“Кичкина” ўзбекнинг катта саховати


Сақлаш
17:04 / 11.04.2023 0 784

1979-йилги Москва кинофестивали кунлари менга “Мосфилм”дан қўнғироқ қилиб, эртага Копполанинг (Америкалик машҳур кинорежиссёр Френсис Форд Коппола. Таржимон) “Кузги марафон” фильмини намойиш этишади, шунга Сизов (“Мосфилм” киностудияси директори) келишимни сўраётганини айтишди. Френсис Копполанинг “Апокалипсис” фильми Москва кинофестивалида зўр муваффақият қозониб, барчани ҳайратга солган эди. Кўпчилик америкалик кинорежиссёр билан суҳбатлашиш, меҳмонга таклиф қилиш учун шиддатли кураш олиб борарди.

 

Соат ўнларда “Мосфилм”га етиб бордим. Сизовнинг хонасига кирдим. У телефонда гаплашаётган эди:

– Қачон олиб келасиз уни?.. Хўп, майли, кутамиз, – деди асабийлашганча гўшакни жойига қўяр экан. Сўнг менга қараб: – Кеча у кимникидадир меҳмон бўлган экан, роса ичиришибди, шунга ҳозир уйғотиш қийин бўлаётган эмиш, бирор соат кутишга тўғри келади. Фильмдан кейин бирга тушлик қиламиз, –деди.

 

Бир соат тугул, икки соатдан кейин ҳам Коппола келмади. У соат бир яримда, айни тушлик чоғида пайдо бўлди. Ёлғиз эмасди. Жулио исмли акаси, жиянлари, холаваччасининг эри ва болалари, яна энага ва таржимонлар ҳам – бари у билан бирга эди.

 

Тушлик маҳали Тбилисидаги Киночилар уйида унинг “Чўқинтирган ота” фильми намойиши чоғи содир бўлган воқеани гапириб бердим. Ўшанда билет топишнинг ҳеч имкони йўқ – ҳамма фильмни томоша қилишни истарди. Хуллас, бир бадавлат одамга почта орқали беш дона билет юборишади. Жуда хурсанд бўлади, бутун оиласи: хотини, ўғли, қизи, ўзи ва аллақайси қариндоши билан кинога тушадилар. Кинодан қайтишса, уйлари шип-шийдам: хонадондаги бор нарса, жумладан картиналар, антиквар мебель ва ҳатто чех унитазини ҳам ўғрилаб кетишган экан. Копполага бу ҳикоям ёқди.Тушликдан сўнг меҳмонларга фильм намойиш қилинди. Итальянларга картина маъқул тушди...

 

Меҳмонхонада улар билан хайрлашдик... Меҳмонхона вестибюлида актриса Софико Чиаурелига дуч келдим.

– Сен Кока Игнатовни кўрмадингми? – ҳаяжонланиб сўради у.

– Кўрмадим, тинчликми?

– Кеча Коппола Двигубскийникида меҳмон бўлганди, Коко иккимиз уни бугунга “Иверия” (Москвадаги грузин ресторани) га таклиф қилгандик. Кокони ер ютдими, билмайман, ёнимда бор-йўғи 60 рубль бор. Пул топишим керак. Мабодо сенда пул борми?

– Кеча Копполани бўккунича ичиргансиз, Кока унга нима деганини бугун ҳатто эслай олмаса керак.

– Эслай олмайди деганинг нимаси, балким ёдидадир?

– Кел, сўраб кўрамиз.

 

Фестиваль хизматидан Копполанинг оқшомги режасини билиб беришни сўрадим. Улар Копполанинг ёрдамчисига қўнғироқ қилишди. У эса жаноб Копполани бугун кечқурун грузин актрисаси шаҳар ташқарисидаги ресторанга таклиф қилган, деди.

 

Ёнимда ўттиз сўм, Софикода олтмиш сўм, жами тўқсон сўм – бу Копполо ва унинг атрофидаги қариндошлари билан ресторанда ўтиришга етмасди. Нима қилиш керак? Омонат кассадан бориб пул олишга жуда кеч. Курсдошим, режиссёр Шуҳрат Аббосовнинг хонасига кўтарилдим. Ундан “эртагача” 190 рубль (бор пулини) қарз олиб, ўзини ҳам зиёфатга таклиф қилдим. Вестибюлга тушиб, Софикодан:

– Хўш, зиёфатда неча киши бўламиз? – деб сўрадим.

