Энди иситиш мавсумида баъзи оилаларга 1 млн сўмлик моддий ёрдам берилади

Сақлаш
10:05 / 12.09.2025 6 0

Ўзбекистонда иситиш мавсумида аҳолининг эҳтиёжманд қатламини қўллаб-қувватлаш мақсадида ноябрь ойида айрим оилаларга 1 млн сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам берилади. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги уни кимлар олиши мумкинлигини тушунтирди.

 

Ўзбекистонда 2025/2026-йилги иситиш мавсумида аҳолининг эҳтиёжманд қатламини қўшимча моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида ноябрь ойида айрим оилаларга бир марталик моддий ёрдам ажратилади.

 

Айтилишича, 1 миллион сўм миқдоридаги пулни “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” орқали болалар нафақаси ва моддий ёрдам олувчи, “Камбағал оилалар реестри”га киритилган ҳамда “маҳалла еттилиги” томонидан шакллантирилган қўшимча рўйхатдаги оилалар олиши мумкин.

 

Қўшимча рўйхатга қабул қилишда қуйидаги тоифага кирувчи оилалар инобатга олинади:

 

– боқувчисини йўқотган оилалар;

– I ёки II гуруҳ ногиронлиги бор шахслар мавжуд оилалар;

– ногиронлиги бўлган болани парваришлаётган оилалар;

– газ таъминоти мавжуд бўлмаган ва марказлаштирилган иситиш тизими йўқ бўлган кўп қаватли уйларда яшовчи оилалар;

– бир хонадонда 3 ва ундан ортиқ оила биргаликда яшовчи оилалар;

– узоқ муддатли даволанишни талаб этувчи оғир касалликка чалинган шахслар яшайдиган оилалар;

– ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи шахслар ҳамда ёлғиз яшовчи кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар.

 

Ушбу тоифаларга мос келган эҳтиёжманд оила вакиллари 25-сентябрга қадар “маҳалла еттилиги”га мурожаат қилиши лозим.

 

Қўшимча равишда шакллантириладиган рўйхатдаги оилалар сони реестрларга киритилган оилалар сонининг 40 фоизидан ошмаслиги лозим. Ҳокимликлар тегишли ҳудуд бўйича эҳтиёжманд оилалар сонига маҳаллалар кесимида ўзгартириш киритиши мумкин.

 

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги “Халқ банки” билан биргаликда бир марталик моддий ёрдам тўланишини таъминлайди.

 

Бундан ташқари, шу ҳужжат билан кам таъминланган оилаларга электр ва газ бўйича компенсация берилади. У электр бўйича базавий меъёрдан 150 кВт соатгача, газ бўйича базавий меъёрдан 150 куб метргача ортиқ фойдаланилган қисми учун ажратилади. Тартиб 1-майдан 2027-йил 1-апрелга қадар амал қилади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//