Қайирмаларим – менинг ҳикматларим


Сақлаш
21:10 / 13.10.2021 0 815

 

*  *  *

Олам – ҳикмат китоби. Ўқиб ва уқиб яша.

 

*  *  *

Олам тақдири – одам тақдири.

 

*  *  *

Дунёда доною донишмандлар айтмаган, битмаган ҳикмат қолмаган. Фақат мағзи чақилмагани кўп.

 

*  *  *

Ватаним тоғида ётган тошнинг ҳам тарихи бор. Фақат унинг тилини уқмоқ лозим.

 

*  *  *

Ўзбекистон – улкан имкониятлар мамлакати.

 

*  *  *

Ватан камолоти учун амалий фаолият ватанпарварликдир.

 

*  *  *

Давлатнинг асоси на ер, на кўк, на сув... балки халқдир.

 

*  *  *

Ўз миллий ғоясига, мафкурасига, ўз тараққиёт йўли мезонларига эга бўлмаган давлат бўрон измида қолган қайиқдир.

 

*  *  *

Маҳаллийчилик миллатпарварлик ва ватанпарварликнинг асосий душманидир.

 

*  *  *

Ватаннинг бўй-басти ботирларию шоирлари билан ўлчанур.

 

*  *  *

Эртакларда девлар жони ўзида эмас, аллақаерларда: ғорларда, тоғлар ичида, сандиқлардами сақланар экан. Чин инсон жони эса ҳамиша Ватанда сақланади!

 

*  *  *

Энг буюк жасорат Ватан тақдири йўлида қилинган жасоратдир.

 

*  *  *

Ватан тандир. Нон-тузин унутганлар кўр бўлади!

 

*  *  *

Иглу – эскимосларнинг қордан ясалган уйи. Қиш тугаб, кунлар илигач, у эриб кетади. Шимолдаги бу элат тақдири ҳам иглусига ўхшаб боряпти. Ватанинг иморатини мустаҳкам қур!

 

*  *  *

Замин абадий эмас, заминмонанд маконлар абадий. Инсон абадий эмас, инсоният абадий.

 

*  *  *

Табиатда ҳеч бир нарса тенг бўлмаганидек, давлат, ҳокимият, халқлар ўртасида ҳам тенглик бўлмайди. Фақат улар биродарлик, дўстлик асосларида тенг ҳаёт кечиришлари мумкин.

 

*  *  *

Халқнинг фақат бугунини ўйлаган ҳукмдор – Етакчи. Унинг келажаги ва камолоти асосларини қурган ҳукмдор – Донишманд. Полиз бошига қурилган хашаки чайла билан пойдевори дарё тошларидан қурилган иморатнинг фарқини унутманг!

 

*  *  *

Ҳукмдор мақтов-олқишларнинг тагида нима борлигини ҳеч қачон назардан қочирмаслиги керак. Ҳамду санолар йўли ҳақорат, масхара ва фалокатли бўлиши мумкин.

 

*  *  *

Кемалар учун кўринмас сувости қоялари ғоят хавфли, ҳалокатли бўлгани каби сарой ва салтанат сийратидаги эътиқод ва ахлоқ тубанлашувлари мамлакат инқирозига ибтидо бўлиши мумкин.

 

*  *  *

Ижтимоий тенгсизлик табиий тенгсизликдан келиб чиқади.

 

*  *  *

Тоштарош қўлида тош, кулол қўлида лой истаган шаклга киради. Ҳукмдор ўз ақли, заковати билан тош ҳам, лой ҳам эмас. Собитлик, қатъиятлилик мамлакатни таназзуллардан асрагувчи кучдир!

 

*  *  *

Бир тоифа: қонунни билади ва унга амал қилади. Бир тоифа: қонунни билади, лекин унга амал қилмайди. Бир тоифа: қонунни билади, аммо иблисона йўлларда фойдаланади. Бир тоифа: қонунни билишни ҳам, унга амал қилишни ҳам истамайди.

 

*  *  *

Ҳокимиятни қатъият билан бошқариш инсон эркига дахл қилмаслиги керак. Дахл қилинса, бу дарёга тўғон қуриб, сувни тўплаб, боғларга сув бермай, дарахтларни қуритиш билан баробар.

 

*  *  *

Ҳукмдорлар учун халқнинг оми-муте бўлгани яхши. Қашқир учун ҳам осонгина тутқич берадиган қўйлар керак.

