Бир куни...
Маънавий тажовуз – муайян миллат, жамият, давлатнинг тинчлиги ва барқарорлигига қарши қаратилган, сиёсий ва конституцион тузумни заифлаштириш ва бузишга йўналтирилган, шахс ва жамият хавфсизлиги, маънавий, руҳий дунёсига таҳдид солувчи ғоявий-назарий қарашлар ва шунга асосланган амалиёт мажмуини ифодалайдиган тушунча.
Тили, дини, эътиқодидан қатъи назар, ҳар қайси одамнинг том маънодаги эркин бўлиб яшашига қарши қаратилган, унинг айнан руҳий дунёсини издан чиқариш мақсадини кўзда тутадиган мафкуравий, ғоявий ва информацион хуружлар маънавий тажовуз ҳисобланади. Маънавий тажовуз вайронкор кучларнинг ўз моддий, сиёсий манфаатларини кўзлаган ҳолда ҳар хил марказлар томонидан бирон-бир мамлакатга нисбатан ичкаридан ёки ташқаридан туриб бевосита амалга ошириладиган маънавий бузғунчиликнинг муайян шаклидир. Улар ўз мақсадларига эришиш учун ҳар қандай усуллардан, одамларнинг маънавий-руҳий ҳиссиётлари, миллий туйғулари, ҳар қандай жамиятда мавжуд ижтимоий-иқтисодий, маънавий муаммолардан, шунингдек, замонавий технология, телекоммуникация, ОАВ, Интернетдан усталик, ғирромлик, нохолислик билан фойдаланишга ҳаракат қилади. Ҳозирги даврда маънавий тажовуз деганда, аҳолининг айрим қатламлари, айниқса, ёшлар онги ва қалбига таъсир қилиб, уларнинг қарашларини ўзларига маъқул йўналишда ўзгартириш, диний экстремизм, вайронкорлик, бузғунчилик, ахлоқсизлик ғояларини зимдан тарғиб-ташвиқ этиб сингдириш каби ғаразли мақсадлар англанади. Маънавиятга қарши қаратилган ҳар қандай тажовуз, таҳдид ўз-ўзидан мамлакат хавфсизлиги, унинг миллий манфаатлари, жисмонан ва маънан соғлом авлод келажагини таъминлаш йўлидаги жиддий хатарлардан бирига айланиши ва охир-оқибатда жамиятни инқирозга олиб келиши мумкин.
Маънавий тажовузкорлар кўпинча турли ниқоблар, жозибали шиор ва ғоялар ниқоби ортида иш кўради. Бундай кучлар ихтиёрида жуда катта моддий, молиявий ресурслар ва имкониятлар мавжуд бўлиб, улар пухта ўйланган ҳамда давомли мақсадларига хизмат қилмоқда. Ҳозирги даврда дунёнинг айрим ҳудудларида ана шундай ҳаракатлар натижасида катта маънавий йўқотишлар юз бермоқда, миллатларнинг асрий қадриятлари, миллий тафаккури ва турмуш тарзи издан чиқмоқда, ахлоқ-одоб, оила ва жамият ҳаёти, онгли яшаш тарзи жиддий хавф остида қолмоқда. Энг ёмони, бундай маънавий хуружларнинг пировард мақсади одамни ўзи туғилиб ўсган юрти ва халқидан тонишга, ватанпарварлик туйғуларидан маҳрум этишга ва ҳамма нарсага лоқайд бўлган шахсга айлантиришга қаратилган. Худбинлик ва лоқайдлик, маҳаллийчилик, коррупция ва манфаатпарастлик, бошқаларни менсимаслик, ҳасад, сотқинлик сингари иллатлар ҳам маънавий тажовузлар таркибига киради. Ҳозирги даврда турли эски ва янги ғоялар кураши ҳар қачонгидан ҳам кўра шиддатли тус олмоқда. Рангбаранг, баъзан бир-бирига мутлақо зид дунёқарашлар сиёсий, миллий, диний оқимлар, мазҳаб ва секталар ўртасидаги фикр талашувлари гоҳо баҳс-мунозара доирасидан чиқиб, қонли тўқнашувлар, оммавий қирғинларга сабаб бўлмоқда, одамлар бошига беҳисоб қайғу-кулфатлар солмоқда. Бу тортишувлардан кўзланган асосий мақсад – инсон, авваламбор, ёшлар қалбини эгаллаш, муайян мамлакат ёки минтақадаги бирор мамлакат ёки халқнинг онгига, унинг сезги-туйғуларига таъсир ўтказиш, уни ўз дунёқарашига бўйсундириш, маънавий жиҳатдан заиф ва тобе қилишдан иборатдир. Уч минг йилликдан зиёд ўзбек давлатчилиги тарихи шундан далолат берадики, ҳар қандай зўравон босқинчилар ва юртимизда ҳукмронлик қилмоқчи бўлган кучлар ёвуз ниятларига эришиш учун, аввало, миллий манфаатларимизга тажовуз қилиб, маданият ва анъаналаримизни йўқ қилиш, шу йўл билан бизни маънавий жиҳатдан заифлаштиришга, куч-қудратимизни йўқотишга ҳаракат қилганлар. Бугунги ҳаёт олдимизга қўяётган аччиқ ҳақиқат шундан иборатки, агар кимда-ким бизнинг мустақил тараққиёт йўлимизни, орзу-мақсадларимизга эришиш йўлини, янги ҳуқуқий демократик давлат ва жамият барпо этиш йўлини тўсмоқчи бўлса, аввало, ҳали суяги қотмаган, мустақил дунёқараши шаклланиб улгурмаган ёшларнинг онги ва қалбининг мўртлигидан фойдаланиб, уларнинг маънавиятини бузиб, ўзбек халқининг азалий табиати ва муқаддас одатларига мутлақо зид бўлган вайронкор ғоялар жозибаси билан чалғитиб, ўзининг ғаразли ва жирканч ниятларини амалга ошириш йўлида қурол қилиб олишга уринади. Бугун дунёда глобаллашув жараёни ҳаддан зиёд кучайган ҳозирги даврда бундай марказлар ва кучлар ўз ғаразли мақсадларини амалга ошириш учун ҳар қандай усулларни ишга солмоқда. Улар бу борада катта куч ва маблағ сарфлаб, одамларнинг миллий, диний ҳиссиётларидан, бизнинг моддий ҳаётимизда мавжуд бўлган ўткинчи иқтисодий-ижтимоий қийинчиликлардан фойдаланишга уринмоқда.
