Бир куни...
Гендер (инглизча gender – уруғ) – инсон жинсининг ижтимоий-маданий ва маънавий жиҳатини ифода этувчи тушунча. Гендер ибораси ижтимоий фанларда жинс мавзусини ўрганишда янгича ёндашув шаклланган паллада, яъни 1950 йиллардан бошлаб киритилган.
Бу давргача «жинс» тушунчаси одамнинг анатомо-физиологик хусусиятини англатган ҳолда инсониятни эркак ва аёл жинсларига ажратишнигина назарда тутарди. Жинс (яъни, биологик хусусиятлар) эркак ва аёллар ўртасидаги фарқнинг асоси ва бирламчи сабаби, деб талқин этиларди. Лекин одамлар ўртасида биологик фарқлардан ташқари, уларнинг ижтимоий вазифалари, хулқи, руҳияти ва ҳиссиётида ҳам муайян тафовут мавжуд эди. Гендер деганда турли жамиятларда яшовчи эркак ва аёллар хулқини белгиловчи ижтимоий ва маданий вазифалар меъёрлари мажмуаси тушунилади. Тадқиқотларда турли жинс вакиллари хулқ-атворидаги фарқ (масалан, шахснинг психологик сифатлари, хулқ шакллари, фаолият турлари, эркак ва аёллар шуғулланадиган касблар) биологик асосдан кўра кўпроқ ижтимоий-маданий меъёрлар билан белгиланиши аниқланган. Гендер эркак ва аёлларга хос ижтимоий модель сифатида жамиятда шаклланади ва у орқали эркак ва аёлнинг жамият ва унинг турли институтларидаги мавқеи белгиланади (оилада, сиёсий тузилмаларда, иқтисодиётда, маданият, таълим соҳасида ва ҳоказо). Эркак ва аёл ҳақидаги умумий тасаввурлар негизида вужудга келган гендер тизими турли жамиятларда ўзига хос тарзда намоён бўлади. Гендернинг асосий моҳияти унинг икки қутблилиги ва ички зиддиятга эгалигидир, яъни гендер ёндашуви асосида жамиятда мавжуд бўлган жинс мавзусига оид зиддиятли ҳолатлар ўрганилади.
Гендер жамиятдаги ижтимоий табақалашув шакли бўлиб, бунда ирқ, миллат, синфлар, гуруҳлар сингари жинс вакиллари ўртасида ҳам маълум иерархик муносабатлар ўрнатилади. Туғилганиданоқ инсон гендер тизими таъсирида бўлади. Анъанавий урф-одатлар таъсири кучли бўлган жамиятларда туғилиш билан боғлиқ бўлган турли удумларга риоя этиш, масалан, чақалоққа танланаётган кийимнинг рангидан бошлаб ўйинчоқларгача эътибор қаратиш – инсонни ёшлик чоғиданоқ гендер тизимига киритади, оилада фарзандларга бўлган муносабатда ҳам гендер фарқлар кўзга ташланади. Гендер тадқиқотлари дастлаб аёллар муаммоларини ўрганиш доирасида амалга оширилгани боис ҳозирга қадар айрим одамлар «гендер» сўзини «феминизм» ибораси билан айнан бир хил маънода талқин этади. Бироқ, «феминизм» соҳасидаги тадқиқотлар аёлларнинг жамиятдаги мавқеи, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаш каби мавзулар доирасида амалга оширилган бўлса, гендер тадқиқотлари, аввало, эркак ва аёл мавқеининг ўзаро нисбати, уларнинг хатти-ҳаракатини белгиловчи хулқ меъёрлари ҳамда уларга асосланган роллар, ана шу ролларнинг шахс шаклланишига таъсир этишини ўрганишга йўналтирилган. Гендер мавзусидаги асосий тушунчалар доирасига қуйидагилар киради:
гендер идентификацияси (муайян жинсга мансуб шахсга хос хулқ шакллари);
гендер мафкураси (жамиятда Гендер фарқларни асослаб берадиган ғоялар);
гендер дифференцияси (табиий деб топилган жинсий тафовутларнинг ижтимоий мазмун касб этиши);
гендер роллари (ижтимоий талабларни бажариш).
Асрлар давомида шаклланган ва инсоннинг фаолият йўналишини белгилаб берадиган ижтимоий меъёрлар турли жинс вакиллари ўртасидаги ўзаро муносабатни изга солган ҳолда жамият аъзолари турмушини енгиллаштиради, гендер муаммоларини тезликда ҳал этиш имкониятини яратади, энг асосийси, ҳар бир жинсга хос вазифаларни англаш жараёни миллий, маданий қадриятларнинг ўзлаштирилишига хизмат қилади.
Бир куни...
Биласизми?
Ҳикмат
Биласизми?
Бир куни...
Биласизми?
Қомус
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Бир куни...
Қатра
//
Изоҳ йўқ