Жамият
Ҳар йили ҳарбий хизматчилар ўртасида кўпкураш, қўл жанги, оғир атлетика каби спортнинг 10 дан ортиқ анъанавий турлари бўйича мусобақалар ўтказилади. Энди жорий йилдан бошлаб киберспорт, дрон ва робот технологиялари каби замонавий спорт турлари бўйича уч босқичли мусобақалар ташкил этилади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев иштирокидаги Хавфсизлик кенгашининг мамлакат ҳарбий хавфсизлиги ва мудофаасини мустаҳкамлаш масалалари бўйича кенгайтирилган йиғилишида қайд этилди.
«Минтақавий ва глобал вазиятни доимий таҳлил қилиб бориш, миллий армиямизнинг салоҳиятини мустаҳкамлаш – бугунги кун талаби. Ўзбекистон армияси халқ ҳимоясига доимо тайёр туриши, бунинг учун тезкор, юқори технологияли, янги жанг шароитларига мос бўлиши керак, – деди Президент.
Шу сабабли, қўшинларни сунъий интеллект асосидаги роботлашган мажмуалар ва учувчисиз тизимлар, енгил ҳарбий техника, замонавий қурол-аслаҳа, разведка воситалари билан жиҳозлашга алоҳида эътибор қаратиш кераклиги кўрсатиб ўтилди.
Президентимиз мудофаа саноатини янада ривожлантириш, соҳа корхоналарида рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни жорий этиш устувор вазифалардан бири бўлиши кераклигини қайд этди.
Давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини рақамлаштириш шароитида киберхавфсизликни таъминлаш ва миллий рақамли инфратузилманинг барқарорлигини мустаҳкамлаш алоҳида аҳамият касб этади. Шу боис, мутасаддиларга шахсга доир маълумотлар ва рақамли тизимлар ҳимоясини таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирларни белгилаш топширилди.
«Ҳарбий хизматчилар меҳнатини қадрлаш, уларнинг оила аъзолари ва ҳарбий пенционерларни ижтимоий ҳимоя қилиш доимо диққат-эътиборимиз марказида бўлиши зарур», – деди Президент ва бу борада катта янгиликларни эълон қилди.
Хусусан, 1 апрелдан бошлаб Мудофаа вазирлиги офицерларига кўп йиллик хизмати учун устама миқдори 2 карра оширилади. Контракт асосида хизмат қилаётган оддий аскар ва сержантларнинг ойлик маоши 10 фоизга кўпайтирилади.
Ҳудудий мудофаа ишлари бошқармаси ва бўлимларининг ҳарбий бўлмаган хизматчиларини ойлиги бу йил 20 фоизга, келаси йили яна 50 фоизга оширилади. Қуролли Кучлар сафида 30 йилдан ортиқ хизмат қилган ҳарбийлар учун пенсия ҳисоблашда инобатга олинадиган ойлик миқдори 75 фоиздан 100 фоизга етказилади.
Шу билан бирга, ҳарбий хизматчилар учун уй-жой қурилиши кенгайтирилади.
Масъулларга ҳарбий хизматчиларнинг пенсия таъминотини белгилайдиган қонун лойиҳасини ишлаб чиқиб, парламентга киритиш топширилди. Замонавий хавф ва таҳдидларнинг мазмуни ҳам, кўлами ҳам кундан кунга ўзгариб бораётгани, мудофаа ва хавфсизлик соҳаси олдига катта вазифалар қўйилаётганини инобатга олиб, давлат раҳбари саккиз йил олдин қабул қилинган Мудофаа доктринаси ҳамда 1997 йилда қабул қилинган Миллий хавфсизлик концепциясини қайта кўриб чиқиш вақти келганини кўрсатиб ўтди.
Янги Мудофаа доктринаси мамлакатимизни ҳеч қайси ҳарбий блогга қўшилмаслик мақомини сақлаб қолишини, кўп томонлама дипломатияга таянишда давом этишини, юқори технологияларга асосланган стратегия, ҳарбий мустақиллик ва минтақавий барқарорлик йўналишида ривожланишини таъминлаши лозимлиги таъкидланди.
«Умуман, янги доктрина армияни технологик янгилаш ва илғор ҳарбий ечимларни жорий этиш учун асос бўлиб хизмат қилиши керак», - деди Президент.
Давлат раҳбари йиғилиш якунида Қуролли Кучларнинг жасур аскар ва сержантлари, офицер ва генераллари, фахрийлари, уларнинг оила аъзолари ва яқинларини Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 34 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни билан самимий табриклади.
«Сизларнинг жасоратингиз, қасамёдга садоқатингиз, эл-юрт ҳимояси йўлидаги фидойилигингиз билан бутун халқимиз фахрланади. Гўзал юртимизда тинчлик-осойишталик ва ҳамжиҳатлик доимо ҳукм сурсин, жонажон Ватанимиз янада мустаҳкам ва барқарор бўлсин!» – деди давлат раҳбари.
Жамият
Сиёсат
Сиёсат
Жамият
Жаҳон
Сиёсат
77524
Жамият
56602
Жамият
55801
Жамият
50869
Жамият
//
Изоҳ йўқ