Аёлини молхонада сақлаган эркак 13 йилга қамалди

Сақлаш
12:38 / 12.01.2026 8 0

Хабарингиз бор, ўтган йилнинг сентябрь ойида ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилояти Узун туманида аёл ва унинг янги туғилган фарзандига нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ўтказилганлиги тўғрисида хабарлар тарқалган эди.

 

Маълум бўлишича, 2025 йилнинг 26 август куни Сурхондарё вилояти Узун туманидаги маҳаллаларнинг бирида номаълум аёл киши антисанитария ҳолатида хонадон эгалари томонидан молхонада мажбурий ушлаб турилганлиги ҳақида келиб тушган хабарга асосан, маҳалла профилактика инспектори зудлик билан воқеа жойига етиб борган.

 

Якунда хонадон эгаси (1981 йилда туғилган) фуқаро Ш.А.нинг норасмий турмуш ўртоғи (1997 йилда туғилган) фуқаро Х.Г. ва унинг 5 ойлик ўғил фарзанди оғир шароитда мажбурлаб сақланиб келаётганлигини аниқланган. Жабрланувчилар зудлик билан тиббиёт муассасасига жойлаштирилган.

 

Мазкур ҳолатга оид жиноят иши Жиноят ишлари бўйича Узун туман судида кўриб чиқилди.

 

Хабарга кўра, суд ҳукми билан А. Ш. (эркак, 1981 йилда Сурхондарё вилоятида туғилган) Жиноят кодексининг 126-1, 127, 25,135 ва 138-моддаларида, М. Ш. (аёл, 1975 йилда Сурхондарё вилоятида туғилган), К. Ш. (аёл, 1978 йилда Сурхондарё вилоятида туғилган) ва З. А. (аёл, 1951 йилда Сурхондарё вилоятида туғилган) 104, 127, 25,135 ва 138-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилган.

 

Суднинг ҳукми билан А. Ш.га 13 йил, М. Ш. ва К. Ш.га 9 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси, З. А.га 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

 

«Биринчи инстанция судининг ҳукми устидан тарафлар қонунда белгиланган тартиб ва муддатда Сурхондарё вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига апелляция/кассация тартибида шикоят бериш ва протест келтиришга ҳақлилиги маълум қилинади», дейилади хабарда.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//