АҚШ сенатори МО мамлакатлари учун Жексон-Веник тузатишини бекор қилишни таклиф этди

Сақлаш
17:57 / 06.11.2025 7 0

АҚШ Марказий Осиё давлатларига мустақиллик ва ўз келажагини ўзи белгилаш имкониятини сақлаб қолишда ёрдам беришга интилади. Бу ҳақда 5 ноябрь куни C5+1 (Марказий Осиё + АҚШ) дипломатик платформасининг ўн йиллигига бағишланган тадбирда республикачи сенатор, АҚШ Сенатининг Халқаро ишлар бўйича қўмитаси раиси Жеймс Риш маълум қилди.

 

Унинг сўзларига кўра, Марказий Осиё давлатлари «мураккаб геосиёсий қуршовда қолган».

 

«Бугун бу ерга йиғилган етакчилар мураккаб геосиёсий муҳитда жойлашган давлатлар вакилларидир. Биз буни тушунамиз. Сизлар қудратли мамлакатлар ўртасида қолган буюк миллатларсиз. Бугунги учрашув ҳамкорлигимизни мустаҳкамлаш ва мамлакатларингиз ўз тақдирини ўзи белгилашини таъминлаш учун имкониятдир», – деди у.

 

Ришнинг таъкидлашича, АҚШ Россия ва Хитой таъсирига муқобил вариантни таклиф қилишга тайёр.

 

Сенатор Конгрессга АҚШнинг C5+1 форматидаги ҳамкорлар билан иқтисодий ҳамкорлигидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган қонун лойиҳаси киритилганини маълум қилди.

 

«Ушбу йўналишни қўллаб-қувватлаш мақсадида мен сенатор Дейнс ва ҳамкасбларим билан биргаликда шу ҳафта C5+1 форматидаги ҳамкорларимиз билан иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш йўлидаги эскирган тўсиқларни бартараф этишга қаратилган қонун лойиҳасини тақдим этдим. Гап Жексон-Веник тузатиши чекловларини бекор қилиш ҳақида кетмоқда» дейди у.

 

У ташаббус C5+1 платформасининг ўн йиллигида тақдим этилгани ва «мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликнинг янги, жадал даврини» очишга қаратилгани, рамзий маънога эга эканини таъкидлади.

 

C5+1 платформаси АҚШ ва Марказий Осиёнинг беш давлати – Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистонни бирлаштиради. У 2015 йилда сиёсий, иқтисодий ва минтақавий ҳамкорлик формати сифатида ташкил этилган. Навбатдаги саммит 6 ноябрь куни Вашингтонда бўлиб ўтади.

 

Жексон-Веник тузатиши – 1974 йилда АҚШ Савдо тўғрисидаги қонунига киритилган тузатишлар бўлиб, улар эмиграцияга (кўчиш) тўсиқ қўювчи ва бошқа инсон ҳуқуқларини бузувчи давлатлар билан савдони чегаралашни кўзда тутади. Ҳужжат уни таклиф қилган конгрессменлар Генри Жексон ва Чарлз Веник шарафига номланган. АҚШ Давлат котиби Марко Рубио Марказий Осиё мамлакатлари, жумладан, Ўзбекистонга нисбатан киритилган ушбу тузатишни «эскилик сарқити» деб атаганди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//