«Санкциялар сиёсати, протекционизмнинг кучайиши ва бошқа кўплаб омиллар мамлакатларимизга ҳаддан ташқари салбий таъсир кўрсатмоқда» — Шавкат Мирзиёев

Сақлаш
19:55 / 17.09.2024 57 0

Ўзбекистон Президенти Остона шаҳрида бошланган «Марказий Осиё – Германия» иккинчи саммитида иштирок этмоқда. Президент матбуот хизмати давлат раҳбарининг ундаги нутқи матнини эълон қилди.

 

Шавкат Мирзиёев аввало самимий қабул ва учрашувимизни юксак даражада ташкил этгани учун Қозоғистон Республикаси Президентига миннатдорчилик билдирган ва Германия Федерал Канцлерининг минтақа мамлакатлари билан кўп қиррали шерикликни кенгайтириш тарафдори экани учун ташаккур изҳор қилган.

 

Шунингдек, давлат раҳбари бундай форматдаги учрашувларни мунтазам ўтказиб боришдан томонлар манфаатдор эканини билдирган.

 

«Биз Германиянинг мамлакатларимизда олиб борилаётган демократик ўзгаришлар ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни, Марказий Осиёдаги ҳамкорлик ва интеграцияни қатъий ҳамда ўзгармас қўллаб-қувватлашини юксак қадрлаймиз», деган Президент нутқи давомида.

 

Мирзиёев глобал миқёсдаги беқарорлик, санкциялар сиёсати кабилар мамлакатларга керагидан ортиқ даражада салбий таъсир кўрсатаётганини таъкидлаган.

 

«Можаролар ва урушлар, умуман, глобал миқёсдаги беқарорлик ва вазият қайси томонга ўзгариши ноаниқ бўлиб қолаётгани, санкциялар сиёсати, протекционизмнинг кучайиши ва бошқа кўплаб омиллар мамлакатларимизга ҳаддан ташқари салбий таъсир кўрсатмоқда, миллий ислоҳотларимизни амалга оширишда жиддий синовга айланмоқда», дея кузатилаётган муаммоларни урғулаган Президент.

 

Ўзбекистон Президенти шу билан бирга Марказий Осиёда Германия билан ҳамкорликни ривожлантиришнинг асосий 6 йўналишини ҳам баён этган:

 

«Биринчи. Марказий Осиё ва Германия ўртасида ўрнатилган минтақа барқарорлиги, барқарор ривожланиши ва фаровонлигини таъминлаш бўйича умумий манфаатларимизга жавоб берадиган стратегик минтақавий ҳамкорликни юксак қадрлаймиз.

 

Устувор соҳаларда дастурий тадбирларни қамраб олган узоқ муддатли Ҳамкорликни ривожлантириш концепциясини қабул қилишни мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз.

 

Ушбу ҳужжатни ишлаб чиқиш учун «Марказий Осиё – Германия» таҳлилий марказлари Форумини таъсис этиш имкониятларини кўриб чиқишни таклиф қиламиз.

 

Унинг биринчи йиғилишини келгуси йили минтақадаги қадимий шаҳарлардан бири, немис-меннонитларининг катта жамоаси яшаган Хивада ўтказишга тайёрмиз.

 

Саммитларимиз кун тартибларини тайёрлашда мамлакатларимиз ташқи сиёсат идоралари раҳбарларининг йиллик учрашувлари муҳим роль ўйнайди, деб ҳисоблаймиз.

 

Иккинчи. Германиянинг етакчи компаниялари билан инвестицион ва технологик шериклик.

 

Таъкидлаш ўринлики, Ўзбекистонда немис компаниялари иштирокида амалга оширилган ва истиқболли лойиҳалар умумий портфели 20 миллиард евродан ошмоқда. Улар энергетика, кимё, тоғ-кон саноати, машинасозлик, тўқимачилик, озиқ-овқат саноати, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва логистика, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш йўналишларини қамраб олади.

 

Шерикларимиз орасида – Германиянинг етакчи, жумладан, «Simens», «Linde», «BASF», «MAN», «Klaas», «Xenkel», «Knauf» ва бошқа кўплаб компаниялари сўнгги бир неча йилда Ўзбекистон иқтисодиётига 6 миллиард евро сармоя киритди.

