Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон сув-энергетика соҳасида ҳамкорлик қилади

Сақлаш
10:14 / 24.11.2025 7 0

22 ноябрь куни Олмаота шаҳрида Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон энергетика ҳамда сув хўжалиги вазирларининг йиғилиши бўлиб ўтди.

 

Музокараларда томонлар сув-энергетика соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш параметрлари тўғрисида келишиб олган.

 

Жумладан, Тўхтағул сув омборидаги мураккаб вазиятни ҳисобга олган ҳолда, учрашув иштирокчилари ўзаро электр энергияси етказиб бериш орқали бир-бирларини қўллаб-қувватлаш, иситиш мавсумини муваффақиятли ўтказиш ва келгуси вегетация мавсумига тайёргарлик кўриш учун биргаликдаги саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштиришга қарор қилишган.

 

Хабарга кўра, Қозоғистон ва Ўзбекистон куз-қиш мавсумида Қирғизистонга электр энергияси етказиб беришга тайёрлигини тасдиқлаган. Бу Қирғизистон томонига қишда электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмини камайтириш ва Тўхтағул сув омборида сув тўплаш имконини беради. Жамғарилган ҳажм вегетация даврида жанубий ҳудудларнинг қишлоқ хўжалиги ерларини барқарор суғоришни таъминлаш учун Қозоғистон ва Ўзбекистонга йўналтирилади.

 

Бундан ташқари, минтақада истеъмолни камайтириш ва энергияни тежаш бўйича қўшма чора-тадбирлар кўриш тўғрисида келишувга эришилди.

 

Музокаралар давомида Ўзбекистон томони транзит, етказиб бериш ва энергия тизимини мувозанатлаш учун техник шартларни таъминлашга тайёрлигини тасдиқлаган.

 

Йиғилиш якунида 2026 йил вегетация даври учун қишки электр энергияси етказиб бериш ва сув тўплаш ҳажмларини ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамловчи уч томонлама баённома имзоланган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//