Бир куни...
Феминизм (французча feministe, лотинча femina – аёл) – аёлларни камситишлардан халос этишни тарғиб қиладиган, ҳуқуқ ва бурчларини жамиятдаги ижтимоий воқеалар ҳосиласи сифатида ўрганадиган оқим.
Феминизм Франция буржуа инқилоби даврида вужудга келган бўлиб, хотин-қизларнинг иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ва маданий соҳаларда эркаклар билан тенг ҳуқуққа эга бўлиши учун кураши, шунингдек, ижтимоий-сиёсий курашда иштирок этишини тарғиб этади. Тарихдан маълумки, аёллар ҳукмронлиги давридан эркаклар ҳукмронлиги даврига ўтиш аёлларнинг жамиятда тутган ўрнини ўзгартирди, уларнинг ижтимоий ҳаётдаги иштирокини чеклаб, фаолиятини оила доирасига тушириб қўйди. Шу даврдан бошлаб жамият ва оилани бошқариш эркаклар қўлига ўтди, аёллар эса фарзандларни дунёга келтириш, тарбиялаш, оила бекасига айланиб, эркакларга моддий ва маънавий жиҳатдан қарам бўлиб қолди. Лекин тараққиёт жараёнида ижтимоий-сиёсий муносабатларда юз берган ўзгаришлар кишиларнинг ҳаётга муносабати ўзгаришига олиб келди.
Ижтимоий ҳаётда адолат, озодлик, инсон қадр-қимматини эътироф этиш ғояси аста-секин етила бошлади. Айни пайтда саноатнинг ривожланиши, урбанизация жараёнининг жадаллашуви арзон ишчи кучига эҳтиёжни кучайтирди. Натижада аёллар арзон ишчи кучи сифатида ишлаб чиқаришда қатнаша бошлади. Бир томондан, озодлик ғоясининг вужудга келиши, иккинчи томондан, уларнинг ишлаб чиқаришда қатнашуви ва эркаклар каби эркин яшашга ҳақли экани ҳамда жамият тараққиётига ўз улушини қўша олиш ғоясининг вужудга келишига замин ҳозирлади. 1789 йилда француз файласуфи Ж.Кондорсе «Аёлларга фуқаролик ҳуқуқини бериш ҳақида» деб номланган мақоласини чоп эттирди ва унда аёлларнинг жамият аъзоси эканини таъкидлаб, миллатнинг бир қисми сифатида уларга нисбатан муносабатни тубдан ўзгартириш керак, деган қарашни илгари сурди. 1791 йили Олимпия де Гуж «Фуқаролик ва аёл ҳуқуқи декларацияси»ни тайёрлади ҳамда аёлларнинг эркин фикрлаш ва ўз фикрини эркин эълон қилиш ҳуқуқига эга эканини таъкидлади. Бу декларация аёллар ҳаракатининг биринчи манифести ҳисобланади. Шунинг учун ана шу вақтдан бошлаб де Гуж ҳамда унинг тарафдорлари феминистлар, уларнинг ҳаракати эса феминизм деб атала бошлади.
Ҳозирда феминизм қадимги ва янги босқичларга бўлиб ўрганилади. Қадимги феминизм XVIII асрда вужудга келган бўлиб, XIX аср охиригача ўз таъсирини сақлаб қолди. Бу даврда хотин-қизлар барча йирик ижтимоий ҳаракатларда иштирок эта бошлади. Францияда хотин-қизларнинг тенглик учун курашига бағишланган биринчи журнал чоп этилди. Дастлаб хотин-қизларнинг инқилобий клублари пайдо бўлди ва улар сиёсий курашларда фаол қатнашди. Бу даврдаги асосий саъй-ҳаракатлар хотин-қизларнинг оиладаги тутқунлигига қарши қаратилган бўлиб, уларнинг эркаклар билан сиёсий тенг ҳуқуққа эга бўлишига эришишга йўналтирилган эди. Бунинг учун улар маълумот олиши, эркаклар билан баробар ишлаши ва ҳақ олишини ёқлаб чиқиш талаб қилинар эди. Буни амалга ошириш ўта мураккаб ҳодиса бўлиб, XX асрда АҚШ Конституцияси таҳлил этилиб, унда аёлларнинг сайланиш ва сайлаш ҳуқуқига эга экани эълон қилинди. Бу ҳолат феминизм ғоясининг янада кенг миқёсда тарқалишига ҳамда янги, хилма-хил феминистик оқимларнинг вужудга келишига шароит яратди.
