Аксиология


Сақлаш
17:04 / 13.04.2023 0 1681

Аксиология (юнонча axio – қадрият ва logos – фан, таълимот) – қадриятшунослик, маънавий ҳодисалардан бири бўлган қадриятлар соҳасини ўрганадиган, унинг қонун ва категорияларини тадқиқ қиладиган илм йўналиши, қадриятлар ҳақидаги фан.

 

У XIX асрнинг иккинчи ярмида немис қадриятшуноси Э.Гартман ва француз олими П.Лапи томонидан илмий истеъмолга киритилган. Аксиология аксиологик онг, қадрлаш туйғуси, аксиологик билиш, қадрлаш тамойилига таяниб тўпланган қадриятлар тўғрисидаги билимлар системасидир. Замонавий Аксиологияда объектив, субъектив ва плюралистик оқим ҳамда йўналишлар мавжуд. Аксиология «қадр», «қадрлаш», «қадриятлар», «қадриятлар тизими» каби аксиологик категорияларни, уларнинг турли шаклларини ўрганади. Қадриятлар тизимининг ижтимоий тараққиётга боғлиқлик қонуни, қадриятлар тизимининг ўзгариши ва такомиллашуви билан боғлиқ аксиологик қонунлар ҳам аксиология шуғулланадиган масалалар доирасига киради.

 

Инсоният тарихининг бир босқичидан бошқасига ўтишда, даврлар алмашиб, янги давлатлар вужудга келганида шаклланадиган янги қадриятлар ва қадрият тизимларининг амалиёти масалалари ҳам аксиология фани ўрганадиган мавзулар ҳисобланади. Аксиология собиқ иттифоқ даврида аниқ фан даражасига етган илмий система сифатида шаклланмаган эди. XX асрнинг 60-йилларигача юртимизда бу соҳада тадқиқотлар олиб борилмади, 90-йилларгача фалсафий қўлланма ва дарсликларда ҳам у алоҳида мавзу сифатида ўз аксини топмади. Ҳатто университетларнинг ижтимоий соҳада мутахассислар тайёрлайдиган бўлимларида ҳам аксиология бўйича махсус курслар ўқитилмас эди. Мавзуга алоқадор тадқиқот, диссертация, рисола ва китобларда ҳам аксиология иборасига урғу берилмас, бу масала кичик илмий йўналишга тааллуқли, деб қаралар эди. Ўша даврдаги қадриятлар мавзусига бевосита тегишли бўлган асарларда ҳам аксиологиянинг жуда кўп муҳим масалалари, жумладан, аксиологик қонунлар, аксиологик жараёнлар диалектикаси, аксиологик профилактика, аксиологик прогноз, аксиологик экспертиза, аксиологик баҳолаш, аксиологик зиддият қонуни каби илмий муаммоларнинг таҳлили йўқ.

 

Мустақиллик йилларида фалсафий билимлар системасига нафақат миллий, айни вақтда умуминсоний қадриятлар нуқтаи назаридан қараш имконияти пайдо бўлгани сабабли аксиологияга нисбатан ижобий муносабат қарор топмоқда, қадриятлар мавзусига катта эътибор берилмоқда. Айниқса, мамлакатимизда изчил давом эттирилаётган янги демократик жамият қуриш жараёни қадриятлар мавзусини ғоят долзарб қилиб қўймоқда. Бугунги кунда қадриятларни қайта баҳолаш, азалий миллий қадриятларимизни тиклаш, асраб-авайлаш ва келажак авлодларга безавол етказиш, ислоҳот ва ўзгаришларнинг халқимиз онгида янгича қадриятга айланиб бораётган жиҳатларини аниқлаш, мавжуд муаммоларни ҳал қилишда ана шу қадриятларга мос усулларни қўллаш каби масалалар пайдо бўлди. Уларни ечиш аксиологик мавзуларни кун тартибига муҳим масала қилиб қўя бошлади. Ҳозирги даврга келиб мамлакатимизда қадриятшунослик масалалари кенг ўрганилмоқда, қатор олий ўқув юртларида «Қадриятлар фалсафаси» (Аксиология) фани ўқитилмоқда.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги қўйилган

Барчаси

Биласизми?

17:03 / 12.03.2025 0 148
Туркистондаги қадимий аёллар байрами

Биласизми?

10:03 / 03.03.2025 0 127
“Қозонди” феълидаги “қозон” ҳақида

Биласизми?

10:03 / 03.03.2025 0 163
Маржумакдан шўрва қилиб бўладими?

Биласизми?

15:02 / 28.02.2025 0 141
Маймунжон, парманчак ва болдирғон

Биласизми?

14:02 / 28.02.2025 0 125
Хўжайин бўлолмаган хўжағат



Кўп ўқилган

Барчаси

Қомус

15:04 / 19.04.2023 0 9168
Жадидчилик

Қатра

20:08 / 18.08.2022 15 5306
Илк ватан

Қатра

01:01 / 10.01.2022 7 4897
Бир қоп ун

Қатра

17:08 / 21.08.2022 6 4329
Тинчлик

Қомус

22:08 / 04.08.2023 0 4135
Миллий урф-одатлар

Қатра

01:01 / 18.01.2022 2 3558
Ўқиш пули

Бир куни...

03:12 / 09.12.2021 3 3141
Ҳар нарса ҳам кўринганидек эмас

//