Қайси хорижий давлатларнинг дипломи Ўзбекистонда махсус синовларсиз тан олинади?

Сақлаш
11:02 / 24.11.2025 19 0

Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги расмий ахборот берди.

 

Ноябрь ойи бошида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги Ўзбекистон «Олий таълим соҳасида малакаларни тан олиш тўғрисидаги глобал конвенция»ни ратификация қилгани ҳақида хабар берган эди. Мазкур янгиликдан сўнг «Россия, Тожикистон, Қирғизистон, Қирғизистондаги олий таълим ташкилотлари томонидан берилган дипломлар Ўзбекистон ҳудудида нострификациядан ўтказилмасдан амал қилиши мумкинми?» мазмунидаги саволлар кўпайди.

 

Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги келиб тушаётган саволларга жавоб тариқасида расмий ахборот берди.

 

Унга кўра, Ўзбекистон Республикасида хорижий давлатлар томонидан берилган таълим олганлик тўғрисидаги дипломларни тан олиш Ўзбекистон Республикасининг «Таълим тўғрисида»ги Қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 24 июлдаги 620-сон қарори билан тасдиқланган «Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш тартиби ҳақида»ги Низом талаблари асосида амалга оширилади. Мазкур Низом билан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тўғридан-тўғри тан олинадиган хорижий давлатларда олинган ҳужжатлар тоифалари кўрсатиб ўтилган.

 

Жумладан, Низомнинг 7-банди ўнинчи хатбошида Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида назарда тутилган ҳолларда хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатлар тўғридан-тўғри (махсус синовларсиз) тан олиниши белгиланган.

 

Олий таълимга оид малакаларни тан олиш тўғрисидаги глобал конвенция ЮНЕСКО шафелигида ишлаб чиқилган глобал аҳамиятга эга бўлган биринчи шартнома ҳисобланади. Конвенциянинг 4-моддасида Конвенциянинг аъзоси бўлган иштирокчи давлат Конвенциянинг аъзоси бўлган бошқа иштирокчи давлатларда эгалланган ва ҳужжатлар орқали тасдиқланган малакаларни тан олиш мажбурияти кўрсатилган.

 

Маълумот учун, ҳозирги кунда 38 та давлат Глобал конвенцияга аъзо ҳисобланади ва 10 га яқин давлатлар Конвенцияга аъзо бўлиш жараёнини олиб бормоқда. Ўзбекистон Республикаси эса Марказий Осиё давлатлари орасида Глобал конвенцияга аъзо бўлган илк давлат бўлади.

 

Глобал конвенцияга аъзо (иштирокчи) давлатлар рўйхати қуйидагича:

 

▪️ Европа минтақасида (20 та субъект) — Франция, Буюк Британия, Финландия, Норвегия, Швеция, Исландия, Венгрия, Андорра, Арманистон, Хорватия, Эстония, Литва, Молдова, Руминия, Словакия, Грузия, Босния ва Герсоговина, Муқаддас Престол, Сан-Марино, Люксембург;

 

▪️ Америка минтақасида (4 та субъект) — Куба, Никарагуа, Эквадор, Уругвай;

 

▪️ Африка минтақасида (7 та субъект) — Жанубий Африка Республикаси, Тунис, Кабо Верде, Жибути, Котдивуар, Гвинея, Сенегал;

 

▪️ Осиё минтақасида (5 та субъект) — Япония, Жанубий Корея, Мўғулистон, Яман, Фаластин;

 

▪️ Австралия ва Океания минтақасида (2 та субъект) — Австралия, Янги Зеландия.

 

Конвенциянинг 18-моддасига асосан, унга аъзо бўлиш ҳар бир давлат ЮНЕСКО котибиятига мазкур Конвенцияга аъзо бўлиш ҳақида ўз ҳужжатини тақдим этганидан кейин 3 ой ўтгач амалга оширилади. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси ушбу Конвенцияни ратификация қилиш ҳақидаги Қонуннинг тасдиқлангани ҳақидаги ёрлиқни ЮНЕСКО котибиятига тақдим этган вақтдан бошлаб 3 ой ўтгач, Конвенциянинг тўлақонли аъзоси ҳисобланади.

 

«Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда қайд этиш керакки, Глобал конвенция доирасида фақатгина унга аъзо бўлган давлатлар ўртасида олий таълимга оид малака (диплом)ларни ўзаро тан олиш механизмлари қўлланилади», дейилади расмий ахборотда.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//