Янги феминизм аёллар тенглиги учун кураш ғоясини қадимги феминизмдан мерос қилиб олиш билан бирга, ўзига хос бўлган хусусиятларга ҳам эга эди. Янги феминистик оқимнинг йўналишларини шартли равишда тўртга бўлиб ўрганиш мумкин. Булардан ташқари, консерватив ғояга эга бўлган антифеминистик йўналишлар ҳам мавжуд. Консерватив йўналиш намояндалари Зигмунд Фрейд назариясига асосланиб, аёллар оила ва оналик вазифасини бажариши лозимлигини мутлақлаштиради ҳамда аёлларнинг камситилишини инкор қилади. Аёлларнинг жамият ва оилада юқори мавқени эгаллаши, уларнинг асосий иши – фарзанд кўриш, уни парвариш қилиш ва тарбиялаш экани эътироф этилиб, ишлаб чиқаришда қатнашиш эса уларнинг фаолият доирасига кирмайди, деган ғоя илгари сурилади. Либерал феминизм жамиятдаги ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар орқали аёллар билан эркакларнинг тенг ҳуқуқлигига эришиш мумкин, деган фикрни ёқлаб чиқади. Бу оқим намояндалари М.Уолтонкрафт, Г.Милль, Ж.Милль каби инглиз феминист олимларининг аёлларни тенглиги ҳақидаги назарияларига таянади ҳамда шу асосда аёлларнинг эркакларга ҳуқуқий, иқтисодий ва ижтимоий қарамлигига барҳам бериш учун аёллар билим олиши, уни доимий равишда такомиллаштириб бориши, эркинлигини таъминлаш учун имкониятларга эга бўлиши; бозор иқтисодиёти шароитида меҳнат жараёнида тенг иштирок этиши; бозор шароитларига мослашув жараёнини тезлаштиришда аёлларнинг нуфузини оширадиган қонунлар қабул қилиш зарурлиги каби ғоялар ўртага ташланади.
Радикал феминизм XX асрнинг 60-йилларида вужудга келган. У ўзининг кўпгина ғоялари билан либерал феминизмдан фарқ қилади. Унинг эътибор марказида аёлларнинг табиий хусусиятлари ётади. Радикал феминизм аёллар билан эркаклар тенглиги ғоясини инкор этиб, барча эзилувчиларни озод қилишни тарғиб этади. Улар қуйидаги ғояни илгари суради: аёллар қадимдан биринчи эзилувчи гуруҳни ташкил этади; аёлларни эзиш жаҳонда кенг тарқалган ижтимоий ҳодиса бўлиб, таҳқирлашнинг шафқатсиз шаклидир. Радикал феминизм нафақат жамият тизимини ўзгартиришни, балки фарзандлар тарбиясини ҳам ўзгартиришни талаб қилади. Радикал феминизм намояндалари америкалик олимлар Фиресто «Жинслар диалектикаси», О. Брайн «Репродуктив сиёсат» номли асарларида тиббиёт, дин, урф-одатлар, зурриёд қолдириш, ирқчилик, экология ҳамда сиёсий назарияларни таҳлил қилиб, эркаклар устунлигини таъминлайдиган асосларни илмий жиҳатдан ифодалаб беришга ҳаракат қилган. Радикал феминизм эркаклар ҳукмронлиги аёлларга зуғум ўтказиш манбаи эканини исботлайдиган оқим сифатида машҳур. Улар аёлларнинг жинсий аъзоларини стерилизация қилиш, ҳомилани сунъий йўл билан тушириш, контрацептив воситалардан фойдаланиш ҳақидаги қонун ва бошқа меъёрий ҳужжатларни доимий равишда назоратга олиш лозимлигини таъкидлайди.
Социалистик феминизм аёлларни мустабид тузум тазйиқидан халос этишни тарғиб этадиган ва биологик омилни ҳисобга олмаган ҳолда уларнинг мавқеини жамиятдаги ижтимоий воқеалар ҳосиласи сифатида ўрганадиган оқим. Бу назария собиқ совет даврида амалга оширилиши натижасида минтақаларда умумий саводхонлик, ўрта ва олий таълим бўйича маълумот даражаси ортди (хотин-қизлар орасида ҳам), тиббий хизмат ва ижтимоий ёрдам тармоғи ривожланди, эркаклар ва аёлларнинг тенг ҳуқуқлилиги (сиёсий тенглик, бир хил меҳнат қилиш, бир хил маош олиш каби) қонун билан мустаҳкамланди. Совет ҳукумати хотин-қизларнинг ишлаб чиқаришда юқори даражада иштирок этишини таъминлади, натижада, улар учун уйдан ташқарида эркаклар билан баробар ишлаш имконияти, яъни аёллар учун муҳит яратилди, аммо уй-рўзғор ишларининг оғир юки аёллар зиммасида қолаверди. Аслида расмий ҳуқуқ тенглиги билан яширинган имкониятларнинг реал тенгсизлиги бугунги кунда ҳам мавжудлиги, айрим олима, сиёсатчи, санъаткор аёлларнинг эришган ютуқларига қарамай, хотин-қизларнинг камситилиши ҳозир ҳам давом этаётганини кўпчилик тан олишни истамайди.
Мустақиллик шароитида юртимизда аёлларнинг жамиятдаги нуфузини ошириш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, оилани қўллаб-қувватлаш борасида жуда кўп ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, аёллар ҳуқуқини ҳимоя қилиш борасида тўпланган халқаро тажрибалардан фойдаланиб, тегишли миллий дастурлар ишлаб чиқилмоқда ва амалиётга изчил татбиқ этилмоқда.
Бир куни...
Биласизми?
Ҳикмат
Биласизми?
Бир куни...
Биласизми?
Қомус
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Бир куни...
Қатра
//
Изоҳ йўқ