Онамни асраган қоқиўт


Сақлаш
19:03 / 30.03.2023 0 1081

Баҳор фасллар келинчаги бўлса, қоқиўт баҳор даракчиси ҳисобланади. Бу шифобахш ўсимлик тоғ, қир-адирлар-ку майли, йўл ва ариқ бўйида ҳам ўсаверади. Энам уни “Ҳаёт қўшиғи” дер эдилар. Эсимда, мактабнинг 7 синфида ўқирдим. Энам бир куни “Қоқиўт териб кел” дедилар. “Хўп бўлади” дедиму, югуриб далага чиқиб кетдим. Қўйларни далада ўтлатиб, тенгқур болалар билан роса футбол ўйнадик. Энамнинг айтганлари эсимдан чиқмади, йўл-йўлакай қоқиўт ҳам тердим. Далада нима кўп-қоқиўт кўп, терганим бир даста бўлди. Бир қисмини гулчамбар қилиб, тут дарахтининг шохига териб чиқдим. Қолганини ўраб-чирмаб боғладим. Шу боғламни дарвоза олдига қўйдим. Дарвоза қир-адирда нима бўлади? Иккита тош-да! Шу тошларнинг ёнига бояги қоқиўтларни қўйдим. Ўйинга қизиқиб, роса копток тепибмиз, тепаверибмиз... Бир маҳал мактабга бориш кераклиги эсга тушиб қолди. “Ҳамма уй-уйига, капа тўйига”, жўрабошининг ушбу сўзидан кейин ҳовлига чопдик. Қоқиўт дастасини маҳкам ушлаб югуриб бораяпман. Тушириб юбормасликка уринсам ҳам, бир-иккиси қўлимдан тушиб, думалаб кетади. Оҳори тўкилган қоқиўтларнинг юза қисми сўлиб қолганди. Пояси синганларидан эса сут томчиларди. Сутини шимса шўртак бўлади. Шимилади-туфланади. Ҳовлига кирдим-да, “Эна, айтганингизни олиб келдим”, дея қоқи ўтларларни қўлига тутқаздим.

 

– Эҳ, болажоним-а! дея қоқиўтни кўзларига суртаркан, “Омонлик-сомонлик, кўрмайлик ёмонлик”, дедилар. Энам яна бир нималарни пичирладилар-у, эшита олмадим. Сўнг қоқиўтдан битта кичкинасини олдилар-да, қатиқ турган косага тўғраб солдилар. – Оламжаҳон олиб келибсан. Ма, мана буларни (оҳори тўкилган қоқиўтлар) қўйларга бер. Қоқини исроф қилманглар, болаларим... “Исроф қилманглар...” Бу сўз энамнинг кўзидаги мунг, ҳасрат, ўкинч... олам-олам дард билан қоришиб кетганга ўхшарди. Мен ҳали буларни тушунмасдим. Аммо уларнинг гапини икки қилмай, гулларни қўйларга олиб бориб бердим. Очофатлар дарров еб ташлади.

 

Кейин-кейин энамнинг гапларидан илғаб олганманки, уларнинг ёшлиги қаҳатчиликка тўғри келган экан. Қоқиўт очликдан қийналган кўплаб инсонларнинг ҳаётини сақлаб қолганини, қиш фаслидан эсон-омон чиққач, баъзи одамлар момақаймоқдан, баҳорнинг бошқа ўсимликларидан тўйиб-тўйиб ейишганини, дориломон кунларга етказганига шукрона айтишганини гапирарди энам. Бир куни гапдан-гап чиқиб айтиб қолдилар: 

 

– Қатиққа қоқиўт солиб, тўқалаб еб кун кўрганмиз, болам. Биз кўрган кунларни кўрманглар. Бу ўтнинг илдизидан мевасигача фойдали бўлади. Қоқиўт – ҳаёт қўшиғи! Шу ўт чиқдими, тириклик қайтади. Ўлим чекинади.  Жон болаларим, қоқиўтни босманглар – жони оғрийди...

 

Бугун атрофимизда бўй кўрсатаётган қоқиўтларни кўриб, энам билан боғлиқ воқеаларни хотирладим. Кўкламойим туҳфа этган қоқиўт-момақаймоқ қувватимизни ошириб, ҳаммага қаймоғидан илинаверсин. Болажонлар ҳув ана, момақаймоқнинг тўзғоқларини пуфлаб, учириб ўйнамоқда. Улар қоқиўтни узганда, поясидан сут ёки қаймоққа ўхшаш суюқликни чиқариб шимганида болаликка қайтгим келади. “Қоқиўт – ҳаёт қўшиғи!” У доим баралла янграйверсин...

 

Абдураззоқ ШАЙМАРДАНОВ

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги қўйилган

Барчаси

Ҳикмат

10:07 / 03.07.2025 0 16
Армон бобо

Биласизми?

16:07 / 02.07.2025 0 25
Елиб келди

Биласизми?

10:05 / 20.05.2025 0 134
Фарзанд нега тирноққа ўхшатилади?

Қатра

12:05 / 19.05.2025 0 154
Ҳаммани йиғлатган васиятнома

Қатра

15:04 / 17.04.2025 0 182
Марҳамат ая соғинчи



Кўп ўқилган

Барчаси

Қомус

15:04 / 19.04.2023 0 10621
Жадидчилик

Қатра

20:08 / 18.08.2022 15 5573
Илк ватан

Қатра

01:01 / 10.01.2022 7 5118
Бир қоп ун

Қомус

22:08 / 04.08.2023 0 4990
Миллий урф-одатлар

Қатра

17:08 / 21.08.2022 6 4554
Тинчлик

Қомус

15:04 / 18.04.2023 0 3662
Радикализм

Қатра

01:01 / 18.01.2022 2 3655
Ўқиш пули

//