– Мен, сен, Коля Двигубский, меҳмонлар эса саккиз кишидан иборат.

– Шуҳратни ҳам қўш.

– Зиёфатни Киночилар уйида қилсак, пулимиз етади, “Иверия” ни ўйлаб кўриш керак.

 

Копполанинг ёрдамчисига қўнғироқ қилиб, шаҳар ташқарисидаги ресторан ўрнига Киночилар уйи ресторанида зиёфат ташкил қилсак қарши эмасмикан, шуни сўраб кўринг, дедик. Ёрдамчи Коппола Киночилар уйида бўлганлиги, бугун грузин ресторанига боришини билдирганлигини айтди. “Иверия”га сим қоқиб, ўн беш кишига жой буюрдик.

 

Коппола оиласи ва шотирлари билан тушиб келганда Софико синглим бўлишини ва у мени ҳам зиёфатга таклиф қилганлигини айтдим. Ва таржимонга йўлни тушунтирдим.

– Телевидениедан бирор киши борми? – баланд овозда сўради таржимон.

– Бор, — жавоб берди жинси шим кийган хоним.

– “Иверия”га Минск шоссеси бўйлаб юрамиз.

 

Меҳмонхонадан қуйидаги таркибда йўлга чиқдик: Копполанинг оиласи иккита “Чайка”да, учта “Волга”да Копполанинг шотирлари, таржимонлар, “Рафик”да кинотанқидчилар, суратга олиш гуруҳи ва кўк “Жигули”да Софико, рассом Коля Двигубский, Шуҳрат Аббосов ва унинг дўсти – пиджаки ёқасига “Меҳнат фахрийси” медалини тақиб олган кичкина ўзбек.

– Даҳшатку бу! Мана шу тўдадагиларнинг барчаси зиёфатда иштирок этадими? – Софико асабийлашиб сўз қотди.

– Нима ҳам қилардик, бу ҳам бир кўргуликда.

– Даҳшат!

 

Машинамни телефон-автомат ёнида тўхтатиб, “Иверия” ресторанига телефон қилдим ва ўн бешта эмас, ўттизта одамга жой буюрдим, ҳайдовчилар учун яна саккизта алоҳида жой тайёрлаттирдим. Ресторанда ҳамма ўрнашиб олгач, Софико Копполага:

 – Френк, иккита вариант бор: кеча мазасини кўрганинг одатий кечки таом ёки грузин деҳқонлари доим ейдиган оддий деҳқонча овқат буюришимиз мумкин?

– Мен оддий таомларни хуш кўраман, – деди Коппола.

– Барчага лобио, кўкатлар, нон, сулугуни, етти шиша ароқ ва ўттизта “Боржоми” келтир, – деб буюртма бердим.

– Бор-йўғи шуми? – сўради официант.

– Йўқ, тўхта, бунақаси кетмайди, – деди дўппи кийиб олган кичкина ўзбек. – Биласизми, Георгий, деҳқонча таомдан кўра мазали овқат бор – сатсиви. Бунда товуқ гўштини ёнғоққа аралаштириб қовуришади, – деб тушунтирди таржимонга. Таржимон эса бу гапни таржима қилди. Худди шуни кутиб тургандай:

– Сатсиви ҳаммагами? – сўради официант.

– Менга кераги йўқ, – дедим.

– Шу етадими? – сўради официант.

– Ҳа, олиб келавер, – деди Софико.

– Йўқ, бу ҳали ҳаммаси эмас. Софя Михайловна, грузин деҳқонлари яна нима ёйишини билмайсизми? – ҳеч тинчимасди кичкина ўзбек. – Грузин деҳқонлари ёш қўзини бутунлигича қовуриб eйишни хуш кўришади.

– Ҳозир барра мавсуми эмас, ҳурматли меҳмон. Буюртма берилганларни олиб келавер, – деди Софико официантга.

– Бу телбани қаёқдан топдинг? – деб грузин тилида сўради Софико.

– Шуҳрат билан келган, — мен ҳам грузинчалаб жавоб бердим.

Шуҳрат ўз исми эшитиб, елкасини қисди: барини тушуниб турибман, аммо қўлимдан ҳеч нарса келмайди.

 

Официант ароқ ва “Боржоми” келтирганда кичкина ўзбек:

– Георгий Николаевич, меҳмонлар “Киндзмараули” виносини татиб кўришганми? – деб сўради.

