Бир куни...
Қуръони Карим – ислом динининг муқаддас Китоби, 30 пора (қисм), 114 сура, 6236 оят (Замаҳшарийга кўра, 6666 оят), 77439 калима, 325743 ҳарфдан иборат тўплам. Қуръони Карим маккавий ва мадинавий сураларга бўлинади. Қуръони Каримнинг 86 сура, 4613 оят Маккада 610–622 йилларда, 28 сура, 1623 ояти Мадинада 622–632 йилларда (Абдулазиз Мансурга кўра, 91 та сура, 4780 та оят Маккада, 23 та сура, 1456 та оят Мадинада) нозил қилинган.
Қуръони Каримда аввалги замондаги пайғамбарлар ҳаётидан ибрат ва сабоқлар келтирилиб, одамларни тавҳидга (яккахудоликка) чақирилади. Қуръони Карим оятларини ўз вақтида ёзиб бориш учун Муҳаммад (с.а.в.) ўзларига тўртта котиб (Али ибн Абу Толиб, Муовия ибн Абу Суфён, Убай ибн Каъб, Зайд ибн Собитларни) тайин этганлар. Қуръони Каримни мукаммал ёд олган саҳобалар кам бўлган. Устига устак «Ямома» жангида 70 та ва «Мауна» жангида яна 70 та, жами 140 та ҳофизи қуръон даражасига етишган қорилар шаҳид бўладилар. Мана шундай табиий ҳодисалар сабабли Қуръони Каримни китоб ҳолига келтириш эҳтиёжи туғилади. Машҳур муҳаддис Абу Убайд ал Ҳиравийнинг нақл қилишича, Муҳаммад (с.а.в.)нинг вафотига қадар ҳофизи қуръонларнинг сони 24 нафар саҳобаларни ташкил қилган. Қуръони Карим оятлари мукаммал нозил қилиниб тугатилганлиги Муҳаммад (с.а.в.)нинг вафотларидан кейин маълум бўлди.
Қуръони Карим оятлари нозил бўлиш тартиби билан ёзиб борилмаган, балки Муҳаммад (с.а.в.) ҳар бир сура ва оятни қайси жойга, қайси оятдан олдин ёки кейин ёзишликни мунтазам кўрсатган. Саҳифаларни жам қилиш ва тўлиқ бир китоб шаклига келтириш ҳаракати Хулафои Рошидин даврининг биринчи халифаси Абу Бакр Сиддиқ (р.а.) замонида бошланган. Бу муҳим вазифани Собит ўғли Зайд бошчилигида тўпланган ҳайъат бажарди. Собит ўғли Зайд ғоят эҳтиёткорлик билан иш кўрди. У Қуръони Карим оятларини фақат қориларнинг хотирасидагиларни етарли деб билмади. Айни дамда, Муҳаммад (с.а.в.) ҳаётлигида тайин этилган ваҳий котиблар томонидан ёзилган ҳамма оятларни қўлга олди. Ҳар бир оят учун икки одил шоҳид (гувоҳ) эшитилди. Гувоҳлар Пайғамбар (с.а.в.) кўз ўнгида бу оятларнинг ҳақиқатан ёзилганига гувоҳлик беришган. Халифа Абу Бакр (р.а.) замонида тўпланган бу Қуръони Карим нусхаси иккинчи халифа Умар (р.а.)га ўтади. Кейин, Умар(р.а.)нинг қизи ва Муҳаммад (с.а.в.)нинг завжаси (хотини) Ҳафсага қолади.
Қуръони Каримни китоб ҳолига келтириш учинчи халифа Усмон (р.а.) даврида якунига етади. 650 йил (ҳиж. 30 йил) Усмон (р.а.) халифалиги даврида Қуръони Каримнинг ўқилиши борасида баъзи ихтилофлар келиб чиққач, иккинчи ҳайъат яна тўпланади. Ҳайъат раиси қилиб Собит ўғли Зайд сайланади. Абдуллоҳ ибн Зубайр, Саид ибн Ос, Ибн Аббос, Анас ибн Моликлар ҳайъат аъзолари этиб тайинланадилар. Ҳафсадан келтирилган Қуръони Карим нусхаси асос тутилиб кўпайтирилади. Бу иккинчи ҳайъатда саҳобалардан 12 киши бор эди. Қуръони Карим бир ривоятга кўра, 5 нусха, бошқа ривоятларга қараганда 6 ёки 7 нусха қилиб тайёрланади ва мусулмон мамлакатларига юборилади. Шундан кейин, Усмон (р.а.) ўша даврга қадар кимда ўзича ҳар кимлардан эшитиб ёки кўчириб олган саҳифалар бўлса, уларни куйдириб юборишга ва фақат сўнгги ҳайъат тасдиқлаган Қуръони Карим нусхаларига риоя этишга буйруқ чиқаради. Қуръони Карим нусхаларидан бирини Ҳазрати Усмон Мадинада ўзида олиб қолиб, (Ҳафсанинг Китоби ўзига қайтарилади) қолган нусхалари Макка, Шом, Яман, Баҳрайн, Басра, Куфа шаҳарларига бир донадан юборилади.
Қуръони Каримнинг илк нусхалари ўша даврдаги арабларнинг асосий ёзуви саналмиш «куфий» хати билан ёзила бошлаган. Кейинчалик, араб ёзуви тараққий этиб борган сари Қуръони Карим хати ҳам ривожланиб, ҳозирда «насх» ва «сулс» деб аталувчи нуқталар, ҳаракатлар билан ишоратлаб кўчириш ишлари амалга оширилди. Бизнинг диёримизга ҳам мазкур мусҳафи Усмоний нусхаларидан бири турли сабаблар билан етиб келган ва айни пайтда Тошкент шаҳридаги Ҳазрати Имом мажмуаси музейида сақланиб келмоқда. Қуръони Карим шунча давр ўтганига қарамай, 23 йил мобайнида Муҳаммад (с.а.в.)га қандай нозил этилган бўлса, шундай таблиғ этилиб, сўзма-сўз, ҳарфма-ҳарф, асл ҳолича ҳозирга қадар етиб келди ва турли тилларга таржима қилинмоқда. Бироқ, бу таржима эмас, балки олимларнинг фикрига кўра, Қуръони Карим маънолари, яъни тафсирларидир.
Бир куни...
Биласизми?
Ҳикмат
Биласизми?
Бир куни...
Биласизми?
Қомус
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Бир куни...
Қатра
//
Изоҳ йўқ