“Баҳористон”нинг Огаҳий таржимасидаги илк қўлёзмаси топилди – ўзбек манбашунослигида муҳим янгилик

Сақлаш
20:00 / 05.10.2022 794 0

Яқинда Хива шаҳар ички ишлар бўлими 9 та ноёб қўлёзмани Хоразм Маъмун академияси тасарруфига топширди. Тарихий китоблар орасида Саъдий Шерозийнинг “Гулистон”и ва Абдураҳмон Жомийнинг “Баҳористон”и таржимаси ҳам борлиги, айниқса, қўлёзмалар Муҳаммадризо Огаҳийнинг шахсий дастхати билан битилгани ўзбек манбашунослигида муҳим янгилик бўлди. Бу ҳақда oyina.uz порталига Халқаро огаҳийшунослар кенгаши илмий котиби, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Ҳилола Назирова маълум қилди.

 

– Янги топилган 9 қўлёзмадан бири “Гулистон”нинг туркий таржимаси ва Огаҳийнинг дастхати экани тўғрисида олимлар Комилжон Худойберганов, Абдулла Ўрозбоев хулоса берган, аммо сўнгги варағини синчиклаб қараганимизда “Гулистон”нинг якунига ўхшамасди. Устига устак, китоб 220 саҳифадан ошиқроқлиги ҳам жилдда иккита асар бўлиши мумкин, деган тахминни кучайтирди. 

 

Огаҳийнинг таржима китоблари рўйхатида “Гулистон”дан кейин “Баҳористон” келтирилган, лекин ҳалигача бирорта нусхаси топилмаган эди. Бу асарнинг Шоислом Шомуҳаммедов томонидан ҳозирги ўзбек адабий тилига ўгирилган вариантини қўлёзманинг сўнгги варағи билан солиштирдик. 

 

Икки таржимани бир асрлик катта давр ажратиб турса-да, матннинг бир-бирига жуда ўхшашлиги чиндан ҳам ҳайратланарли эди. Абдураҳмон Жомий қаламига мансуб “Баҳористон” асаридан Муҳаммадризо Огоҳий амалга оширган туркий таржиманинг ҳозирча дунёда ягона нусхаси шу тариқа кашф этилди. 

 

Яна бир қийматли тарафи, мазкур қўлёзма нафақат дастхат, балки қоралама нусха ҳамдир. Яъни тўлдириш ва ўчиришлар билан кўчирилган. Бу эса адибнинг ижодий лабораториясини ич-ичидан ўрганиш, таржимонлик маҳорати ва сўз қўллаш усулларини аниқ мисоллар асосида тадқиқ этишга бой материал беради, – дейди тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Ҳилола Назирова.

 

Тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Ҳилола Назированинг мазкур ноёб қўлёзма ҳақидаги тўлиқ мақоласини ушбу ҳавола орқали ўқишингиз мумкин.

 

Эслатиб ўтамиз, “Шажарайи турк” асарининг Гурлан нусхаси топилгани ҳақида ҳам Oyina.uz портали хабар берганди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//