
Маданият
Тарихий манбаларга қараганда, мамлуклар султони Насриддин Фараж элчилари Амир Темурга атаб олтита туяқуш ва яна бир ноёб ҳайвон ҳадя қилиб олиб келган эди. Ўша даврларда деярли барчага янгилик бўлган ушбу ҳайвон испан элчиси Клавихони ҳам ҳайратга солган ва у бу ҳақда хотираларида ҳам ёзиб қолдирган.
“Зафарнома” қўлёзмасидаги миниатюраларнинг бирида Темур саройида элчиларни қабул қилиш жараёни акс этган. Бу воқеа Кастилия қироли саройидан келган испан элчиси Клавихонинг хотираларида ҳам баён этилган.
Руи Гонсалес де Клавихонинг Амир Темур юртига — Самарқандга қилган элчилик саёҳати 1403-йилнинг 22-майида бошланиб, 15 ой деганда манзилга етиб келади. У Эрондаги Хой шаҳрига келганида совға-саломлар ортилган ўн бештача туя билан йигирмага яқин суворий қўриқчилигида йўлга чиққан мамлуклар султони Насриддин Фараж элчиларини ҳам учратади. Улар Амир Темурга атаб олтита туяқуш ва битта жирафа олиб бормоқда эди.
Клавихо ёзишича, 1404-йил июнь ойи бошларида Темур Миср султонининг элчиларини Эроннинг шимолий-ғарбидаги шаҳарда қабул қилган. Элчилар ҳукмдорга олиб келган қимматбаҳо совғаларни, жумладан ўша давр учун ноёб ҳайвон — жирафани топширади.
У Темур саройидаги маросимларни кўп маротаба ҳайрат билан тасвирлаган бўлса-да, айнан жирафа унинг эътиборини тортган. Илгари ҳеч қачон бундай жонзотни кўрмагани учун у уни атрофлича тавсифлаб, “бу жонивор ҳақиқатан ҳам ҳайратланарли” дея таъриф берган.
Клавихо ўз кундалигида жирафани қуйидагича таърифлайди: “Жирафанинг гавдаси от гавдасига тенг, бўйни жуда дароз, олдинги оёқлари кейингисига нисбатан анча узун, оёғи ҳўкизникига ўхшаш қўштуёқ эди... Узун бўйнини истаганча чўзиб, беш-олти метр баландликдан ҳам ўзига емиш топа оларди. Жирафа ўзи хуш кўрадиган баланд дарахтларнинг баргларидан озиқланади. Хуллас, биринчи бор кўрган киши учун жирафа ҳақиқатан ҳам ғаройиб ҳайвон эди”.
“Зафарнома”дан жой олган ушбу миниатюра 1436-йилда Шерозда яратилган ва ҳозир турли коллекцияларда сақланади. Икки саҳифалик композиция Амир Темурнинг набираси Иброҳим Султон учун махсус кўчирилган.
Эндиликда мазкур нодир асар Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозициясини бойитиши кутилмоқда.
Жамият
Маданият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