– Йўқ, ҳеч ичишгани йўқ, – деди таржимон.

– “Киндзмараули” виносидан неча шиша олиб келай? – дарҳол сўради официант.

Софико менга қаради, мен эса чуқур хўрсиниб:

– Ҳозирча беш шиша келтир, қолганини кейин кўрамиз, – дедим.

 

Шу маҳал ҳайдовчилар столига лосось балиғи ва олти банка қора икра олиб бораётган официантга кўзим тушди. Табиийки, бу манзарани кичкина ўзбек ҳам кўрди.

– Георгий Николаевич, қаранг, бу ерда қора икра ҳам бор экан! Сўраб кўрчи, – буйруқ берди таржимонга, – меҳмонлар қора икрани хуш кўришармикан?

– Хуш кўришади, – дадил жавоб берди таржимон.

– Қора икрадан қанча олиб келай? – вақтни бой бермасдан сўради официант.

Софико иккимиз бир-биримизга кўз ташладик. “Нима бўлса бўлди, паспортимни қолдириб кетаман ва эртага омонат дафтарчамдан пул ечиб ҳисоб-китоб қиламан” – шундай қарорга келдим мен.

– Ҳаммага қора икра олиб келинсин! – дея буюрдим.

 

Зиёфат яхши ўтди. Софико даврабошиликни қотирди. Оркестр “Чўқинтирган ота” ва “Мимино” фильми мусиқаларини ижро этишдан тинмади... Зиёфат охирига етганда официантдан ҳисоб-китоб қилишни сўрадим.

– Ҳисоб тўланди, – деди официант ва кичкина ўзбек томонга имо қилди.

Кичкина ўзбек эса худди гуноҳ иш қилиб қўйгандек қўлларини икки томонга ёйиб, уятчан кулимсираб қўйди, холос. 

 

Георгий Данелиянинг «Кот ушел, а улыбка осталась» китобидан

Жалолиддин САФОЕВ таржимаси

 

P.S. Биз севиб томоша қиладиган “Мимино”, “Афоня”, “Кузги марафон” сингари фильмлар режиссёри, “Омадли жентельменлар” фильмининг сценарий муаллифларидан бири, машҳур ўзбек кинорежиссёри Шуҳрат Аббосовнинг дўсти Георгий Данелиянинг "Кот ушел, а улыбка осталась" китобидан бир парчани “Кичкина” ўзбекнинг катта саховат” сарлавҳаси билан таржима қилганимдан сўнг кўпчилик ўқувчиларда "кичкина ўзбек"нинг кимлиги катта қизиқиш уйғонди. Афсуски, асарда бу саховатпеша инсон ҳақида маълумот йўқ. Шундан сўнг ўзбек киноси, хусусан, Шуҳрат Аббосов ҳаётини яхши биладиган санъатшунос, киношунослардан сўраб-суриштирдим. Таниқли адабиётшунос олим, кино ва театр тадқиқотчиси Шуҳрат Ризаев муаллиф чизган “кичкина” ўзбек бир пайтлар Ўзбекистон Кинематография Давлат қўмитаси раиси бўлиб ишлаган, ниҳоятда нозик таб, катта давралар ҳадисини олган ва, айниқса, миллий ҳамда бошқа халқлар таомларини жуда яхши билган, яна денг, тасвирга мос кичик жуссали инсон бўлган Абдулаҳад Абдуллаев бўлиши эҳтимолдан холи эмас, деган гапни айтди. Бошқа фикр ва фаразлар бўлса, уни ҳам қабул қиламиз.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги қўйилган

Барчаси

Биласизми?

15:05 / 07.05.2024 0 155
Омад ёш танламайди

Биласизми?

16:04 / 26.04.2024 0 123
Японларнинг яхши одати



Кўп ўқилган

Барчаси

Қатра

15:08 / 18.08.2022 15 3896
Илк ватан

Қатра

20:01 / 09.01.2022 7 3856
Бир қоп ун

Қатра

12:08 / 21.08.2022 6 3279
Тинчлик

Қатра

20:01 / 17.01.2022 2 2954
Ўқиш пули

Бир куни...

22:12 / 08.12.2021 3 2582
Ҳар нарса ҳам кўринганидек эмас

Қатра

22:12 / 27.12.2021 1 2431
Туғилган кун

Қомус

10:04 / 19.04.2023 0 2284
Жадидчилик