Амир Темур


Сақлаш
15:04 / 07.04.2023 0 744

Амир Темур (1336–1405) – Амир Тарағай Баҳодир ўғли, Мовароуннаҳрни мўғиллар истибдоди ва таназзулдан олиб чиқиб, ташқи ва ички хавф-хатарларга қарши халқни бирлаштира олган, халқаро муносабатларда энг оқил йўлларни топа билган буюк давлат арбоби, енгилмас саркарда, ўрта асрлардаги энг катта ва қудратли давлатлардан бирининг бунёдкори, жанг санъати ва қонунларини ишлаб чиққан жаҳонгир лашкарбоши.

 

Амир Темур Соҳибқирон, Кўрагон сифатлари билан ҳам машҳур. Темурийлар сулоласи унга асосланади. У Кеш вилоятининг Хўжаилғор қишлоғида туғилган. Амир Темур XIV асрнинг 1370 йилида Мовароуннаҳрнинг барча вилоятларини бирлаштирган мустақил давлатчиликка асос солди. 1370–1405 йиллар давомида мазкур давлат асосида Осиёнинг 27 мамлакатини ўзида бирлаштирган улкан салтанат тузиб, бу давлатнинг ҳар томонлама тарақиёти ва тинчлиги, шунингдек, маънавий маданиятининг юксалиши, гуллаб-яшнаши, ўтмиш даврлар ажойиб анъаналарининг янги тарихий вазиятда қайта тикланиши учун шароит яратди. Амир Темур тиббиёт, риёзиёт, фалакиёт, меъморчилик ва тарих фанларини ўзлаштирган, турк, араб ва форс халқлари тарихини, диний, дунёвий ва фалсафий билимлардан яхши хабардор бўлган, бутун умр олиму фузалолар, ҳунарманду бунёдкорларга ҳомийлик қилган. Амир Темур давлати қурилиши, ҳарбий санъати кўп асрлар давомида Шарқу Ғарб давлатларига ўрнак ва андоза бўлди. Унинг замонида маданият, илму фан, меъморчилик, тасвирий санъат, мусиқа, шеърият беқиёс ривож топди, халқимизнинг кўп анъаналари такомилга етди. Амир Темурнинг маданият ва дин аҳлларига кўргазган чексиз меҳр-муруввати, айниқса, ибратлидир.

 

Амир Темур Самарқандни жаҳоннинг энг гўзал шаҳарларидан бирига айлантирди, атрофидаги қишлоқларга Бағдод, Қоҳира, Дамашқ, Фориш (Париж) каби номларни бериш билан пойтахтнинг улуғворлик мавқеини оширишга ҳаракат қилди. Амир Темурнинг башарият олдидаги ўлмас хизматларини маърифатли жаҳон муносиб баҳолаб келмоқда. Соҳибқирон юбилейининг ЮНЕСКО томонидан халқаро миқёсда кенг нишонлангани ана шу эътирофнинг ёрқин далилидир. Марказий Осиё Уйғониш даври Амир Темур ва унинг авлодлари ҳукмронлиги йилларида мустаҳкам негизга эга бўлди. Амир Темурнинг юртимиз, қолаверса, инсоният равнақига қўшган маданий ва маънавий ҳиссасини ихчам тарзда қуйидагича ифодалаш мумкин: Амир Темур ўз давлатини ақл-заковат ва ҳуқуқий асос билан идора этган... Унинг «Давлат ишларининг тўққиз улушини кенгаш, тадбир ва машварат, қолган бир улушини қилич билан амалга оширдим», деган сўзлари бунинг ёрқин далилидир; иккинчидан, Амир Темур бундан 600 йил аввалоқ ҳеч қандай давлатнинг қўшнилари билан ўзаро алоқа тузмасдан, яъни бугунги тил билан айтганда, ҳамкорликсиз истиқболи бўлмаслигини теран ва яхши англаган… Амир Темур қатор хорижий мамлакатлар билан шу жумладан, Франция, Испания, Генуя, Англия, Хитой билан дипломатик алоқаларни йўлга қўйди. Амир Темур ташқи сиёсатида халқаро иқтисодий-савдо алоқаларини кенг миқёсда йўлга қўйиш, ундан барчани, авваламбор, ўзининг халқини баҳраманд этиш бош ғоя бўлиб хизмат қилган.

 

