Тавсиянома


Сақлаш
21:03 / 16.03.2023 0 776

Эрта баҳор эди. Истеъдодли шоир Абдулла Орипов билан Ойбек домланинг уйларига борадиган бўлиб қолдик. Абдулланинг бу табаррук даргоҳга иккинчи марта келиши экан. Мен бу хонадонга кўп келганман: журнал топшириғи билан ҳам, нашриёт топшириғи билан ҳам, қалбим топшириғи билан ҳам келавериб, Ойбек домлани ияк кўтаришидан, қарашидан, имосидан, оғиз очишидан тушунадиган бўлиб қолганман. Шунинг учун бўлса керак, Абдулла бирга боришимни илтимос қилиб қолди. Мақсадимиз, ўша пайтларда Абдулла уюшмага аъзоликка ўтиш учун ҳужжат йиғиб юрган кезлари эди. Ойбек домладан ҳам тавсиянома олиши керак эди.

 

Қўнғироқ тугмасини босдик. Ичкаридан бир аёл чиқиб, домланинг ҳовлида эканликларини айтди, ичкарига таклиф қилди. Болахонали қизил дарвоза ёнидаги тор, соя йўлакда ака-ука узун-қисқа бўлиб, домланинг олдиларига боришга бетлаёлмай турибмиз. Ўша ўзимизга таниш ихчамгина, гулга тўла ҳовли. Ўртада Ойбек домла, тагларида пастгина курси, бошларида кўҳнароқ чуст дўппи, эгниларида сур лафсан кўйлак, устидан енгил чопон ташлаб олганлар. Худди қояга қўнган саҳро бургутидай чўнг, вазмин хаёл суриб ўтирибдилар. Олдиларига боришга ийманамиз, хаёлларини бузиб қўйишдан қўрқамиз.

 

Тўсатдан домланинг кўзлари бизга тушиб қолиб, ўрниларидан турдилар, истиқболимизга юриб, кўришдилар, уйга таклиф қилдилар. Кирдик, ўтирдик. Одатдагидек адабиёт ҳақида суҳбатлардан сўнг, мақсадимизни айтдик. Абдулла домлага босилиб чиққан китобларидан олиб келиб бермабди шекилли, бироз ҳайрон бўлиб қараб турдилар. Мен бу сукутни дарров фаҳмлаб, Абдулла ҳақида домлага батафсил гапириб бердим.

 

– Янги шеърларингиздан борми? – деб сўраб қолдилар Ойбек домла.

 

– Ўқинг, “Ҳаястон” ни ўқинг, шоир, – дедим мен Абдуллага.

 

Абдулланинг терга тушиб кетганидан ўзини йўқотиб, адашиб кетармикан, деб қўрққан эдим, хайрият, Арманистон таассуротлари туфайли яқинда ёзилган “Ҳаястон” деган шеърини илҳом ва ҳаяжон билан, тутилмай ўқиб берди. Домла шеърни худди “Муножот”ни тинглаётгандай, тебраниб ўтириб эшитдилар. Қувончдан катта-катта қора кўзлари порлаб кетди.

 

– Яхши, яхши, – дедилар ҳаяжонда. – Жуда ингичка.

 

У киши кам гапирар, бир дунё маънони битта сўзда ифода қилар эдилар. “Ингичка” деганлари – нозик дид билан, илҳом ва ҳаяжон билан, истеъдод билан ёзилибди, деганлари эди. Ҳа, у киши адабиётимизнинг кичкина ютуғидан ҳам астойдил хурсанд бўлар эдилар. Домла ростакамига қувонсалар, ёш бола бўлиб кетар эдилар. У киши тафаккурда Афлотун, муомалада халқимиздек содда ва доно эдилар.

 

Мен машинкада бир бетгина тавсиянома хомакисини тайёрлаб борган эдим. Домла бир зумда кўз югуртириб чиқдилар-да, атрофга олазарак қараб, кўкрак ва ён чўнтакларини пайпаслай бошладилар. Билдимки, ручка қидиряптилар. Дарҳол Абдуллага ишора қилдим.

 

– Ручкангизни олинг.

 

Абдулла чўнтагидан ручкасини олиб, домлага эмас, менга узатди. Журъат қилолмади чоғи. Домла ручкани олдилар-да, кўзойнакларини тақиб, тавсияноманинг тагига қўллари қалтираб, қийналиб, Ойбек деб ёзиб қўйдилар. Барчамизнинг юзимизга нур ёғилгандек бўлди. Ойбек домланинг ҳам, менинг ҳам ва табиийки Абдулланинг ҳам.

 

Шу пайтгача мен битта аъло шеър учун уюшмага тавсиянома берган буюк ёзувчини кўрмаган эдим. Худога минг қатла шукурлар бўлсинким, шу бугун кўрдим. Бу Ойбек домланинг шеъриятни жуда нозик, ўз таъбири билан айтганда “жуда ингичка” тушуниши ва қадрлашидан далолат эди.

 

Носир ФОЗИЛОВ

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги қўйилган

Барчаси

Бир куни...

14:01 / 16.01.2025 0 85
Қуриб кетсин музейинг!..

Қатра

12:01 / 13.01.2025 0 84
Муаллимдан таёқ еган султон



Кўп ўқилган

Барчаси

Қомус

15:04 / 19.04.2023 0 7446
Жадидчилик

Қатра

20:08 / 18.08.2022 15 5038
Илк ватан

Қатра

01:01 / 10.01.2022 7 4680
Бир қоп ун

Қатра

17:08 / 21.08.2022 6 4109
Тинчлик

Қатра

01:01 / 18.01.2022 2 3457
Ўқиш пули

Бир куни...

03:12 / 09.12.2021 3 3031
Ҳар нарса ҳам кўринганидек эмас

Қатра

03:12 / 28.12.2021 1 2948
Туғилган кун

//