«Сўнгги қўнғироқ» тадбирлари қандай ташкил этилиши айтилди

Сақлаш
11:03 / 22.05.2026 9 0

Жорий йилги «Сўнгги қўнғироқ» тадбирлари 2026 йил 25 май куни соат 8:00 дан 9:00 га қадар «Юксак маърифатли авлод — Учинчи Ренессанс пойдевори!» шиори остида ташкил этилади. 



Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг маълум қилишича, ушбу тадбирларни ўтказиш бўйича тайёрланган тегишли тавсия ва намунавий сценарийлар юртимиздаги барча умумий ўрта таълим мактабларига етказилган.



Уларга кўра, «Сўнгги қўнғироқ» тадбирларида намунали хулқи ва аъло баҳолари билан ўрнак кўрсатган иқтидорли ўқувчилар рағбатлантирилади ҳамда ўқувчиларнинг ота-оналарига «Энг фаол ота», «Жонкуяр она», «Масъулиятли ота-она» номинациялар бўйича «Миннатдорчилик хат»лари топширилади.



Мазкур тадбирлар белгиланган тартиб ва хавфсизлик қоидаларига риоя қилинган ҳолда ўтказилиши учун тегишли вазирлик ва ташкилотлар, жойлардаги маҳалла фуқаролар йиғинлари ва ота-оналар билан ҳамкорлик ишлари йўлга қўйилган.



Шу билан бирга, жорий йил 25–30 май кунлари барча ҳудудларда «Хайр боғча- салом мактаб!» шиори остида мактабгача таълим ташкилотлари битирувчилари учун боғчаларда тантанали байрам тадбирлари ўтказилади.



Маълумот учун, «Сўнгги қўнғироқ» тадбирларини ташкил этишда ўқувчилар ҳамда уларнинг ота-оналаридан турли хил пул маблағларини йиғиш, мактаб раҳбарияти ёки педагогларга битирувчилар томонидан қимматбаҳо совғалар тақдим этиш, хонадон ёки бошқа масканларда қўшимча турли тантанали тадбирларни ўтказиш ва ўқувчилар иштирокида автомашиналарда сайр ташкил этиш қатъиян тақиқланади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//