Бир куни...
Эгоизм (французча еgoisme; лотинча ego – мен) – ижтимоий борлиқда шахсий манфаатларнинг инсон фаолиятининг бош мақсади ҳамда жамият ва атрофдагиларга муносабатни баҳолашнинг асосий мезонига айланганини ифода этувчи ҳаётий фаолият принципини англатувчи атама.
Эгоизм вужудга келиши қулдорлик жамиятининг емирилиши ва хусусий мулкнинг вужудга келиши билан пайдо бўлган ва жамиятнинг бўлиниши, унинг таркибида фаолияти ўз ижтимоий мақомини сақлаш ва мустаҳкамлашга қаратилган индивидлар ва ёпиқ гуруҳларнинг шаклланиши билан узвий боғлиқдир. Товар хўжалиги, айниқса, капиталистик ишлаб чиқариш усулининг ривожи эгоизм тамойилини турли ахлоқий концепцияларга асосланган инсон фаоллигининг универсал мезонига айлантиради. Оммавий ахлоқий онгда чекланмаган эгоизм ҳамиша қораланиб, альтруизм тамойили унга қарши қўйиб келинган.
Эгоизмга оид концепцияларни фалсафий-натуралистик ва ахлоқий меъёрий гуруҳларга бўлиш мумкин. Биринчи ёндашув замирида инсон – ўзи табиатан худпараст экани ва унга хос шон-шуҳрат, бахт ва ҳузур-ҳаловатга туғма интилишга таяниб, ўз манфаатлари учун ҳаракат қилиши мумкинлиги ғояси мужассам этилган. Бундай талқин нуқтаи назаридан ахлоқий талаблар унинг манфаатларига мос келсагина инсон уларга риоя этиши мумкин. Иккинчи ёндашув – «оқилона англанган эгоизм» инсоннинг табиат устидан ҳукмронлиги, мунофиқлик ва иккиюзламачиликка барҳам берадиган чинакам ахлоқий тамойил ғоясини илгари суради.
Эгоизм мазмун-моҳиятига оид бу икки ёндашувга тегишли қарашлар антик давр алломалари Демокрит, Эпикур, айрим софистлар таълимотларида ўз ифодасини топган. Эгоизм уйғониш, айниқса, Маърифатпарварлик даврида яшаб ижод этган Спиноза, Вольтер, Руссо, Дидро, Гольбах каби мутафаккирлар таълимотларида акс эттирилиб, моҳиятан, дунёвий неъматлардан воз кечиш ва индивиднинг черков-феодал иерархиясига бўйсундирилиши ғоясига таянган насроний ахлоққа қарши қаратилган эди. Зеро, тарихий жиҳатдан прогрессив аҳамият касб этган бундай қарашларда ижтимоий фойдали фаолиятида нафақат моддий, балки маънавий манфаат тамойилига суянадиган инсонгина жамият тараққиёти ва фаровонлигига хизмат қилиши мумкин, деган фикр илгари сурилар эди. Психологик нуқтаи назардан эгоизм инсоннинг ўз «Мен»ига қаратилган шахс фаоллиги бўлиб, манманлик, ўзини, ўз манфаатларини ўзгалар манфаатидан устун қўйишда ифодаланади. Эгоизмда инсон шахсий қизиқишларининг қондирилиши энг юқори даражада туради. Эгоизм қизиқишлар тўқнашган зиддиятли вазиятларда намоён бўлади. Бундай ҳолларда шахс истакларининг қондирилиши бошқалар қизиқишига зид равишда амалга ошади. Шахслараро муносабатларда «эгоизм» тушунчаси турли хил кўринишларда намоён бўлади. Биринчидан, бу «диктаторлик эгоизми», яъни инсонда «ҳамма менинг манфаатимга хизмат қилиши керак», деган ишонч ҳиссида намоён бўлади. Иккинчидан, «шахсий нодирлик эгоизми» – «агарда менга қулай бўлмаса, барча риоя қиладиган ахлоқий тамойилларга мен риоя қилмайман» каби қарашларда ифодаланади. Учинчидан, «анархик эгоизм» – «ҳар бир одам ўз манфаати йўлида кўнглига келган ишни қилиши мумкин», деган фикрга таянади. Айрим психологларнинг фикрича, эгоизм ижобий ёки салбий бўлмайди, у феъл-атворнинг қай даражада ривожланганини англатади ва маълум даражада руҳий соғлом одамларга ҳам хос бўлган хусусиятдир.
Демак, инсоннинг, айниқса, ёшларнинг маънавий камолоти кўп жиҳатдан улардаги эгоистик майлларни тизгинлаш, шахсий манфаатларини ўзга кишилар ва жамият манфаатлари билан уйғунлаштиришга интилишига боғлиқ. Бу эса таълим тарбия тизимини қуйидан юқори босқичигача такомиллаштириш ва ривожлантиришни тақозо этади.
Бир куни...
Биласизми?
Ҳикмат
Биласизми?
Бир куни...
Биласизми?
Қомус
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Бир куни...
Қатра
//
Изоҳ йўқ