Хитойда асирликдан омон қолган, ўрис пошшонинг полвонини йиқитган ўзбекнинг Аҳмад полвони


Сақлаш
21:04 / 14.04.2023 0 767

Шеърларини ўқиб, бир неча авлод тарбия топган шоир Толиб Йўлдош жуда одамжон киши. Кўнгли келиб қолса, суҳбатга жон киргизиб юборади. Шоир давраларда ўтган полвонлар, уларнинг турли саргузаштларини ҳузурланиб сўзлайди. Масалан, Аҳмад полвон ҳақида худди бирга-бирга юриб, бирга-бирга туриб, бел олишиб, лутф қилишгандек ҳикоя қилади. Толиб Йўлдош бундай пайтда сўз полвони бўлиб сўзлайди:

 

«Аҳмад полвон бу ўртада ўтган ҳеч бир полвонга ўхшамаган. Гапи билан иши бир, кучим бор деб мақтанмаган, кичик феъл одам бўлган… Бир деҳқон бозорга кетаётганида устига тўла қовун ортилган араваси бориб-бориб ариққа тиқилган. Деҳқон яқин атрофдаги чойхонада ўтирган беш-ўн бўз йигитни ёрдамга чақирган. Ҳалигилар биргалашиб ундай кўрган, бундай кўрган – бўлмаган. Шу воқеа устига Аҳмад полвон келиб қолган.

 

– Ҳорманглар…Чиқмаяптими? – деган.

– Чиқариб кўринг, – деган булар.

 

Полвон тўнининг ўнгирини қайириб: «Қани кўрайлик», – дея шотидан тутиб, аравани қовун-повуни билан судраб, тепаликка олиб чиқиб қўйган. Сўнг «Эҳ, йигитлар, сиз гуручнинг ширасувига палов емас экансизларда», деб кетворган.

 

Алп Аҳмаднинг Ўрис полвонни йиқитганиям қизиқ (1895 йил). Ўрис полвон – Рус подшосининг баҳодири Риппел Тошкентда бир қанча вақт томоша кўрсатиб, «Шаҳрингизда менга тенг одам йўқ», деб мақтанган. Ҳарб талаб қилган. Аммо унга даъвогар бўлиб ҳеч ким чиқмаган. Шунда Аҳмад полвоннинг жўралари: «Сен чиқ» деб қўйишмаган. Полвон «Розиман, фақат бир оти илдам извошни кураш жойига яқин бекитиқча ушлаб турасиз, кураш тугаши билан мени даврадан тезда олиб чиқиб кетасиз» деб шарт қўяди. Тумонат одам йиғилган курашда Аҳмад полвон ўрис полвонни айлантириб, шундай йиқитганки, анча вақт ўзига келмай қолган. Ҳушига келибоқ, югурганча кийим алмаштирган жойидан милтиғини олиб чиқиб: «Қани мени йиқитган? Ҳозир отиб ташлайман», деб ҳар томонга чопган. Бу вақтда Аҳмад полвон извошга ўтириб, жўнаб кетиб бўлади. Шунақа, нима бўлишини олдиндан ақл билан кўриб биладиган одам ўтган Аҳмад полвон».

 

Айтадиларки, Аҳмад полвон ёшлигида Қашқарга, ундан Хитой томонга ўтган экан. Ўшанда Чин юртининг полвонлари билан ҳам курашиб, уларнинг усулларини ўрганган, кўпчилигини эса олишувда енгган. Бу ҳолга баъзиларининг ғайирлиги келиб, Аҳмад полвонни туҳмат билан қозихонага торттиришибди. Ўша вақтлар Хитойда одамларни учта-учта қилиб, бўйнига дарвоза уриб, қирқ кун сувсиз, ошсиз кўчага ҳайдаб қўяр экан. Кўпчилик ўн-ўн беш кунга етмай, силласи қуриб, ўлар экан. Тирик қолганлари ўлган шеригини кўтариб юришга мажбур қилинар, охири у ҳам тамом бўларкан. Камдан-кам одам қирқ кунга чидаб, жазони ўтаб, озод бўлган. Аҳмад полвонни ҳам икки кишига қўшиб, бўйинларига дарвоза уриб, кўчага ҳайдашибди. Полвоннинг бир шериги 10 кунга, иккинчиси 18 кунга бориб тамом бўлибди. Аҳмад полвон қирқинчи кунгача дарвоза билан бирга икки жасадни ҳам кўтариб юриб, жазони ўтаган экан. Буни кўриб, туҳмат қилганлар ҳам, уни жазога тортганлар ҳам қойил қолишган, яхши одамлар эса «Сен гуноҳсиз экансан» деб, юртига қайтиб келишига ёрдамлашган экан.