 

*  *  *

Олтин қадаҳда май симириб узоқ умр кечирган ҳукмдорни эшитмадим.

 

*  *  *

Даҳолар ҳар бир замоннинг, халқнинг валинеъмат зотлари, аммо улар ўша давр ҳокимияти учун ёқимсиз, ҳатто ортиқча кишилари бўлиши мумкин.

 

*  *  *

Озоду эркин қушга ҳукмдор фармонининг аҳамияти йўқ.

 

*  *  *

Ҳукмдорлик гулзорининг тикони кўп.

 

*  *  *

Салтанат ишларида ҳукмдордан кўра шубҳакорроқ кимса йўқлиги ҳаққаст рост. Шубҳа эса иймондан ажратади деган гаплар ҳам борлиги ҳақиқат.

 

*  *  *

Камбағал давлат хазинасини ўйлашга қодир эмас.

 

*  *  *

Халқ бахти, тинчлиги, давлат фаровонлиги учун сарфланмай йиғилиб ётган хазинанинг уммон қаъридаги хазинадан фарқи йўқ.

 

*  *  *

Заминмонанд сайёра топилибди, кўча-кўч бошланибди. У ёқда ҳамма нарса бор эмиш, мўл-кўлчилик эмиш. Ўзи билан ҳеч ким ҳеч нарса олмабди. Фақат деҳқон кетмонини елкасига ташлаб олишни унутмабди.

 

*  *  *

Ер шари – она Сайёрамиз қисмати фақат самовий кучларгагина эмас, инсоният фаолиятига ҳам боғлиқлиги бугун кундек аён. Шундай экан, ҳар бир инсон заминга ўз она уйи каби муносабатда бўлмоқлиги ва ушбу хулосага келиши учун, аввало, ўз шахсини камол топтирмоғи лозим.

 

*  *  *

Инсон худосифат бўлмоқликни, Унингдек фаолият кўрсатмоқликни истайди. Ва барча фожиаси шундан эканлигини ўзи кўп ҳам англайвермайди.

 

*  *  *

Қатъиятлилик билан қайсарликни қориштириб юборманг. Айниқса, буни юрт сарварлари унутмаслиги керак.

 

*  *  *

Дунёни ўзгартираман деди Қилич. Дунёни ўзгартириш учун мен ўзгаришим керак деди Қалқон.

 

*  *  *

Янги-янги давр қитъаларини ШАХСлар, ДАҲОлар очади. Қолганлар уларга эргашади.

 

*  *  *

Қонун буқаламунга ўхшамаслиги керак.

 

*  *  *

Ҳукмдорнинг қаҳри бурнининг учида.

 

*  *  *

Ҳукмдорларга оқилу доно маслаҳатчилару садоқатли ўктам вазирларгина эмас, сўзни тик айтгувчи шиддатмонанд яқинлар ҳам керак.

 

*  *  *

Ёлғоннинг куч-қудрати ҳокимият миқёсида томир отганда азот бўй кўрсатади.

 

*  *  *

Сиёсатда зўравонлик – адолат ниқобини кийган ҳукмдор.

 

Азим СУЮН

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги қўйилган

Барчаси

Биласизми?

17:11 / 21.11.2024 0 82
“Тариф”нинг таърифи ва тарихи

Биласизми?

10:11 / 20.11.2024 0 64
“Ўдаға”нинг ўдағайлагани

Қатра

21:11 / 11.11.2024 0 126
Мўъжизанинг баҳоси

Қатра

15:11 / 08.11.2024 0 160
Ота ва етти ўғил ҳикояси

Биласизми?

23:11 / 01.11.2024 0 238
“Бирпас”ми, “иккипас”?..



Кўп ўқилган

Барчаси

Қомус

15:04 / 19.04.2023 0 6121
Жадидчилик

Қатра

20:08 / 18.08.2022 15 4922
Илк ватан

Қатра

01:01 / 10.01.2022 7 4562
Бир қоп ун

Қатра

17:08 / 21.08.2022 6 3991
Тинчлик

Қатра

01:01 / 18.01.2022 2 3412
Ўқиш пули

Бир куни...

03:12 / 09.12.2021 3 2981
Ҳар нарса ҳам кўринганидек эмас

Қатра

03:12 / 28.12.2021 1 2896
Туғилган кун

//