Адаб


Сақлаш
16:04 / 26.04.2023 0 650

Адаб (арабча) – шахснинг тарбиявий даражаси, ахлоқий қиёфаси, маънавий баркамоллигининг асосий шарти ва мезони ўзбек тилидаги одоб ва ахлоқ сўзларининг ўзгарган шакли, маънодоши. Киши адаб орқали эл-юрт ўртасида обрў-эътибор, иззат-ҳурмат топади. Халқимиз ҳаётида қадим-қадимдан муҳим роль ўйнаб келгани учун муносабатларнинг деярли барча шакл ва кўринишларига шу нуқтаи назардан ёндашилган. Уларга ном ва баҳо беришда адаб асосий мезон бўлган.

 

Шу асосда адабнинг турли даража ва кўринишлари шаклланган: бола адаби, қиз бола адаби, келинлик адаби, куёвлик адаби, шогирдлик адаби, касб-ҳунар адаби, мезбон ва меҳмон адаби, тижоратчи адаби, санъаткор адаби, спортчи адаби, юриш-туриш адаби, муомала адаби, сиёсат адаби, баҳс адаби ва ҳоказо. Дунёдаги халқларнинг ахлоқ-одоб меъёрлари, уларнинг дунёқараши, анъана ва қадриятларига қараб, бир-бириникидан тубдан фарқ қилади. Масалан, Африкада яшайдиган каннибал қабилалари (одам гўштини ейдиган ёввойи қабилалар) орасига тушиб қолган одамлар улар ейдиган овқатни емай қўйса, адабсизлик қилган бўлади. Натижада унга «илтифот» кўрсатган жамоа аъзоларининг норозилигига сабаб бўлади, ҳатто жазога тортилиши ҳам мумкин. Шунинг учун ҳам тақдир тақозоси билан бирон-бир халқ ичида яшаб қоладиган одам унинг урф-одат ва адаб меъёрларига бўйсунишга мажбур. Бу – унинг тарбиявий даражасини кўрсатувчи белгилардан бири. Мустақиллик йилларида халқимиз мустабид тузум даврида топталган асл қадриятлари қатори ота-боболаримиз минг йиллар давомида амал қилиб келган одоб-ахлоқ меъёрларига қайтиш имконига эга бўлди. Она тилимизда адаб билан боғлиқ ҳикматли сўзлар, мақолларнинг жуда кўплиги адаб миллий маънавиятимизнинг устунларидан бири эканини тасдиқлайди. Масалан, «Адабни адабсиздан ўрган», «Адабли бола элга манзур» ва ҳоказо. Адабнинг зидди адабсизлик, ҳаёсизлик, маънавий жиҳатдан тубанликка юз тутишдир.

 

Инсон адаби икки йўл билан шакллантирилади:

1) наслдан-наслга ўтади;

2) таълим-тарбия, маърифий таъсир, ибрат ва намуна, билим ва кўникма орқали шаклланади.

Мавлоно Жалолиддин Румий «Ичиндаги ичиндадир» асарида «Барча билимлар ва фанларни ўзлаштириш аслида адабни ўрганишдир» деб таъкидлайди. Адаб одобнинг эквиваленти сифатида қўлланса-да, айрим ўринларда маъно нозикликлари билан ундан фарқ қилади. Масалан, «Адабини беришади», «Адабингни ейсан» каби иборалардаги адаб сўзи ўрнида одоб сўзини қўллаб бўлмайди. Адаб этика, эстетика, психология, жамиятшунослик, адабиёт сингари фанларнинг асосий мавзуларидан биридир. Адабиёт атамасининг негизини адаб сўзи ташкил этиши, бадиий адабиётимизда адаб масаласи бош мавзу бўлиб келгани миллий маънавият ва тафаккуримиз тарихи, бугунги ва эртанги ривожини белгилайди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги қўйилган

Барчаси

Биласизми?

17:03 / 12.03.2025 0 148
Туркистондаги қадимий аёллар байрами

Биласизми?

10:03 / 03.03.2025 0 127
“Қозонди” феълидаги “қозон” ҳақида

Биласизми?

10:03 / 03.03.2025 0 163
Маржумакдан шўрва қилиб бўладими?

Биласизми?

15:02 / 28.02.2025 0 141
Маймунжон, парманчак ва болдирғон

Биласизми?

14:02 / 28.02.2025 0 125
Хўжайин бўлолмаган хўжағат



Кўп ўқилган

Барчаси

Қомус

15:04 / 19.04.2023 0 9168
Жадидчилик

Қатра

20:08 / 18.08.2022 15 5306
Илк ватан

Қатра

01:01 / 10.01.2022 7 4897
Бир қоп ун

Қатра

17:08 / 21.08.2022 6 4329
Тинчлик

Қомус

22:08 / 04.08.2023 0 4135
Миллий урф-одатлар

Қатра

01:01 / 18.01.2022 2 3558
Ўқиш пули

Бир куни...

03:12 / 09.12.2021 3 3141
Ҳар нарса ҳам кўринганидек эмас

//