Байрамлар учун берилган кетма-кет дам олиш кунлари кимларга ёқмайди?

Сақлаш
16:51 / 27.08.2024 519 0

Хабарингиз бор, бу йил Ўзбекистонда Мустақиллик байрами муносабати билан кетма-кет 4 кун дам олиш куни бўлади. Кўпчилик бу кунларда қаергадир бориш ёки қандайдир кўнгилочар юмуш билан шуғулланишни режалаштириши аниқ. Бироқ шундай тоифа инсонлар борки, улар байрам кунлари тезроқ тугашини хоҳлайди.

 

Амалиётчи юрист Саидали Мухторалиев ўз саҳифасига жойлаган постига кўра, тергов ва суд жараёнида эҳтиёт чораси сифатида вақтинчалик тергов ҳибсхоналарида сақланаётган шахслар байрам кунлари тезроқ тугашини хоҳлашар экан.

 

Бунда эътибор уларнинг айблилик ёки айбсизлигида эмас, айбсизлик презумпциясига асосан айбсиз эканлигига қаратилган.

 

Постда ёзилишича, мазкур тоифага кирувчи шахслар 5 та сабаб туфайли байрам кунлари тезроқ ўтиб кетишини исташади.

 

Булар:

▪️ байрамдан камида 3-4 кун олдин хавфсизликни таъминлаш мақсадида «этап қилиш» тўхтатилганлиги сабабли тергов ва суд жараёнлари ҳам вақтинчалик тўхтатилади;

 

▪️ байрам кунлари тергов ҳибсхоналарига «дачка» киритиш тўхтатилади, яъни озиқ-овқат ва кийим-кечак киритиш мумкин эмас;

 

▪️ қамоқда сақланаётганларнинг адвокатлар ва яқин қариндошлари билан учрашувлари байрам даврида тўхтатилади;

 

▪️ ҳудудий вақтинча сақлаш ҳибсхоналарида сақланаётган шахслар ҳам хавфсизлик нуқтаи назаридан марказий тергов ҳибсхоналарига олиб келинади. Оқибатда, ўзи тўлиб-тошиб ётган камераларда ухлаш учун ҳатто ерда ҳам жойлар етишмай қолади;

 

▪️ ҳар кунлик тоза ҳавога сайр қилиш жараёнлари ҳам ички ишлар ходимларининг байрам тадбирларига жалб қилинганлиги сабабли тўхтатилади.

 

Бундан ташқари, хабарда келтирилишича, байрам кунлари тергов ҳибсхоналарида сақланаётган шахслар тили билан айтганда, «мороз» бошланади. Бу ҳолат 4 кунлик байрамдан кейинги кучайтириш ечилгунга қадар яна 3-4 кун давом этади. Натижада, 4 кунлик байрам бу тоифа шахслар ва уларнинг яқинлари учун камида 10 кунга чўзилади.

 

Айнан юқорида келтирилган сабаблар туфайли тергов ва суд жараёнида эҳтиёт чораси сифатида вақтинчалик тергов ҳибсхоналарида сақланаётган шахслар байрам кунлари тезроқ тугашини хоҳлашади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//