Ўзбекистон ва БАА умуммиллий китобхонлик ҳаракатини биргаликда йўлга қўйишни режалаштирмоқда

Сақлаш
14:56 / 22.05.2026 10 0

Ўзбекистон Республикаси Президенти 22-май куни Бирлашган Араб Амирликлари Ҳукумат ишлари бўйича вазири Муҳаммад бин Абдуллоҳ ал-Гаргавий бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

 

Учрашув аввалида вазир Шавкат Мирзиёевга БАА Президенти Шайх Муҳаммад Ол Наҳаён, мамлакат Бош вазири, Вице-президенти ва Дубай Амири Шайх Муҳаммад Ол Мактум ҳамда Вице-президент Шайх Мансур Ол Наҳаённинг самимий саломи ва эзгу тилакларини етказди.

 

Икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни, аввало, давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш ва ушбу соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар натижадорлигини таъминлаш борасидаги ишларни янада кенгайтиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.



Хабарга кўра, учрашувда Ўзбекистон – БАА дўстлик ва стратегик шериклик муносабатлари жадал ривожланиб, устувор йўналишларда амалий ҳамкорлик мустаҳкамланаётгани катта мамнуният билан қайд этилди.

 


Жумладан, давлат хизмати механизмларини такомиллаштиришнинг 10 та асосий йўналиши бўйича ҳамкорликни назарда тутувчи қўшма «йўл харитаси» изчил амалга оширилмоқда. БААнинг бюрократияни қисқартириш соҳасидаги илғор тажрибаси жорий этилмоқда. Тегишли дастур доирасида лойиҳа офиси ишга туширилди.



Ҳозирга қадар қамрови бир миллиондан ошган «Беш миллион сунъий интеллект етакчилари» таълим дастурини амалга ошириш натижалари ҳам эътироф этилди.



Бугун «Давлат органлари фаолияти самарадорлигини баҳолаш» лойиҳаси ғолибларини тақдирлаш маросими ҳам бўлиб ўтди. Мазкур ташаббус қамровини, хусусан, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари вакилларини жалб қилиш ҳисобига янада кенгайтиришдан манфаатдорлик билдирилди.



Учрашувда, шунингдек, умуммиллий китобхонлик ҳаракатини биргаликда йўлга қўйиш режалари кўриб чиқилди.



Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва камол топтиришга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш, қўшма тараққиёт форумларини ўтказиш ҳамда Ўзбекистон ривожига хизмат қилувчи стратегик ва концептуал ҳужжатларни тайёрлашни илгари суриш бўйича келишувга эришилди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//