Собиқ вазир Азиз Воитовга оид суд жараёни қачон ўтказилиши маълум бўлди

Сақлаш
17:00 / 16.08.2024 1296 0

Собиқ қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитовга оид жиноят иши бўйича очиқ суд жараёни қачон ўтказилиши аниқ бўлди.

 

Маълум бўлишича, 15 август куни жиноят ишлари бўйича Миробод туман судининг иш юритувида бўлган А. Воитов (Қишлоқ хўжалиги вазири лавозимида ишлаган) ва бошқаларга ҳамда жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судининг иш юритувида бўлган Х. Каримов (Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигида хизматлар кўрсатиш агентлиги директори лавозимида ишлаган) ва бошқаларга оид жиноят ишларини битта иш юритувга бирлаштириш юзасидан дастлабки эшитув якунланган.

 

Дастлабки эшитув Жиноят-процессуал кодексининг 405-6-моддаси талабига мувофиқ ёпиқ суд мажлисида ўтказилиб, унинг натижаси бўйича иккита жиноят иши битта иш юритувга бирлаштирилган.

 

Хабарга кўра, А. Воитов ва бошқаларга (жами 50 киши) оид жиноят иши бўйича очиқ суд жараёни 2024 йил 5 сентябрь куни, соат 15.00 да жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман суди биносида бўлиб ўтади.

 

Бунда мазкур жиноят иши жиноят ишлари бўйича Миробод туман суди томонидан биринчи инстанцияда кўриб чиқилади.

 

Таъкидланишича, тергов органининг айблов хулосасига кўра, судланувчилар Жиноят кодексининг 167, 168, 184, 185-2, 189, 205, 206, 28,209, 209, 211, 228 ва 243-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.

 

«29 нафар судланувчига нисбатан «қамоққа олиш», 15 нафарига «гаров« ва 6 нафарига «муносиб хулқ-атворда бўлиш ҳақидаги тилхат» тарзидаги эҳтиёт чоралари қўлланилган», дейилади хабарда.

 

Олдинроқ собиқ вазир Азиз Воитов Жиноят кодексининг бир нечта моддалари бўйича айбланаётгани ҳамда собиқ вазир ва ҳоким Музаффар Салиев 7 йилга қамалгани ҳақида хабарлар берилган эди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//