XXI асрда сиз билан биз халқаро миқёсда адолатли тарзда яратмоқчи бўлган интеграция макони ҳақида Амир Темур бундан 600 йил бурун бош қотирган ва шу йўлда сиёсат юритган. У барпо этган ягона иқтисодий-савдо майдонида бугунги кун учун ҳам, бугунги замон учун ҳам ибратли бўлган вазият мавжуд эди. Амир Темурнинг мана бу сўзлари бунга далилдир: «...Салтанатимнинг у четидан бу четигача бирор болакай бошида бир лаган тилла кўтариб ўтадиган бўлса, бир донасига ҳам зарар етмайдиган тартиб-интизом ўрнатдим»; учинчидан, Соҳибқироннинг бунёдкорлик соҳасидаги тарихий хизматлари ундан ҳам беқиёс. Амир Темур ва унинг авлодлари саъй-ҳаракатлари билан қурилган мадрасалар, масжидлар, хонақоҳлар, саройлар, бозорлар, кўприклар, йўллар, бекатлар, ҳаммомлар, каналлар, қалъалар ва бошқа қатор иморату иншоотларнинг сон-саноқи йўқ. Амир Темурнинг бевосита раҳнамолигида бунёд этилган Бибихоним жоме масжиди, Гўри Амир ва Аҳмад Яссавий, Занги ота мақбаралари, Оқсарой ва Шоҳи Зиндадаги меъморий мўъжизалар, Боғи Чинор, Боғи Дилкушо, Боғи Беҳишт, Боғи Баланд сингари ўнлаб гўзал сарой-боғлар ва бошқа иншоотлар шулар жумласига киради... Тарихчи Шарафиддин Али Яздийнинг гувоҳлик беришича, Амир Темур «Ободончиликка ярайдиган бирон қарич ернинг ҳам зое бўлишини раво кўрмасди». Тарих бу кўҳна дунёда ўтган кўп жаҳонгирларни билади. Уларнинг аксарияти фақат бузган. Амир Темурнинг улардан фарқи шундаки, у умр бўйи бунёдкорлик билан машғул бўлган. Унинг «қай бир жойдан бир ғишт олсам, ўрнига ўн ғишт қўйдирдим, бир дарахт кестирсам, ўрнига ўнта кўчат эктирдим», деган сўзлари фикримизнинг далилидир.

 

Амир Темур бир ҳақиқатни яхши англаган – жамият эътиқодсиз яшай олмайди. Одамларга дин керак, иймон керак, ишонч керак. У ўз «Тузуклари»да шундай дейди: «ҳар ерда ва ҳар вақт ислом динини қувватладим». Амир Темурнинг Қуръони Каримни ёд билгани, диний баҳсларда йирик уламолар билан баробар сўз юритгани унинг маънавияти, иймону диёнати қанчалар пок ва мукаммал эканини билдиради. Маълумки, диний таълимот ва тарбиятнинг жамият ҳаётидаги ўрни ва хизмати ниҳоятда катта. Амир Темурнинг ислом динига бўлган муносабатидаги энг муҳим қирра, бу – мусулмончилик ақидаларининг жамият осойишталиги, равнақи, ижтимоий адолат, иймон бутунлиги, маънавий поклик учун хизмат қилдиришга сафарбар этилишидир. Бугун дунёнинг қарийб 50 мамлакатида темуршунос олимлар фаолият кўрсатмоқда. Темур ва темурийлар даври ҳақида кўплаб китоблар нашр этилмоқда... Ўтган олти юз йил мобайнида Амир Темурга бағишлаб яратилган жиддий асарлар сони Европа тилларида 500 дан зиёд, Шарқ тилларида эса 900 га яқинни ташкил этади.

 

Буюк жаҳонгир Амир Темур соҳибқирон ўлими олдидан авлодларига шундай васият қилган: «...Мен шундан таскин топаманким, подшоҳлик давримда кучлиларнинг ожизларга озор беришларига йўл қўймадим. Халқлар осойишталиги борасида қарам фуқаролардан хабардор бўлиб туринглар, қатъиятли ва мардонавор бўлинглар. Улкан давлатни мендай узоқ йиллар давомида бошқариш учун қўлларингдаги шамширни шараф ва номус билан маҳкам тутинглар... Агар, сизлар менинг васиятларимга амал қилсаларингиз ва бошқа ишларингизда адолатга, шафқатга кўра иш тутсаларингиз, тинчлик-осудалик Турон заминида узоқ вақт сақланади. Агарда ўзаро низоларга йўл қўйсаларингиз, душманлар тўполон ва тартибсизликларни бошлайдиларки, уларни жиловлашнинг иложи қолмайди. Сизлар бир жон, бир тан бўлсаларингиз, ҳеч ким менинг сўнгги васиятларимни бажаришларингизга монелик қила олмайди». Бу доно васиятлар асрлар оша бизнинг давримизга қадар етиб келди. Ундан худди ҳозирги даврнинг нафаси сезилиб тургандай. Улуғ бобокалонимиз бизни адолатга, содиқликка, бирликка чорламоқда. Ўзаро низо, адоватлардан холи бўлинглар, деб, инсоф, шафқат ва ҳалолликка ундамоқда. Мамлакатимиз истиқлолга эришгач, Амир Темур шахси яна Ватан ва миллат тимсолига айланди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги қўйилган

Барчаси

Бир куни...

18:12 / 04.12.2024 0 12
Бунинни жиддий рақиб деб бўладими?

Биласизми?

10:12 / 03.12.2024 0 30
Пул ва минора – улар “қариндаш”ми?

Биласизми?

17:11 / 21.11.2024 0 164
“Тариф”нинг таърифи ва тарихи



Кўп ўқилган

Барчаси

Қомус

15:04 / 19.04.2023 0 6380
Жадидчилик

Қатра

20:08 / 18.08.2022 15 4942
Илк ватан

Қатра

01:01 / 10.01.2022 7 4587
Бир қоп ун

Қатра

17:08 / 21.08.2022 6 4014
Тинчлик

Қатра

01:01 / 18.01.2022 2 3422
Ўқиш пули

Бир куни...

03:12 / 09.12.2021 3 2988
Ҳар нарса ҳам кўринганидек эмас

Қатра

03:12 / 28.12.2021 1 2907
Туғилган кун

//