 

«Кунларнинг бирида Аҳмад полвон боғда ўрикнинг тагида сарпойчан ёнбошлаб дам олаётган экан. Маҳалланинг бир хомсемиз, жаржағ (оғзига кучи етмайдиган) одами: «Ҳа, полвон, кучдан қолиб ётибсизми энди…” – деб мазах қилган бўлибдию, қандай қилиб уч пахса томнинг устига «учиб» чиққанини билмай қолибди. Ўшанда Аҳмад полвон кўз очиб юмгунча ўрнидан туриб, хомсемизни оёғи билан томга илиб отиб юборган», дейишади. Яна бир куни Аҳмад полвон жўралари билан баҳслашибди: «Мен устунни ушлаб тураман. Ўн киши бўлиб жойимдан силжита олмайсизлар», деб. Жўралари чиндан ҳам ўн беш одам бўлиб ҳам полвонни турган еридан силжита олмаган экан.

 

Шунақа, Толиб Йўлдошнинг суҳбати қизиқ, самовар қайнаб турса, чойни дамлаб, қуйиб узатиб, жимгина қулоқ тутсангиз, икки аср нари-берига бориб келаверасиз. Сўздан ҳикмат, суҳбатдошдан қувват қуйилиб оқаверади...

 

Шомирза ТУРДИМОВ,

филология фанлари доктори

 

Маълумот учун, машҳур ўзбек полвони АҲМАД ПОЛВОН (Толиббоев) (1867–1932) Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур даҳасида туғилган. Болалигидан бақувват бўлиб вояга етган Аҳмад полвон халқ сайилларида ўтказиладиган кураш мусобақаларида чиниққан. Аҳмад полвон 1895 йилда Тошкентга келган машҳур немис полвони Риппел (вазни 133 кг) билан эски цирк биносида беллашиб, курагини ерга теккизган. Фарғона водийси ва Тошкент воҳасидаги беллашувларда ғолиб келган Хўжа полвон ҳам унга бас келолмаган (1904). Аҳмад полвон табиатан камтар бўлган, беллашувларда миллий кураш қоидаларига қатъий риоя қилган. Полвон «Захариқ» қабристонига дафн этилган. «Тошкент» энциклопедияси. 2009 йил (Таҳририят).

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги қўйилган

Барчаси

Биласизми?

17:11 / 21.11.2024 0 50
“Тариф”нинг таърифи ва тарихи

Биласизми?

10:11 / 20.11.2024 0 58
“Ўдаға”нинг ўдағайлагани

Қатра

21:11 / 11.11.2024 0 126
Мўъжизанинг баҳоси

Қатра

15:11 / 08.11.2024 0 160
Ота ва етти ўғил ҳикояси

Биласизми?

23:11 / 01.11.2024 0 237
“Бирпас”ми, “иккипас”?..



Кўп ўқилган

Барчаси

Қомус

15:04 / 19.04.2023 0 6108
Жадидчилик

Қатра

20:08 / 18.08.2022 15 4920
Илк ватан

Қатра

01:01 / 10.01.2022 7 4561
Бир қоп ун

Қатра

17:08 / 21.08.2022 6 3987
Тинчлик

Қатра

01:01 / 18.01.2022 2 3412
Ўқиш пули

Бир куни...

03:12 / 09.12.2021 3 2981
Ҳар нарса ҳам кўринганидек эмас

Қатра

03:12 / 28.12.2021 1 2896
Туғилган кун

//