Бугун тобора такомиллашиб, ҳаётга чуқур кириб бораётган телекоммуникация ва Интернет каби замонавий воситалардан ҳам ўзларининг разил ниятлари йўлида маккорлик билан фойдаланишга ҳаракат қилмоқда. Шу сабабдан ҳам тарбиявий-ахлоқий масалалар, маънавий ҳаётда, керак бўлса, миллий манфаатларимизга мос келадиган сиёсатни изчил олиб боришда ўз йўлимизни йўқотмаслигимиз учун ҳеч қандай маънавий бўшлиққа йўл қўймаслигимиз даркор. Чунки, бугунги кунда дунёда бораётган курашлар орасида энг катта, энг таъсирчан кураш, аввало, маънавият, мафкура майдонларида юз бермоқда. Маънавий тажовуз ва хатарларга қарши ўз вақтида қатъият ва изчиллик билан кураш олиб борилмаса, турли зарарли оқимлар Ўзбекистонга ҳам шиддат билан ёпирилиб кириши, ёшларни ўз гирдобига тортиб кетиши, оқибатда улар ота-она, эл-юрт олдидаги бурчи ва масъулиятини ўйламайдиган, фақат бир кунлик ҳаёт билан яшайдиган эгоист-худбинларга айланиб қолиши мумкин.
Бизга маънавий-мафкуравий таҳдид солиши мумкин бўлган айрим ташкилотлар ўрта асрларда мавжуд бўлган мусулмон халифалигини тиклаш йўлида фаолият кўрсатмоқда. Албатта, бундан ўн тўрт аср бурунги воқеликни бугун амалда қайта тиклаб бўлмаслиги аён. Лекин уларнинг нияти – ягона маънавий-мафкуравий макон барпо этиб, ислом динини сиёсийлаштириш ва шу асосда ҳукмронлик қилиш, ҳокимиятни қўлга киритишдан иборат. Ҳозирги даврда халифалик каби, «эркин демократия» ва турли «очиқ жамият моделлари»ни экспорт қилиш, жамият ва давлат қурилишининг «универсал лойиҳа»ларини ташқаридан импорт қилиш ёки тиқиштириш йўлидаги уринишлар ҳам Маънавий тажовуз сифатида баҳоланмоғи лозим. Аслида, инсоният тарихида барчага бирдек маъқул бўладиган бошқарув модели ҳеч қачон бўлмаган. Маънавий тажовузнинг «оммавий маданият» ниқоби остида ахлоқий бузуқлик ва зўравонлик, индивидуализм, эгоцентризм ғояларини тарқатиш ва шунинг ҳисобидан бойлик орттириш, бошқа халқларнинг неча минг йиллик анъана ва қадриятлари, турмуш тарзининг маънавий негизларига беписандлик, уларни қўпоришга қаратилган шакллари ҳам мавжуд. Ҳозирги вақтда ахлоқсизликни маданият деб билиш ва аксинча, асл маънавий қадриятларни менсимасдан, эскилик сарқити деб қараш билан боғлиқ ҳолатлар тараққиёт ва ёшлар тарбиясига тажовуз қилмоқда.
Маънавий тажовуз шаклларининг аксарияти информацион хуруж ва уйдирмаларни тарқатиш орқали юз бермоқда. Бугунги кунда тобора кучайиб бораётган бундай хатарларга қарши доимо сергак, огоҳ ва ҳушёр бўлиб яшашимиз зарур. Бундай таҳдидларга қарши ҳар томонлама чуқур ўйланган, пухта илмий асосда ташкил этилган, мунтазам ва узлуксиз равишда олиб бориладиган маънавий тарбия билан жавоб бериш мумкин. Ҳозирги даврда ҳар биримиз маънавий тажовузларга нисбатан лоқайдлик, бепарволик ва беғамлик иллатидан халос бўлишимиз, ҳар бир фуқаро юртимизда, жаҳонда содир бўлаётган ҳар қандай воқеа, ҳодиса, жараёнлар менга, менинг тақдиримга бевосита дахлдор деб ҳисобламоғи даркор.
Бир куни...
Биласизми?
Ҳикмат
Биласизми?
Бир куни...
Биласизми?
Қомус
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Бир куни...
Қатра
//
Изоҳ йўқ