 

Бугун бизда немис бизнеси вакиллари билан истиқболли режаларни муҳокама қилиш имконияти бор.

 

Ишбилармонлар ҳамкорлигини ривожлантириш мақсадида қуйидагиларни таклиф этаман: Марказий Осиё мамлакатлари ва Германия сармоявий ва технологик ҳамкорлигини кенгайтиришнинг йўл харитасини ишлаб чиқиш; чегара ҳудудларида яратилаётган алоҳида иқтисодий ва саноат зоналаридаги ҳамда минтақавий аҳамиятга эга йирик инфратузилма лойиҳаларни амалга оширишга етакчи немис компаниялари ва банкларини жалб этиш; доимий бизнес-мулоқот майдончаси – «Марказий Осиё ва Германия» инвестор ва тадбиркорлари кенгашини ишга тушириш. Унинг биринчи учрашувини келгуси йили Тошкент инвестиция форуми доирасида Ўзбекистонда ўтказишга тайёрмиз; инвестицияларни рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш тўғрисидаги кўп томонлама ҳукуматлараро битимни қабул қилиш имкониятини кўриб чиқиш.

 

Учинчи. Германиянинг илғор билим ва технологияларини жорий этиш асосида муҳим хом-ашё ресурслари соҳасида шериклик.

 

Аввал ҳам қайд этганимиздек, минтақамиз фойдали қазилмаларга бой. Германия минерал ресурслар агентлиги ва немис компаниялари бу соҳада бизнинг муҳим шерикларимиз бўлиши мумкин.

 

Бу ўринда гап геология разведкаси, жадал ўзлаштириш, қайта ишлаш, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш, Германия ва Европа Иттифоқининг бошқа мамлакатларига етказиб бериш лойиҳалари ҳақида бормоқда.

 

Ўзбекистон қўшни мамлакатлардаги бундай лойиҳаларни биргаликда амалга оширишда иштирок этишга тайёр.

 

Минтақамизда муҳим хомашё ва нодир ер ости металлари аниқланган конларининг рақамли картасини яратиш бўйича дастурни ишлаб чиқишда Германия техник кўмагини жалб этиш истиқболлидир. Бундай ҳамкорликнинг ишончли ҳуқуқий базасини шакллантириш муҳим деб ҳисоблаймиз.

 

Тўртинчи. «Яшил» энергетика.

 

Сўнгги йилларда мамлакатларимизда қуёш, шамол, гидроэнергетика фаол ривожланмоқда, иссиқлик станциялари ва тармоқлари модернизация қилинмоқда, «яшил» водород лойиҳалари илгари сурилмоқда.

 

Энергетика вазирликлари, корпорациялар, операторлар, илмий ташкилотлар, лойиҳа институтлари ва тармоқ экспертларини жалб этган ҳолда Марказий Осиё мамлакатларининг Германия билан Энергетик мулоқотини йўлга қўйиш имкониятларини кўриб чиқишни таклиф этамиз.

 

Биз Германия техник кўмагини жалб этган ҳолда кам углеродли иқтисодиёт соҳасида мутахассисларимиз салоҳиятини ошириш комплекс дастурини тайёрлашдан манфаатдормиз.

 

Бешинчи. Иқлим ўзгаришларига биргаликда жавоб қайтариш.

 

Экспертлар прогнозига кўра, Марказий Осиё минтақаси глобал исиш оқибатларига ниҳоятда боғлиқ бўлиб қолмоқда. Ўртача ҳароратнинг ошиши жаҳондаги ўртача кўрсаткичдан икки баробар кўпроқ бўлмоқда.

 

«Яшил Марказий Осиё» дастурлари иккинчи доираси ишга туширилгани ва иқлим ўзгаришларига минтақанинг мослашувига кўмак учун немис томонига миннатдорлик билдираман.

