Бир куни...
Фанатизм (лотинча fanaticus) – муайян ғоя, эътиқодга кўр-кўрона ва кучли ишонишни англатувчи тушунча. Турли даврларда жоҳиллик, ашаддий хурофотчилик, мутаассиблик, жазавакорлик, дарғазаблик, телба-тескари иш тутиш маъносида қўлланган.
Умуман, фанатизмнинг қуйидаги шаклларини кўрсатиб ўтиш мумкин:
1) истеъмолчилик фанатизми, яъни муайян моддий маънавий неъматларни ўзлаштиришга кучли мойиллик;
2) диний фанатизм – диний фундаментализм ва экстремизмнинг радикал шакли;
3) сиёсий-ғоявий фанатизм;
4) этник, миллий ва ирқий фанатизм.
Диний-фалсафий, миллий ва сиёсий жабҳаларда фанатизм кўпроқ учрайди. Фанатизм бу – идеал деб олинган предметга нисбатан завқшавқ, кучли иштиёқ билан талпиниш ҳамда унга нисбатан танқидий муносабатнинг мутлақо йўқлиги билан характерланади. У. Черчил ибораси билан айтганда, «фанатик шундай инсонки, у предметни ҳам, ўз фикрини ҳам ўзгартирмайди». Фанатизмга берилган инсон турли моҳиятга эга бўлган қарама-қарши икки йўлдан бирини танлаб ўтирмайди, у фақатгина ўзининг маълум бир эътиқодини ҳимоя килади, холос. Унга мос келмайдиган барча қараш ва ғоялар фанатизм назарида Яратганга нисбатан шаккоклик, маънавиятга, инсон қадр қиммати ва адолат тамойилига зид, дея талқин этилади. Ўз эътиқодига кўр-кўрона ишонадиган фанатик шахс қарашларининг тўғри-нотўғрилиги, асосланган-асосланмагани ҳақида ўйлаб ўтирмайди, унинг учун қурбон бўлишга шай туради, ўзгалар фикрини эътиборга олмайди. Бундан ташқари, ғояси йўлида тўғаноқ бўладиган ахлоқий меъёрларни инкор этади, уларни бидъат дея эълон қилади.
Ўз ғоясига эришиш йўлида ҳеч қандай тўсиқлардан қўрқмайди. Фанатизм тушунчасининг ўзидаёқ унинг торлиги, чеклангани, мутаассиблик яққол намоён бўлади. Амалиётда ўзини фанатик-мутаассиб деб атаган кишиларни учратиш қийин, аммо уларнинг аксарияти эътиқодига зид қарашларини илгари сураётган кишиларга шундай тамға қўяди. Масалан, насронийлар назарида ўз динига эътиқодли бўлган мажусийлар ўтакетган мутаассиб ҳисобланган. Шу билан бирга, насронийларнинг ўзи ҳам Рим ҳукмдорлари томонидан мутаассибликда айбланган. Ёки муқаддас инквизиция мутаассибликда барча ташкилотларни ортда қолдириб кетган бўлса-да, насроний ақидаларга зид ғояларни илгари сурганларга бидъатчи деган тамға қўйиб, шафқатсиз жазога маҳкум этган. Фанатизм диний соҳадан ташқари, сиёсий жабҳада ҳам кенг тарқалган. Масалан, француз инқилоби даврида сиёсий партиядан кўра кўпроқ ўзига хос сиёсий мазҳабга ўхшаб кетадиган якобинчилар сиёсий мутаассибликка ёрқин мисол бўла олади. Фанатизмнинг хатарли жиҳати шундаки, унга йўлиққан одамлар ёки уларнинг гуруҳлари жамиятда беқарорлик тўлқинини келтириб чиқаришга қодир бўлади. Оммавийлик унсури эса муайян бир хатти-ҳаракатлар учун шахсий жавобгарлик ҳиссини йўқотиб юборади, ҳаракатга оммавий тус беради. Ўзининг шак-шубҳасиз ҳақлигига, ҳақиқатни фақат ўзи билишига ишонч ҳисси сўнгги чораларга – зўравонлик ҳаракатларига мойиллиги билан ажралиб турадиган диний экстремизмнинг пайдо бўлишига олиб келади.
Бугунги кунда дунёнинг кўпгина минтақаларида ижтимоий-сиёсий вазиятни беқарорлаштиришга уринаётган, қанчадан-қанча бегуноҳ кишиларнинг ҳаётига зомин бўлаётган ўтакетган мутаассибларнинг экстремистик хатти-ҳаракати тобора хатарли тус олаётгани барча давлатларнинг бу иллатга қарши биргаликда кураш олиб бориши, кишиларнинг маданий даражасини юксалтириш, шахсга нисбатан ҳурмат туйғусини шакллантириш борасида саъй-ҳаракатларини бирлаштиришни тақозо этмоқда.
Бир куни...
Биласизми?
Ҳикмат
Биласизми?
Бир куни...
Биласизми?
Қомус
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Бир куни...
Қатра
//
Изоҳ йўқ