1 июндан қонунчиликда нималар ўзгаради?

Сақлаш
19:14 / 31.05.2024 1635 0

1 июнга бир кун қолди. Қонунчиликда кучга кириши кутилаётган айрим бандлар эса айнан мана шу кундан бошланади. Хўш, мазкур санадан қонунчиликда нималар кутилмоқда?

 

Фойдаланилган газ ва электр ҳақидаги маълумотлар ойма-ой юбориб турилади

Энергетика вазирлиги, «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ ҳамда «Ҳудудгазтаъминот» АЖ томонидан электр энергияси ва табиий газ бўйича ойлик маълумот энди «базавий меъёр» ва ундан ортиқ ҳажмлар кесимида истеъмолчиларга юборилади.

 

Меҳнат миграциясига кетаётган фуқароларга йўл чиптаси учун компенсация берилади

Президент Фармонига мувофиқ, 1 июндан эътиборан «Хорижда иш» меҳнат миграцияси электрон дастурий мажмуасида рўйхатдан ўтган ва ташкиллаштирилган меҳнат миграциясига кетаётган фуқароларга бир қатор компенсациялар тўланади.

 

Жумладан:

▪️ хорижий тиллар ва (ёки) касб бўйича малака имтиҳонларини топшириш билан боғлиқ харажатларини қоплаш учун, башарти улар муваффақиятли топширилганда ва сертификат олинганда — базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваригача миқдорда;

 

▪️ хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширишга «ишчи виза»ни расмийлаштириш билан боғлиқ харажатларини қоплаш учун — базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваригача миқдорда;

 

▪️ йўл чиптасини харид қилиш билан боғлиқ харажатларини қоплаш учун — базавий ҳисоблаш миқдорининг икки бараваригача миқдорда компенсация тўланади.

 

Давлат боғчаларида болалар таъминот тўлови оширилади

Ҳукумат қарори билан 2024 йил 1 июндан бошлаб давлат мактабгача таълим ташкилотларида болалар таъминоти учун ота-оналар тўлови миқдорлари кўтарилади.

 

Бунда давлат боғчаси учун ойлик тўловлар 1 июндан ўртача 18,7−21 фоизга ошади.

 

Меҳнат миграциясидан қайтган фуқароларни ишга олган тадбиркорларга субсидия тўланади

Меҳнат миграциясидан қайтган шахсларни ишга қабул қилган иш берувчиларга (бюджет ташкилотлари, давлат корхоналари, устав капиталида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар бундан мустасно) ҳар бир ишга олинган бундай ходим учун 12 ой давомида ойига 500 минг сўмдан субсидия тўланади. Субсидия маблағлари Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан ажратилади.

 

Бунда субсидия 2024 йил 1 июндан 2026 йил 1 январга қадар ишга қабул қилинган шахсларга нисбатан тўланади.

 

Меҳнат миграциясидан қайтиб келган шахс билан тузилган ва Ягона миллий меҳнат тизимида рўйхатдан ўтказилган меҳнат шартномаси субсидия тўлаш учун асос бўлиб хизмат қилади.

 

Маълумот учун, меҳнат миграциясидан қайтиб келган шахслар деб хорижда уч ва ундан ортиқ ой мобайнида меҳнат фаолияти билан шуғулланиб, яшаш манзилига қайтиб келганлигига бир йилдан кўп вақт бўлмаган шахслар тушунилади.

 

Уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож бўлган шахсларга ипотека кредитлари ажратилади

Камбағалликдан чиқариш дастурига киритилган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож бўлган шахсларга ипотека кредитларини ажратиш амалиёти жорий этилади. Бунда талабгор шахсларни «маҳалла еттилиги» тавсияси қилади.

 

Бунда:

▪️ ипотека кредитлари 120 миллион сўмгача миқдорда, 20 йилгача муддатга, Марказий банкнинг асосий ставкасидан тўрт фоиз бандга юқори ставкада якка тартибдаги уй-жойни қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш мақсадлари учун ажратилади;

 

▪️ ипотека кредити бўйича дастлабки бадалнинг бир қисмини қоплаш учун – ажратиладиган кредитнинг 15 фоизи миқдорида ҳамда фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаш учун – кредит муддатининг биринчи 5 йили давомида 12 фоиздан ошган қисмига субсидия тўланади.

 

Автомобилларга экологик стикерлар берилади

Вазирлар Маҳкамаси қарори билан 1 июндан бошлаб барча тоифалардаги автомототранспорт воситаларидан ифлослантирувчи моддалар ташламаларининг атмосфера ҳавосига зарарли таъсири бўйича йўл қўйиладиган нормативларга мослигини назорат қилиш бўйича «Экологик транспорт» тизими босқичма-босқич жорий этилади.

 

Шунингдек, диагностик текширув натижаларига асосан транспорт воситаларига қалбакилаштиришдан ҳимояланган ва электрон белгига эга стикерлар берилади. Яъни, транспорт воситалари «яшил», «сариқ» ва «қизил» ранглар билан белгиланадиган «тоза», «ўрта» ва «зарарли» экологик тоифаларга бўлинади.

 

Диагностик текширувлар ва стикерлар бериш бепул амалга оширилади.

 

Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахсларга ижтимоий хизматлар кўрсатиш такомиллаштирилади

2024 йил 1 июндан бошлаб тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган ёки жабрланиш хавфи остида бўлган хотин-қизларга ҳимоя ордери талаб этмаган ҳолда ижтимоий, психологик ва юридик хизматлар кўрсатиш тартиби жорий этилади.

 

Хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолати ички ишлар органлари навбатчилик қисмининг «102» телефон рақамларига келиб тушган мурожаатлар асосида рўйхатга олинади.

 

1 июндан тизим Жиззах, Навоий ва Хоразм вилоятларида ишга туширилади.

 

Чиқинди пулини тўламаганларнинг электр учун тўловлари вақтинча қабул қилинмайди

Апрель ойидан кучга бўлган тартиб – чиқинди хизматлари учун ойлик тўловлардан қарздорлиги бўлган абонентлар СМС орқали хабардор қилинганда ҳам фуқаро тўлов қилмаса, унинг электр учун тўловларини қабул қилиш вақтинча тўхтатилади. Мазкур амалиётнинг биринчи босқичи 1 июндан Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоят марказларида жорий этилади. Бунда шахс чиқиндидан 6 ойлик қарздор бўлса, унинг электр учун қилган тўлови қабул қилинмайди.

 

Олий маълумотли боғча тарбиячиларининг ойлиги кўтарилади

1 июндан бошлаб давлат мактабгача таълим ташкилотларининг олий маълумотли педагог ходимларининг базавий тариф ставкалари умумий ўрта таълим муассасаларининг тегишли педагог ходимлари базавий тариф ставкаларининг амалдаги миқдорларига тенглаштирилади.

 

Маълумот учун, амалдаги қонунчиликда мактабгача таълим ташкилоти ўқитувчиси, тарбиячи-методист ҳамда тарбиячи (бунда олий маълумотли тайёргарлик (5 ёшдан 6-7 ёшгача) гуруҳи тарбиячилари назарда тутилмаяпти) 1 млн 203 минг 660 сўм маош олиши белгиланган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//