Критицизм


Сақлаш
17:04 / 14.04.2023 0 610

Критицизм (лотинча kritike – фикр, мулоҳаза юритиш маҳорати ёки санъати) – инсоннинг билиш жараёнидаги фаолияти тўғри ёки нотўғри ташкил этилганини эътироф этадиган таълимот ҳисобланади. Шунингдек, бу йўналиш инсоннинг билиш фаолиятини ўзини ўзи танқид қилиш орқали такомиллаштириш лозимлигини ҳам кўрсатиб ўтадиган мезонларни ишлаб чиққани билан ҳам алоҳида ажралиб туради.

 

Критицизмнинг илк фундаментал асослари ва методологияси немис файласуфи И.Кантнинг «Соф ақл танқиди» асарида баён этилган. И.Кант ўз даврида инсоннинг билиш қобилиятини илмий-фалсафий нуқтаи назардан таҳлил қилар экан, унинг билими қамрай оладиган чегараларни танқидий тадқиқ этиш лозимлигини эътироф этади. Кант фаолиятида билиш жараёнини тадқиқ этиш билан боғлиқ икки давр мавжуд. Яъни, Кант дастлабки пайтда инсон ақли ёрдамида билиш мумкин бўлмаган нарсаларга ҳам эришиш мумкинлигига ишонган ва ўз фикрини қатъий асослашга ҳаракат қилган. У ўз асарларида билиш борасида барча қийинчиликларни аниқ тасаввур қилиб, тушкунликка тушмасдан, мақсадга етиш мумкин эканини бир неча бор таъкидлаган. Лекин Кант фаолиятининг танқидий даври деб аталадиган иккинчи даврида унинг қалбида ишонч ўрнини ишончсизлик эгаллайди. Натижада, унинг билиш назариясида агностицизм – бизни ўраб олган дунёни тўла-тўкис билиш мумкинлигини инкор этадиган танқидий фикр-мулоҳазалар ҳукмронлик қила бошлайди.

 

Критицизмнинг кейинги ривожи К.Поппер, Ж. Уоткинс, И.Лакатос, Ж.Агасси, Х.Альберт ва П.Фейерабенд, У.Бартли қарашларида давом эттирилган. Шунингдек, критицизм ғояларини асос қилиб олган оқимлар танқидий рационализм, Франкфурт мактаби, танқидий реализм каби йўналишларга оид турли концептуал ёндашувларни ишлаб чиққан. Лекин бу таълимотлар кейинчалик кескин танқидга учраган. Жумладан, Кант қарашларида кўпгина тушунчалар метафизик маънода акс эттирилган бўлса, Франкфурт мактаби вакиллари таълимоти буржуа жамиятини марксистик ғоялар асосида танқид қилишга асосланган эди. Шунингдек, танқидий рационализм илмий билиш жараёни ва фалсафий тафаккурнинг рационал мағзини танқид қилишга асослангани билан алоҳида ажралиб турган.

 

1930 йилдан бошлаб критицизм неопозитивизмни танқид қилиш ва фан тарихининг тадрижий ривожланиш босқичларини ўрганиш асосида янги босқичга олиб чиқилган. Бунда М.Полани, Т.Кун, С.Тулмин каби файласуфларнинг концепциялари муҳим ўрин тутади. Критицизмнинг асосий тамойиллари фалсафа ва фан тараққиётига фақат ижобий таъсир кўрсатиб қолмасдан, кўпгина янги илмий ғоялар, гипотезалар, парадигмаларнинг шаклланишига салбий таъсир кўрсатган. Натижада бундай ёндашувларнинг амалиётда акс эттирилишига чек қўйилган ёки кечроқ ўз тасдиғини топишига олиб келган. Масалан, ҳозирги вақтда янги парадигма сифатида эътироф этилаётган синергетика йўналиши доирасида олиб борилаётган илмий баҳс-мунозараларда бу таълимот, яъни синергетикага «сохта фан» ёки «сохта ғоя» деган ёндашувлар ҳам илгари сурилмоқда. Бу эса критицизмнинг догмалашиб бораётгани натижасидир. Критицизмни жамиятдаги мафкуравий ўзгаришларга бўлган муносабатларда ҳам кўриш мумкин. Жумладан, мустамлакачилик сиёсатидан қутулган ёш мустақил давлатларда янгича муносабатнинг шаклланиши мураккаб кечиши туфайли жамиятнинг баъзи қатламлари орасида эски тузумни қўмсайдиганлар амалга оширилаётган ислоҳотларни асоссиз танқид қилишга уринади. Бундай ҳолат, ўз навбатида, маънавий ислоҳотларни олиб боришда турли мураккабликларни келтириб чиқариши мумкин. Шунинг учун ҳам тафаккурдаги бундай қолипларга қарши курашда миллий ғоянинг улкан бунёдкорлик салоҳияти ва имкониятларига таяниш ғоят муҳим аҳамият касб этади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги қўйилган

Барчаси

Бир куни...

18:12 / 04.12.2024 0 11
Бунинни жиддий рақиб деб бўладими?

Биласизми?

10:12 / 03.12.2024 0 30
Пул ва минора – улар “қариндаш”ми?

Биласизми?

17:11 / 21.11.2024 0 164
“Тариф”нинг таърифи ва тарихи



Кўп ўқилган

Барчаси

Қомус

15:04 / 19.04.2023 0 6380
Жадидчилик

Қатра

20:08 / 18.08.2022 15 4942
Илк ватан

Қатра

01:01 / 10.01.2022 7 4587
Бир қоп ун

Қатра

17:08 / 21.08.2022 6 4014
Тинчлик

Қатра

01:01 / 18.01.2022 2 3422
Ўқиш пули

Бир куни...

03:12 / 09.12.2021 3 2988
Ҳар нарса ҳам кўринганидек эмас

Қатра

03:12 / 28.12.2021 1 2907
Туғилган кун

//