Жамият
Маданий ҳаётимиздаги шов-шувли можаролар ортидан интеллектуал мулк тушунчаси трендга чиқмоқда. Айниқса, шеърнинг муаллифдан берухсат қўшиқ қилиниши каби ҳолатлар билан боғлиқ суд ишларининг шоир фойдасига ҳал этилгани ўзбек шоу-бизнеси учун яхшигина сигнал бўлди.
Хонанда Санжай “Карвон” шеърини муаллиф рухсатисиз ижро этгани учун Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азимга 100 миллионга яқин товон пулини тўлаши шартлиги ҳақидаги суд қарорига норозилик билдиришнинг ғайриоддий йўлини эълон қилди. У 1,5 тонна тангани йиғиб бўлиши билан шоирнинг хонадонига элтиб ташламоқчи.
Хонанданинг Инстаграмдаги аксар кузатувчилари унга ҳайбаракаллачи бўлишди. Ўзбек зиёлиларининг эса кескин танқидига учради бу ҳол. Уларнинг фикрига кўра, бу нафақат шоирга, балки ўзбек адабиётига, интеллектуал мулкка, муаллифлик ҳуқуқига нисбатан ҳам ҳурматсизликдир.
Oyina.uz портали ташаббуси билан бошланган #UsmonAzimXalqShoiri ҳештегига Инстаграм, Фейсбук ва Телеграм ижтимоий тармоқларида ёзувчи-шоирлар, санъаткорлар, журналист ва блогерлар ҳамда шоирнинг юзлаб мухлислари қўшилди.
Муносабатларнинг аксарида «Бугун ўз зиёлисини отарчига талатган миллатнинг эртанги кунидан қўрқиш керак», деган мазмун мужассам.
Шаҳноза Соатова,
Адлия вазири маслаҳатчиси, блогер:
Ҳақталабни талаб, ўғрини алқаган жамиятнинг боши мусибатдан чиқмайди.
Чарос Раҳимқулова,
болалар ёзувчиси:
Усмон Азим менга ижодкорнинг ҳам қадри бўлиши кераклигини исботлади. Муаллиф (ҳуқуқлари топталган муаллиф) сифатида мен Усмон Азим тарафдаман!!! Иншааллоҳ, шу воқеа сабаб бизда ҳам нималардир ўзгаради.
Исроил Тиллабоев,
Республика таълим маркази директори ўринбосари:
Ўз зиёлиларини камситилишига жим қараб турган миллатни бундан баттарлар ҳам масхаралашга ўтади.
Аксарият зиёлилар ушбу ҳолат шоирни обрўсизлантириш эканини айтиб, тегишли идоралар хонандага нисбатан чора кўриши кераклигини таъкидлаган.
Дарҳақиқат, хонанда инстаграм саҳифасида қарорни олқишлаётган кузатувчиларга ижодкорни ҳатто ҳақорат қилишига йўл қўяётгани, аксинча, унинг ёнини олиб ёзаётган фойдаланувчиларнинг изоҳларини ўчириб, блоклаётгани шоирни атайин обрўсизлантириш мақсадида қилингандек таассурот уйғотмоқда. Бу ҳолат эса Усмон Азимнинг «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги Қонунга кўра, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга шикоят билан ариза киритишига асос бўлиши мумкин.
Назар Эшонқул,
ёзувчи:
Муаллифнинг розилигисиз шеърини қўшиқ қиладими, китобини нашр этадими, кўчириб босадими – фарқи йўқ, бу ўғирлик! Уйингиздан сўрамай олиб кетишса, ўғирлик дейсизми. Бўлди, бу ҳам шундай. Ҳеч фарқи йўқ. Муаллифлик бу уй каби ҳудуд. Бостириб кирилса – босқинчилик, сўрамай олиб кетилса – ўғирлик. Бошқа номи йўқ. Ўғирликни оқлаш ўрнига, бу хил ўғирликнинг олдини оладиган тизим ҳақида ўйлаш керак, аслида.
Отарчининг товон пулини танга билан тўлаш ҳақидаги олифтачилиги нафақат шоирни, балки Ўзбекистонни, давлатнинг тўлов рамзи бўлган сўмни, демак, ўзбек халқини менсимасликдан бошқа нарса эмас. Давлат сўми ҳам унинг давлатчилик рамзи саналади. Бу билан ҳуқуқни ҳимоя қилувчилар шуғулланиши керак. У шоирни менсимаслик орқали давлатни менсимасликни намойиш қилди.
Унинг шундай калондимоғ бўлишига уни тўйига чақириб, нархини оширганлар сабабчи. Яллачилар, аслида, халқнинг пулини олиб, кейин унинг ўзини назарига илмай бошлайди. Агар ҳеч ким тўйига чақирмай қўйса, улар ўз ўрни қаердалигини, иддаоси неча пул туришини биларди. Афсуски, биз ўзимиз пуфлаб, шишириб, кейин шар ипни узиб, учиб кетди, деб айюҳаннос соладиган халқмиз.
