Жамият
Ижтимоий тармоқларда «Севимли» телеканалида эфирга узатилаётган «Сабрия» сериалидаги ахлоқсиз саҳна акс этган кадр тарқалди. АОКА ҳолат назоратга олиниб, текширув ишлари бошланганини маълум қилган эди.
Бундан ташқари, Саида Мирзиёева ҳам ушбу сериални танқид қилиб, бадиий кенгашлар ва мутасадди ташкилотларни бу каби контентга қонун ва этика нуқтаи назаридан хулоса беришга чақирди.
Шундан сўнг телеканал раҳбари Амира Рашидова сериал атрофида бўлаётган гап-сўзларга Instagram саҳифасида муносабат билдирди.
«Сериалнинг бир эпизоди тарқалган. Унда гиёҳванд йигит қизга ҳамла қилмоқчи бўлган ҳаракати акс этган. Сценарийда кўрсатилган зўравонлик саҳнасини режиссёр одам танасини, қон ва урушни кўрсатмай суратга олган. Очиқ зўравонлик, беҳаё ёки ахлоқсиз саҳналар кўрсатилмаган. Қолаверса, гиёҳванд зўравон, ўз амалига яраша жазосини сериалнинг шу қисмида олгани кўрсатилган. Ёвузликни кўрсатмай, ёмон одамларнинг борлигини беркитиб яшайдиган замонда эмасмиз, Худога шукр. «Сабрия» сериалидаги воқеалар ҳам реал инсонлар ҳаётидан олинган.
Аёлларнинг эркинлиги ва уларга нисбатан зўравонликка қарши кураш масаласини ҳар қадамда ёзаман, гапираман. Мен аёлларга нисбатан ҳар қанақа зўравонликка қаршиман, телеканал контентида шу иллат асоратлари ҳақидаги «Зирапча», «Сен ва мен», «Бир кафт тупроқ», «Қафасда…” каби аёллар мавзусига қаратилган катта лойиҳаларга қўл урганмиз. Бу лойиҳаларда ҳам жамиятдаги камчиликларни кўрсатиб, қаҳрамонлар ҳаётини изга солишга ҳисса қўшганмиз.
«Севимли» телеканали «Сабрия» сериал намойишидан аввал 16+ маркировкасини берган, қолаверса, «ахлоқсиз» деган айбловни қўйишдан олдин кесиб олинган кадрнинг якунини тушуниш учун фильмнинг яна 3 дақиқасини кўриш етарли. Ушбу сериал режиссёр Насиба Турсунованинг илк иши. Кўплаб киноижодкорлар қатори, «Севимли» уни ҳам қўллаб-қувватлади, ишонч билдирди. Келажакда ҳам у билан ҳамкорлик қилиш ниятидамиз, ижодкорни синдиришларига қаршиман…
Бир нарсани таъкидламоқчиман, бир йил олдин телеканаллар асосий контентини турк сериаллари эгаллаган эди, бугунга келиб ҳар бир телеканалда 2-3 тадан миллий сериаллар намойиш этилмоқда, лекин шу билан бирга узатилаётган сериаллардан омманинг кўнгли тўлмаяпти, бунга кўп сабаб бор, ижодий ва техник муаммолар етарли… Биз ўтиш давридамиз. Миллий сериалларимиз яхшироқ бўлишига ишонаман, ҳар ҳолда уринишлар йўқ эмас, гарчи бу осон бўлмасада, шунчаки ҳаммасига вақт керак.
Нима бўлганда ҳам ҳар бирингиздан миннатдорман, бефарқ бўлмаганингиз учун, яхши ёки ёмон муҳим эмас, балки шунчаки фикр билдириб турганингиз учун ҳам раҳмат!», – деб ёзган телеканал раҳбари.
Илм-фан
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