Нацизм


Сақлаш
15:03 / 11.03.2023 0 588

Нацизм – I Жаҳон урушидан кейин Германияда ташкил топган национал-социалистик ишчи партияси билан боғлиқ бўлган доктрина ва сиёсий ҳаракат, кейинчалик Адольф Гитлер ва унинг тарафдорлари томонидан тарғиб қилинган таълимот.

 

Шарқий Европа мамлакатларида марксизм билан боғлиқ таълимотнинг кенг ёйилиши ва шу асосда коммунистик партияларнинг ташкил топиши, хусусан, Россия империяси ва унинг мустамлакалари, атрофидаги мамлакатларда коммунистик ҳаракатнинг ғалаба қозониши, оқибатда давлат бошқаруви тизими, жамият қатламларига муносабатнинг кескин ўзгариши ва бу воқеалар таъсири Ғарбий Европа мамлакатларида ҳам сезила бошлаши жамиятлар, халқлар, улар тепасида турган сиёсий тизимлар ўртасидаги келишмовчиликларни борган сари кескинлаштирди. Айни вақтда I Жаҳон уруши оқибатида юзага келган иқтисодий инқироз Ғарбий Европа халқларининг қуйи табақаларига оғир таъсир кўрсатиши бу мамлакатларда «коммунистик хавф»нинг янада авж олишига сабаб бўлди. Ишчи-деҳқонлар томонидан билдирила бошланган очиқ норозиликлар давлат ҳукуматларини ларзага келтириб, ташкил этилган намойишлар инқилобий тус ола бошлади. I Жаҳон урушидан оғир йўқотишлар билан чиққан Германия бундай ҳаракатларнинг марказига айланиб қолган эди. Мана шундай ҳолат ва жараёнлардан унумли фойдалана олган Гитлер ҳамда унинг партияси ўнглар ва сўллар, Шарқ билан Fapб ўртасида ўзига хос учинчи позицияни эгаллашга ҳаракат қилди.

 

Партия етакчилари томонидан олиб борилган айёрона ҳаракат натижасида ўнглар ва сўллар, антикоммунистлар ва социалистлар томонидан илгари сурилган ғоялар национал-социалистлар партияси ғоялари сифатида кенг тарғиб қилиниши тез орада бу партиянинг ҳам буржуазия, ҳам ҳарбий табақа ҳам ишчи-деҳқон синфининг бир қисмини ўзига оғдириб олишига имкон берди. Партия ғоялари ва ҳаракатларининг ушбу табақалар томонидан қўллаб-қувватланиши тез орада унинг мамлакат бошқарув тизимини қўлга олишига имконият яратди. Нацизм етакчилари томонидан коммунистик ғоялар немис халқининг бўлиниб кетиши ва охир-оқибатда миллатни барбод қилиши мумкинлиги, бу хавфларга қарши немис миллати жипслиги ва қудратини намоён этиши лозимлиги ғоялари нацизмнинг асосий ғоялари сифатида тарғиб қилинди.

 

Гитлер ҳукумати вужудга келган қулай имкониятдан фойдаланиб, кенг тарғибот-ташвиқот ишларини олиб борган ва бунда немис миллатини энг улуғ, танланган, олий миллат экани, барча миллатлар ундан паст туриши ва унга хизмат қилиши лозимлиги ғоясини илгари сурган эди. Бу ғоя нацизмнинг асосини ташкил этиб, нацистлар уни илмий жиҳатдан асослашга ҳаракат қилган эди. Масалан, Арастунинг юнонлар олий халқ ва барча қолган халқлар варварлардир, улар юнонларга бўйсуниб яшашлари керак, Ницшенинг ҳаётда энг кучлиларгина яшашга ҳақли ва улар ўзга халқлар устидан ҳукмрон бўлиши лозимлиги ёхуд Г.Карл Юнгнинг христианликнинг обрў-эътиборини кучайтириш ва ундаги бўшлиқни ғоявий маънавий ва мафкуравий жиҳатдан тўлдириш зарурлиги ҳақидаги қарашларига таяниб, А.Гитлер кенг миқёсда тарғибот-ташвиқот ишларини йўлга қўйиб, ўта кескин ва тажовузкорона нацизмни ишлаб чиқди ва амалиётга жорий эта бошлайди.