Абдураҳмон Ташанов,
журналист:
Афсуски, ўзбек жамиятида интеллектуал мулкнинг деярли қадри йўқ ва ҳатто жамоатчилик ҳам бу масалада анчайин беписанд. Усмон ака ҳаётнинг ўта машаққатли чиғириқларидан ўтган буюк шоир, миллий шеъриятимизда Ғафур Ғулом, Абдулла Орипов дохил уч чинорнинг бири. Адабиётимизга хизмати бадалини биз яқин орада тўлай олмасак керак. Шу боисдан Санжай деган одамнинг мухлисларига илтимосим, сувни лойқалатманг, Усмон ака ўз интеллектуал мулки, ҳақини тирикчилик учун ҳимоя қилмайди. У кишининг фарзандидек бўлган шеърини шу кўйга солишганидан ранжиган. Аслида маҳкамага Ёзувчилар уюшмаси даъво қилиши керак эди. Бу масалада эса енгилтак бўлмайлик. Санжайни қанчалик ҳимоя қилманг, ёшлар эшитади, деманг, Санжай қилган хиргойи шоирнинг асари обрўсига мосмас. Дилбар ва ҳассос асарнинг бетайин ритмларда ҳақорат қилинганини тушунмасангиз, дидингизни тарбияланг. Ҳақиқий адабиёт билан кундалик кўнгилхушликларни қориштирмайлик. Бу бошқа хонандаларга ҳам сабоқ бўлсин.
Алибек Анварий,
шоир:
Эътиборлиси, отарчининг ҳатто жўгиларга ҳам маҳорат дарсидай кўрингувчи шармандалиги ортидан тўплаётган тангаларини Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим меҳрибонлик уйига инъом этишини маълум қилган. Таъкидлаш жоизки, шоиримиз биз гувоҳ бўлган кўплаб хайрияларда кишибилмас қатнашиб, одамларнинг жонига ора кириб, хорижда амалиёт ўтказишдан ўзга чораси қолмаган беморларга молиявий кўмак бериб келаётир (бу маълумотни ошкор қилганим учун устоздан узр сўрайман).
Отарчига мамлакатимиз бедарвоза эмаслигини эслатиб ҳамда келгусида миллат ойдинларига нисбатан бундай ножўя муносабат такрорланмаслигини назарда тутиб, қонунга мувофиқ таъсир чорасини қўллаш лозим. У бу қилмиши учун видеомурожаат тарзида (омма назарида) атоқли шоирдан узр сўраши керак!
Давлат ва нодавлат ташкилотларнинг мутасадди раҳбарлари мазкур ҳолат бўйича тегишли чора-тадбирларни амалга ошириб, ўтган-қайтган ҳар қандай кимса борки, миллатнинг ойдинларига тош отолмаслигини таъминлашлари шарт. Яна бир гап. Ҳомер давридан бери ўзгармай келаётган шундай алфоз бор: “Шоирлар билан курашган одам барибир енгилади!”
Маданият вазирлиги матбуот котиби Орифжон Файзиевдан ташкилотнинг ушбу ҳолатга муносабатини сўрадик. “Санжай қонун талабидан бош тортмаган. Товон пулини қандай кўринишда тўлаши унинг фуқаролиқ ҳуқуқи. Айни пайтда, хонандани шоирга нисбатан маданиятли бўлишга чақирамиз”, деди у.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг матбуот котиби Фозил Жабборов бу борадаги муносабатини шахсий фикр сифатида қабул қилишимизни сўради. “Эҳтимол, жавобгар шахснинг жаримани тангада тўлаши қонунга зид эмасдир. Лекин қарийб 100 миллион сўм маблағни 1,5 тонна қилиб бермоқчи бўлиши Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азимга ҳурматсизлик деб ўйлайман. Ҳатто майна ва мазах қилиш ҳам... Бу каби судлар бошқа шоир ва хонандаларга ҳам сабоқ бўлиши керак. Ижодкорларимиздан Ўзбекистон Республикаси муаллифлик ва турдош ҳуқуқларни ҳимоя қилиш жамияти – uzavtor.uz ҳамда Санъаткор, ижодкор ва ижрочиларнинг муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш палатасига аъзо бўлишларини сўраб қолардим”, деди у.
Аслини олганда, жаҳон амалиётида муаллифлик ҳуқуқи бузилиши билан боғлиқ ҳолатлар бот-бот кузатилади. Давлатларни мазкур масалага муносабатига кўра ҳам таснифлаш мумкин. Муайян мамлакатнинг қай даражада ривожлангани ҳамда келгуси истиқболдаги тараққиёти интеллектуал мулкка нисбатан муомаласига боғлиқ. Фақат моддиятни мол-давлат ўрнида қабул қилиш, инсоннинг ақлий меҳнати маҳсулига беписанд қараш қолоқ жамиятларга хосдир.
Жамият
Жамият
Жамият
Илм-фан
Жамият
Спорт
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