Бир куни...
Демократия (юнонча demos – халқ ва kratos – ҳокимият) –
1) фуқаролар эркинлиги ва тенглиги тамойили асосида Конституция ва қонунларда мустаҳкамланган халқ ҳокимиятининг шакли;
2) амалда ўрнатилган ва юзага чиқарилган эркин, адолатли жамият ва давлатни англатувчи сиёсий тушунча.
Тарихий тараққиёт жараёнида «демократия» тушунчаси шаклан ва мазмунан бойиб, такомиллашиб келган. Бу жараён бугунги кунда ҳам давом этмоқда. Зеро, демократия энг ривожланган давлатларда ҳам юқори такомил нуқтасига, идеал даражасига етгани йўқ. Чунки демократия босқичма-босқич ривожланадиган жараён бўлиб, ҳар бир миллат ва жамият, ҳар бир даврда уни тушуниш, талқин этиш ва амалиётда қўллашда ўзига хос хусусиятлар намоён бўлади. Бу ўзига хослик халқнинг босиб ўтган тарихий йўли, миллий менталитети, анъаналари, амалдаги ижтимоий муносабатларнинг характери каби омиллар билан белгиланади. Демократия характерини белгиловчи умумий мезонлар ҳам бор. Бу демократия тамойилларига риоя қилиниши, демократик қонунларнинг мавжудлиги ва улар асосидаги демократик институтлар фаолияти билан боғлиқдир.
Демократия, моҳиятан, инсоннинг ҳар томонлама камол топиши учун берилган имконият, шахс билан жамият манфаатлари ўртасидаги уйғунликни таъминловчи омилдир. Айни пайтда демократия қабул қилинган қонунлар, амалдаги тартиб-қоидалар ёрдамида шахс ҳаёти ва фаолиятини тартибга солувчи механизм ҳамдир. Бугунги кунда кўплаб мамлакатларда демократия жамиятнинг яшаш тарзига айланиб қолган. Одатда, вакиллик демократияси ва бевосита демократия бир-биридан фарқланади. Вакиллик демократиясида фуқаролар қонунчилик, ижроия ва бошқа функцияларни бажарувчи органларни сайлайди, аммо бу функцияларни амалга оширишда бевосита иштирок этмайди. Бевосита демократия шаклида эса фуқаролар турли масалаларни тўғридан-тўғри ўзлари ҳал қилиш ҳуқуқига эга бўлади. Сайловлар бевосита демократияни яққол намоён этувчи муҳим сиёсий тадбир саналади. Демократия асосида қизиқиш, интилиш манфаатларни мувофиқлаштириш, муросага келтириш ва келишиш сиёсати ётади. Шу маънода, демократия жамиятдаги кучларни бирлаштиришга, уни мамлакат тараққиёти учун сафарбар қилишга хизмат қилади. Демократия инсоният бугунги кунгача қўллаб келган, ижтимоий муаммоларни ҳал этишнинг энг оқилона йўли сифатида эътироф этилган. Тарихий жиҳатдан демократиянинг бошланиш нуқтаси ҳам, туташ нуқтаси ҳам йўқ. Кишилик жамияти пайдо бўлганиданоқ, демократия куртаклари пайдо бўлган, ҳатто, энг тараққий этган мамлакатларда ҳам у ўзининг идеал даражасига етгани йўқ. Демократияни бўғиш, унга рахна солиш мумкин, лекин бутунлай йўқ қилиб бўлмайди. Ҳар қандай даврнинг, ҳар қандай жамиятнинг ва ҳар қандай халқнинг ўзига хос демократияси бўлади. Яъни, демократик тамойилларни белгилашда жамиятнинг объектив ва субъектив шарт-шароитлари асосида шаклланган, халқнинг, миллатнинг ижтимоий онги ва психологияси ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Демак, демократия инсониятнинг маданияти, маънавияти, ижтимоий онги, менталитети, идроки, билим доираси, ишбилармонлик қобилияти, унинг жамиятда эркин яшаш ва меҳнат қилиш кўникмаси билан биргаликда шаклланиб, ривожланиб борадиган табиий-тарихий жараёндир.
Демократиянинг муҳим хусусияти шундаки, унда халқ ҳокимияти, яъни озчиликнинг кўпчиликка бўйсуниш тамойили расман эълон қилинади ҳамда фуқароларнинг эркинлиги ва тенг ҳуқуқлилиги эътироф этилади. Бу шартлар жамият ҳамда унинг аъзолари ҳаётининг асосий қонуни – муайян давлатнинг Конституциясида акс эттирилади. Демократиянинг асосий тамойиллари тенг ҳуқуқлилик, эркин ва демократик сайловлар, ҳурфикрлилик, сиёсий плюрализм, кўппартиявийлик, ҳокимиятнинг сайлаб қўйилиши ва халқ олдида ҳисобдорлиги, озчиликнинг кўпчиликка бўйсуниши, озчилик фикрининг инобатга олиниши. Демократия инсоннинг худди шундай ҳар томонлама баркамол ривожланиши учун берилган имкондир. Шу билан биргаликда, демократия шароитида ҳар бир шахснинг шаклланишига ўзига хос «чегара» ҳам қўйилади, яъни Конституцияга оид қоидалар ва қонунлар орқали шахсларнинг ижтимоий ҳаёти ва хатти-ҳаракатлари тартибга солинади. Бундан ташқари, демократия жамиятнинг ахлоқий-психологик иқлимини вужудга келтирадиган шарт-шароитларни ҳам яратади. Мустақиллик Ўзбекистонда демократик давлат ва фуқаролик жамиятини қуриш имконини яратди. Бугунги кунда жамият ҳаётининг барча соҳаларини демократлаштириш, мамлакатни модернизациялаш ва либераллаштириш билан боғлиқ туб ўзгаришлар ва ислоҳотлар изчиллик билан амалга оширилмоқда. Ана шу жараённинг фаол иштирокчиси бўлиш барчамизнинг инсоний бурчимиздир.
Бир куни...
Биласизми?
Ҳикмат
Биласизми?
Бир куни...
Биласизми?
Қомус
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Бир куни...
Қатра
//
Изоҳ йўқ