 

Нацизмнинг агрессив сиёсати ХХ аср ўрталарида юз берган ва жаҳон халқларига оғир талафотлар етказган II Жаҳон урушини келтириб чиқарди. Нацизм ғояларининг амалда намоён бўлиши ушбу уруш оқибатларида кенг даражада кўзга ташланади ва шунга кўра, нацизм жаҳон халқлари томонидан инсон эркинлигини бўғиш, уни хўрлаш, унга нисбатан ёвузларча муносабатда бўлиш, халқларни менсимаслик, инсон ор-номусини топташ, миллатлараpo ихтилофларни келтириб чиқарувчи, тажовузкор характерга эга таълимот сифатида эътироф этилади. Шу жиҳатдан, нацизм ғайриинсоний таълимот ҳисобланади. Нацистларнинг ўзларини миллат учун курашувчилар, миллат фидойилари деб кўрсатишлари улар томонидан илгари суриладиган ғоялар, амалга ошириладиган хатти-ҳаракатлар ўзга халқларни камситиш ёки айблаш ҳисобидан амалга оширилиши билан кўзга ташланиб туради. Шунингдек, ўзга барча халқларга, уларнинг қадриятларига нафрат билан қарашни бутун миллат маънавиятига сингдириш, миллат тафаккурига айлантиришга уриниш нацизмнинг ғайриинсоний моҳиятини яққол намоён этади.

 

Нацизмнинг давлат даражасидаги тизимларда асосий ақидага айланиши инсоният учун ўта хавфли экани тарихда ўз исботини топганига қарамай, баъзи сиёсий доираларда ҳозирги вақтда ҳам нацистик қарашларнинг пайдо бўлиши ва авж олишини кузатиш мумкин. XXI асрда нацизм ва фашизм жабр-ситамларини тортган бир қанча мамлакатларда, шу жумладан, Германиянинг ўзида ҳам, неофашизм ёшлар ўртасида яна қайта бош кўтара бошлади. Европанинг қатор мамлакатлари ва собиқ совет ҳудудининг Россия, Украина ва Болтиқбўйи давлатларида содир бўлаётган воқеалар бунга мисол бўла олади. Фашизм ва нацизмнинг инсоният бошига солган кулфатлари Нюрнберг суд жараёнида ҳар томонлама ўз баҳосини олган эди. Жаҳонда уларнинг қайта бош кўтармаслиги учун барча давлатлар биргаликда ҳаракат қилишга келишиб олди. Аммо тарихдан сабоқ ва хулоса чиқара олмаган кучлар улардан ўз манфаатлари йўлида фойдаланишга уринмоқда.

 

Дунё халқлари II Жаҳон уруши иштирокчилари ва фахрийлари билан биргаликда ҳар йили 9 май куни фашистлар қўлида ҳалок бўлган, концлагерлар азоб-уқубатларини тортган кишилар руҳини ёдлаб ва хотирлаб, ёшларни нацизм ва фашизм балосидан огоҳлантиради.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги қўйилган

Барчаси

Бир куни...

18:12 / 04.12.2024 0 11
Бунинни жиддий рақиб деб бўладими?

Биласизми?

10:12 / 03.12.2024 0 30
Пул ва минора – улар “қариндаш”ми?

Биласизми?

17:11 / 21.11.2024 0 164
“Тариф”нинг таърифи ва тарихи



Кўп ўқилган

Барчаси

Қомус

15:04 / 19.04.2023 0 6379
Жадидчилик

Қатра

20:08 / 18.08.2022 15 4942
Илк ватан

Қатра

01:01 / 10.01.2022 7 4587
Бир қоп ун

Қатра

17:08 / 21.08.2022 6 4013
Тинчлик

Қатра

01:01 / 18.01.2022 2 3422
Ўқиш пули

Бир куни...

03:12 / 09.12.2021 3 2988
Ҳар нарса ҳам кўринганидек эмас

Қатра

03:12 / 28.12.2021 1 2907
Туғилган кун

//