1,8 миллиардлик манфаатлар тўқнашувига йўл қўйган Фирдавс Абдухолиқов 8,1 миллион сўмгача жаримага тортилиши мумкин

Сақлаш
18:41 / 01.02.2022 884 0

Кинематография агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқов ўз оила аъзоларига тегишли телеканалга давлат буюртмаларини бергани юзасидан прокуратура томонидан маъмурий иш очилди. У 8,1 млн сўмгача жаримага тортилиши мумкин. Бу ҳақида Kun.uz нашри хабар бермоқда.

 

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги тақдим этган ҳужжатлар Бош прокуратура томонидан ўрганиб чиқилиб, Кинематография агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқовга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида иш қўзғатилган.

 

Маъмурий иш белгиланган тартибда кўриб чиқиш учун 25 январь куни жиноят ишлари бўйича судга юборилган. Бу ҳақида бош прокурорнинг матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов Kun.uz'га маълум қилган.

 

Бош прокуратура расмийси Абдухолиқовга МЖтКнинг айнан қайси моддаси қўлланганини очиқламаган.

 

Нашр бу борада аниқлик киритиш учун Олий суд ва Тошкент шаҳар суди матбуот хизматлари билан боғлана олмаган.

 

Мазкур ҳолатда Абдухолиқовга нисбатан МЖтКнинг 175-8-моддаси (Давлат харидлари тўғрисидаги қонунчиликни бузиш) бўйича иш қўзғатилган бўлиши мумкин.

 

Мазкур модданинг 4-қисмига кўра, давлат харидлари жараёнидаги аффилланганлик ва манфаатлар тўқнашуви ҳақида давлат харидлари тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган тартибда хабар бермаслик мансабдор шахсларга БҲМнинг 20 бараваридан 30 бараваригача (5,4 миллиондан 8,1 миллион сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

 

Эслатиб ўтамиз, «Севимли» телеканалида эфирга узатилаётган «Сабрия» сериалидаги ахлоқсиз саҳна акс этган кадр тарқалгани боис АОКА текширув ишларини бошланган эди.

 

Масс-медиа фонди Васийлик кенгаши раиси ўринбосари, Ўзбекистон Республикаси Гендер тенглигини таъминлаш бўйича комиссияси аъзоси Саида Мирзиёева «Севимли» телеканалида эфирга узатилган «Сабрия» сериалини кескин танқид қилганТелеканал раҳбари Амира Рашидова эса сериал бўйича изоҳ берганди.  Танқидларга жавобан Фирдавс Абдухолиқов ушбу сериал ҳақиқатдан ҳам бадиий ва мазмунан саёзлигини гапирган, мазкур воқеалар сабаб телеканал бош директори ва бош муҳаррири ишдан олинди. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Кинематография агентлиги субсидия маблағларини тақсимлашда манфаатлар тўқнашувига йўл қўйганини аниқлади. 

 

Бундан ташқари, бугун Фирдавс Абдухолиқов ўз хоҳишига кўра, Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциациясининг раиси лавозимидан озод этилди. 

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//