Бир куни...
Вандализм – замонавий талқинда маънавий бузғунчилик ва вайронкорликни англатувчи тушунча, тарихий жиҳатдан эса милодий 455 йилда Римни забт этиб, кўплаб антик ва насроний маданият ёдгорликларини вайрон қилган қадимий герман қабиласининг номидан келиб чиққан атама.
Бу ибора илмий муомалада маданий-тарихий ва моддий бойликларни вайрон қилиш тимсоли сифатида қўлланади. Ҳозирги вақтда вандализм тушунчаси жамоат тартибини бузишнинг айрим турлари, хусусан, жамоат, хусусий ва коммунал мулкка шикаст етказиш, таълим-тарбия масканлари, транспорт воситаларидаги асбоб ва жиҳозларни ишдан чиқариш, деворларга ғайриахлоқий ёзувларни ёзиш, бир сўз билан айтганда, бузғунчиликка қаратилган ҳаракатларни англатади. Вандализмнинг барча шакл ва кўринишлари статистикада тўлиқ акс эттирилмаётган бўлса-да, мавжуд маълумотларнинг ўзиёқ бу иллат баъзи мамлакатларда ғоят кенг тарқалганидан далолат беради. Масалан, АҚШда бундай хатти-ҳаракатлар оқибатида ҳар йили 200 мингга яқин, жумладан, 15 минг киши атайлаб ёнғин содир этгани учун ҳибсга олинади. Огайо штатидаги 899 оилада ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра, улардан 15,5 фоизи бир йилда камида бир марта, 40 фоиздан ортиғи эса икки ва ундан кўпроқ ҳолатларда вандализм кўринишларига дуч келган.
Мутахассисларнинг маълумотларига кўра, бундай хатти-ҳаракатлар жамиятга жуда катта молиявий зарар келтиради. А.Хаубернинг ҳисоб-китобларига биноан, Голландияда вандализмдан келаётган кундалик зарар 4 млн. долларни, А.Гольштейннинг маълумотларига кўра, бутун дунёда бу кўрсаткич 1 млрд. долларни ташкил этади. Масалан, 1990 йилда АҚШнинг умумтаълим мактабларида вандаллар етказаётган зарарни қоплаш учун 600 млн. доллар сарфланган. Ғарб мамлакатлари илмий адабиётида вандализм жиноятлари онгли ва онгсиз равишда содир этилиши таъкидланса-да, амалда уларни бир-биридан ажратиш қийин. Чунки ҳар икки ҳолатда ҳам улар келтириб чиқарадиган оқибатлар бир хил: моддий ва маданий ёдгорликлар вайрон этилади, атроф-муҳитдаги мувозанат издан чиқади ва кўпгина ҳолларда кишиларга жиддий маънавий зарар етказилади.
Вандализм хатти-ҳаракатларининг мазмун-моҳияти, иқтисодий-ижтимоий, психологик ва бошқа омилларига доир яхлит илмий асосланган концепция ҳозиргача яратилмаган бўлса-да, унга ундовчи сабаблар қаторига қуйидагиларни киритиш мумкин:
1) моддий манфаатдорлик (масалан, рангли металларга эга асбоб-ускуналарни ишдан чиқариш, ибодатхона ва зиёратгоҳлардан қимматбаҳо буюмлар – тилла ёки кумуш идишлар, иконалар ва ҳоказоларни ўғирлаш);
2) бошқа мақсадларда амалга оширилган вандализм (масалан, нархларнинг пасайишига йўл қўймаслик учун маҳсулотнинг бутун партиясини ишдан чиқариш);
3) мафкуравий вандализм (бунда вандалнинг маълум ижтимоий-сиёсий мақсадларни кўзлаган бузғунчи ғояси ва унга асосланган хатти-ҳаракатлари муайян ҳокимият шакли, сиёсий институт, ижтимоий ва миллий гуруҳга қарши қаратилади);
4) қасос, ўч олиш мақсадида амалга оширилган вандализм (масалан, бошқа кишиларнинг ютуқларига ҳасад ва нафрат билан боқиш, уларга етказилган азоб-уқубат ва зарардан ҳузурланиш);
5) ўзлигини чек-чегарасиз намоён этиш, ўта шуҳратпарастлик билан боғлиқ вандализм.
Масалан, қадимги Юнонистонда Артемида ибодатхонасига ўт қўйган Герострат, ўз давлати пойтахти Римни ёқиб юборган император Нерон ёки ҳозирги даврда дунёдаги қатор музейларда сақланаётган бебаҳо санъат асарларига катта зарар етказаётган кимсалар вандализм ғоясининг таъсирига тушган шахслар тимсолидир. Ғарб мутахассисларининг таъкидлашича, мазкур ҳодисанинг ўша ҳудуд ва минтақаларда тобора кенг кўламда намоён бўлиб бораётгани, аввало, маънавият ва азалий қадриятларнинг инқирозга юз тутаётганидан далолат беради. Бу ҳодисанинг илмий асосланган концепцияси яратилиши вандализмга қарши курашишнинг замонавий усул ҳамда технологияларини ишлаб чиқиш имконини беради.
Бир куни...
Биласизми?
Ҳикмат
Биласизми?
Бир куни...
Биласизми?
Қомус
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Бир куни...
Қатра
//
Изоҳ йўқ