«Сифатли давлат бошқаруви» дастури ғолиблари эълон қилинди

Сақлаш
12:02 / 22.05.2026 9 0

«Сифатли давлат бошқаруви» дастурининг танлов натижаларига кўра, Адлия вазирлиги «Ўзбекистон – 2030» стратегиясини амалга ошириш бўйича энг намунали вазирлик номинациясида ғолиб деб топилди



Вазирлик қисқа вақт ичида замонавий, очиқ ва рақамли адлия институтига айланди. Бугунги кунда вазирлик 30 та платформа орқали 380 та тўлиқ рақамлаштирилган хизматларни кўрсатмоқда. 780 дан ортиқ хизматдан онлайн фойдаланиш мумкин. 208 та давлат хизматлари марказидан иборат тармоқ бутун мамлакат бўйлаб ягона стандартни таъминламоқда. 



Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ресурсларни бошқариш бўйича энг намунали вазирлик сифатида эътироф этилди. 



Мазкур идора масъулиятли, шаффоф ва тежамкор хўжалик юритишнинг ёрқин намунасига айланди. Ажратилган ҳар бир сўм янги конларни қидириб топиш ва соҳани ривожлантиришга сарфланди. Геология-қидирув ишларида сув сарфи 20 фоизга қисқартирилди. Бюджет режалари 2028 йилга қадар олдиндан тузиб чиқилган. Асосий кончилик ускуналарини маҳаллийлаштириш даражаси 84 фоизга етказилди.

 

Давлат хизматларини кўрсатишдаги ижобий натижалари учун Ички ишлар вазирлиги энг намунали деб тан олинди. 

 

Бугунги кунда вазирлик 60 га яқин хизмат турини кўрсатаётган бўлса, уларнинг 95 фоизи тўлиқ рақамли шаклда тақдим этилаётгани диққатга сазовор. Илгари тарқоқ бўлган 72 та маълумотлар базаси ягона «Хавфсиз шаҳар» тизимига бирлаштирилиб, унга 14 та бошқарув маркази ва 20 дан зиёд вазирлик уланган. Ўтган йили 148 мингдан ортиқ маъмурий иш масофавий тарзда кўриб чиқилди ва одамларнинг идорама-идора сарсон бўлишига йўл қўйилмади. Вазирлик замонавий давлат хизматларини инсон учун яратилган қулайлик билан ўлчанишини амалда кўрсатмоқда.

 

Шунингдек, танлов доирасида Тоғ-кон ва геология вазирлиги бошқарма бошлиғи Мақсуд Болибеков энг намунали раҳбар ходим; Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги бўлим бошлиғи Фазлиддин Мўминов энг намунали маъмурий ходим; «Ўзатом» агентлиги бош мутахассиси Шохмирзо Умаров энг намунали мутахассис ходим; Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири маслаҳатчиси Умматой Йўлдошева энг намунали аёл ходим; Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги лойиҳа офиси раҳбари Акбархон Собирхонов энг намунали истеъдодли ёш ходим; Адлия вазирлиги бўлим бошлиғи Мирсаид Рахматов инсон ресурслари бўйича энг намунали ходим сифатида ғолиб бўлди. 

 

Президентимиз барча ғолибларнинг лавозимларини бир поғона кўтариб, раҳбар кадрлар захирасига киритишни таклиф қилди. Уларнинг теран фикрлаши, ўз устида доимий ишлаши, меҳнат фаолиятига инновацион ёндашувларни жорий қилиши бошқалар учун ўрнак экани таъкидланди. 

 

«Бугунги тадбирда яхши натижа кўрсатганларни эътироф этяпмиз. Бироқ келгуси сафардан бошлаб рўйхатнинг охирида қолган давлат идоралари номини ҳам очиқ айтамиз. 

 

Фаолиятида жиддий камчиликлар кўзга ташланаётган, самарадорлик ва хизмат сифати бўйича оқсаётган ташкилотлар бундан ўзига жиддий хулоса чиқариши керак», деди Президент.

 

Давлат раҳбари «Сифатли давлат бошқаруви» дастури ҳар икки йилда ўтказилиб, келгуси босқичдан унда маҳаллий ҳокимликлар ҳам иштирок этишини маълум қилди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//