Бир куни...
Аскетизм (юнонча aske – бирор нарса билан машғул бўлиш) – зоҳидлик, қаноат қилиб яшаш, моддий бойликлардан имкон қадар камроқ фойдаланиш туйғусига асосланган ғоя.
Унинг назарий асослари ва дастлабки кўринишлари Шарқда, қадимги Хитойда, Юнонистон (Спарта давлатида) ва бошқа ўлкаларда шаклланган. Тибетда лама динига мансуб руҳонийлар, Марказий Осиёда таркидунёчилик ва дарвешликни тарғиб қилувчи оқимлар ўрта асрларда ўзига хос аскетизм мактабларига асос солинган. Тасаввуф тариқатида ҳам бу ғоя тарафдорлари учрайди. Христиан динида бу дунё роҳатларидан воз кечиб, фақат тоат-ибодатга берилганлар аскет деб аталади. Бу ғоя баъзи ҳолларда бойлик ва мол-дунёга берилганларга қарши яшаш ва умргузаронлик қилиш тарзи сифатида ҳам намоён бўлади.
Протестантизмда «бу дунёда аскетизм» тамойили мавжуд. Унга кўра, бу дунёдаги сабр-қаноат нариги дунёда албатта роҳат-фароғат билан мукофотланади. Аскетизмда моддий ва маънавий-руҳий асосларни ажратиб алоҳида кўрсатиш мумкин. Моддий аскетизм одатда мулкдан воз кечиш, оилавий муносабатларни инкор этиш ёхуд унинг жамиятдаги ўрни ва аҳамиятини чеклаш, эҳтиёжларни табиий ва сунъий турларга ажратган ҳолда, табиий эҳтиёжлар устунлигини таъкидлашда намоён бўлади. Маънавий-руҳий аскетизм эса турли маънавий-маданий ва интеллектуал эҳтиёжлардан воз кечиш, маънавий қашшоқликни улуғлаш, жамият маънавий-интеллектуал ҳаётида иштирок этишни чеклаш, ҳатто баъзи ҳолларда фуқаролик ҳуқуқи ва сиёсий ҳуқуқларга амал қилишдан бўйин товлаш каби кўринишларда намоён бўлиши мумкин. Айрим фалсафий оқимлар вакиллари илгари сурган таълимотларда аскетизм ижтимоий эмас, балки индивидуал ҳаёт тарзига хос ҳодиса сифатида талқин этилади. Масалан, киниклар барча табиий, ҳиссий эҳтиёжларни чеклаш ва олий маънавий мақсадларга интилиш лозимлигини тарғиб этган. Ана шу оқимнинг ёрқин вакили – тиланчилик билан кун кечирган ва бочка ичида яшаган Диоген назарида, олий мақсадга эришиш йўлида давлат ҳам, оилавий муносабатлар ҳам, ахлоқий қадриятлар ҳам тўсқинлик қилмаслиги керак.
Ўрта асрларда аскетизм ердаги ҳаётда ўта камтарликни, барча табиий эҳтиёжларни чеклашни, ҳаёт бойликлари ва уни санъатда акс эттиришда вазминлик ҳамда юксак маънавий тимсолларга интилишни тарғиб этади. Христианлик дини назариётчиларидан бири Августиннинг фикрича, егулик ва ичкилик, ҳид ва товушлар, ранг ва шакллардан лаззатланиш ўта хавфлидир. Шунингдек, у диний эътиқодга хизмат қилмайдиган, Яратганга нисбатан ишончга таянмаган воқеликни ўрганишга эҳтирос, борлиқни англаш йўлидаги синчковлик ва қизиқувчанлик қўллаб-қувватланиши мумкин эмас, деб уқтиради. Мазкур тушунчанинг мазмун-моҳиятини ўрганган италиялик социолог В.Парето аскетизмни хоҳиш-истакларнинг патологик шакли, ижтимоийликни ғайритабиий тарзда ҳис этишга таянишни таъкидлайди. Унинг фикрича, кишилар барча эҳтиёжларини қондириш имкониятига эга бўлмагани сабабли уларнинг аксариятидан воз кечишга мажбур бўлади. Хоҳиш истакларни чеклашга хизмат қиладиган ҳиссиётлар фойдалидир. Аммо уларнинг ҳаддан ташқари ривожи, Парето назарида, аскетизмга олиб келади.
Бир куни...
Биласизми?
Ҳикмат
Биласизми?
Бир куни...
Биласизми?
Қомус
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Бир куни...
Қатра
//
Изоҳ йўқ