 

Биз Атроф муҳим ва иқлим ўзгаришларини ўрганиш бўйича Марказий Осиё университети базасида қўшма таълим дастурлари ва илмий алмашувларни амалга оширишдан, сувдан оқилона фойдаланишда немис технологияларини жорий этиш, ирригация тизимларини модернизация қилиш, биохилма-хилликни сақлаш, мутахассис-экологларни тайёрлашда ҳамкорлик дастурларини қабул қилишдан манфаатдормиз.

 

Германия Канцлерининг Марказий Осиё табиат ҳамкорлигини яратиш бўйича ташаббусини амалга оширишда фаол иштирок этишга тайёрмиз ва қўллаб-қувватлаймиз.

 

Олтинчи. Транспорт коммуникацияларининг, жумладан, ер усти ва ҳаво ташувларининг заиф ривожланганлиги шериклигимизни чуқурлаштиришда энг катта тўсиқ бўлмоқда.

 

Марказий Осиёни Европа билан боғловчи муқобил транспорт йўлакларини ривожлантиришга Европа институтларини жалб этишда Германия кўмагига таянамиз.

 

Келгуси йили ушбу йўналишлар транзит салоҳиятини ошириш йўлларини излаш бўйича вазирлар қўшма конференциясини ўтказишни таклиф этамиз», дея йўналишларни санаб ўтган Президент.

 

Бундан ташқари, давлат раҳбари Германиянинг йирик шаҳарларида санъат ва кино кунларини ўтказиш имкониятларини кўриб чиқишни ҳамда музей фондлари ҳамкорлигини ўрнатишни таклиф этган.

 

«Биз мамлакатларимизда Маданий тадбирлар қўшма режаси қабул қилиниши тарафдоримиз, Германиянинг йирик шаҳарларида санъат ва кино кунлари ўтказиш имкониятларини кўриб чиқишни ва музей фондлари ҳамкорлигини ўрнатишни таклиф этамиз.

 

Илмий-маърифий алмашувлар соҳасида етакчи олийгоҳлар шериклиги учун платформани ишга тушириш, Гёте институти ва Германиянинг бошқа ташкилотлари немис тили ўқитувчиларини тайёрлаш бўйича дастурлар ишлаб чиқиш муҳим, деб ҳисоблаймиз.

 

Шу ёзда Готтинген шаҳрида ўтган Бутунжаҳон олимпиадасида ўзбекистонлик мактаб ўқувчиларининг ғалаба қозонгани ҳам ёшларимизнинг немис тилини ўрганишга бўлган юксак қизиқишига ёрқин мисолдир», деган Мирзиёев.

 

Ўзбекистон Президенти терроризм ва экстремизм, кибержиноятчиликка қарши кураш, ёшларнинг радикаллашувининг олдини олиш бўйича яқин ҳамкорликни давом эттириш муҳимлигини ҳам урғулаган.

 

Марказий Осиёдаги хавфсизлик соҳасидаги вазият Афғонистонда рўй бераётган жараёнлар билан узвий боғлиқлигини айтар экан, ўз муаммолари билан деярли якка ўзи қолган ушбу мамлакатда гуманитар инқирознинг чуқурлашиб кетишига йўл қўймаслик зарурлигини билдирган.

 

«Шу муносабат билан Германия ва Европадаги бошқа шерикларимиз билан ушбу мамлакатни минтақавий иқтисодий ҳамкорликка жалб этиш, Термиздаги таълим марказида кадрлар, жумладан, хотин-қизларни, Афғонистон тинч ҳаёти учун зарур бўлган мутахассисларни тайёрлаш йўналишларида қўшма лойиҳаларни амалга оширишга тайёрмиз.

 

Сўзимнинг ниҳоясида шуни алоҳида таъкидламоқчиман, Ўзбекистон Марказий Осиё минтақаси билан Германия кўп қиррали ҳамкорлик салоҳиятини янада тўлиқроқ рўёбга чиқаришдан манфаатдордир.

 

Ишончим комил, бугунги учрашувимиз мамлакат ва халқларимизни янада яқинлаштиришга хизмат қилади, стратегик шериклигимизни аниқ лойиҳа ва дастурлар билан тўлдиришга имкон беради», дея нутқини якунлаган Шавкат Мирзиёев.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//