодий тизимнинг пойдеворини ташкил этади.
Адолатнинг ўзи бирор-бир қадриятни англатмайди, лекин қадриятлар ўртасидаги нисбатни белгилайди, уларни баҳолаш хусусиятига эга. Шу боис адолат ҳодисасида жамиятни тартибга солувчилик хусусияти бор. Адолатда икки маънавий жиҳат – ҳам ахлоқий, ҳам ҳуқуқий талаблар мужассамлашган. Уни маълум маънода ахлоқ соҳасидаги миқдор ўлчовчи ҳам дейиш мумкин: у талаб билан тақдирлашни ўлчаб турадиган тарозидир. Адолат бор жойда ижтимоий зулм, бебошликка йўл йўқ.
Арасту адолат хусусида бундай дейди: «Икки хил адолатлилик бор. Бири – қонунга мувофиқлилик. Қонун буюрганини қилиш адолатли иш ҳисобланади. Қонун одамлардан мард, оқил ва фозил бўлишни талаб қилади. Шунинг учун ҳам одиллик – энг мукаммал фазилат саналади. Модомики, адолатлилик қонунга мувофиқ яшаш экан, қонун эса барчадан адлу инсоф билан яшашни талаб қилар экан, қонун асосида иш тутадиган одам – энг фозил одамдир. Адолатлилик энг яхши фазилатдир». 1991 йил 31 августдан буён мустақил тараққиёт йўлидан қатъият билан бораётган жамиятимиз тобора демократлашиб, давлат, жамият ва шахс муносабатларида адолат ва гуманизм ғояларига асосланмоқда. Халқимизнинг ўз ери, мулки, шаъну шарафига, ўз юрти, ўз қадриятларига ўзи эга бўлиб, ўз келажагини ўз қўли билан барпо этаётгани, бу йўлда қўлга киритилаётган буюк марралар юртимизда адолат тамойиллари барча соҳаларда амалий тасдиғини топаётганининг яққол ифодасидир.
Соҳибқирон Амир Темур бобомизнинг бир умр «Куч – адолатдадир» деган ҳикматга амал қилиб яшагани халқимизнинг бу борада етарли билим ва тажриба, анъана ҳамда қадриятларга эга эканини кўрсатади. Ана шундай бой меросга суянган ҳолда юртимизда ҳуқуқий-демократик давлат ва фуқаролик жамияти қуриш халқимизнинг асосий мақсадидир. Бу мақсадни амалга оширишда:
а) демократиянинг умуминсоний тамойилларига риоя қилинади;
б) инсон ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади;
в) демократик ҳуқуқ ва эркинликлар Конституция ҳамда қонунлар билан ҳимоя қилинади;
г) барчанинг қонун олдида тенглиги таъминланади.
Бугунги кунда адолат барчанинг қонун олдида тенглиги ва қонуннинг барчага тенг тегишлилиги эканини англатади. Яъни, «Адолат – қонун устуворлигида» деган тамойил асосида юртимизда ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий негизда ривожлантириш мамлакатимизда адолатли жамият барпо этишга қаратилган барча ўзгариш ва ислоҳотларнинг маъно-мазмунини ташкил этади.
Адл – адолат, одиллик, ҳаққонийликни ифодалайдиган тушунча. Бу тушунчани қуйидагича ҳам изоҳлаш мумкин:
1) судда инсоф ва адолат юзасидан ҳукм чиқариш;
2) тўғрини нотўғридан, ростни ёлғондан ажрата билиш, бирон томонга ён босмаслик;
3) зулмни бартараф этиш, инсоф юзасидан иш кўриш, мазлумни ҳимоя қилиш.
Ҳазрат Алишер Навоийнинг «Кимки ҳақиқатни ёлғондан, тўғрини нотўғридан ажрата билса, у ўз адли билан Ғарбу Шарқни ёритган бўлади» деган сатрларида мазкур иборанинг маънавий-маърифий моҳияти мужассамлашган. Тилимизда адл билан боғлиқ бир талай сўз бирикмалари ҳосил қилинган. Масалан, адл мезони деганда адолат тарозуси, яъни қонун асосида ҳақиқатни тиклаган киши, адл қонуни, адл тариқи деганда, шариат низомлари, адлу дод посбони деганда, адолат ҳимоячиси, одил подшо, ҳақгўй қози, Адлу инсоф деганда, ўртада туриб, ҳақиқатни аниқлаш, тўғрилик, тўғри қарор қабул қилиш назарда тутилади.
Бир куни...
Биласизми?
Ҳикмат
Биласизми?
Бир куни...
Биласизми?
Қомус
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Бир куни...
Қатра
//
Изоҳ йўқ